ЭЛ-ЮРТГА МАЪНАВИЯТ УЛАШИБ...
Мен бир қанча йиллар туман ёшлар ташкилоти раҳбари бўлдим ва таълим соҳасида ҳам кўп йиллар давомида ёшлар билан ишлашганман. Қаерда, қандай вазифада ишласам ҳам асосий фаолиятимда китоб муҳим ўрин тутган. Чунки китоб инсонни комиллик сари элтувчи, маънавиятимизни юксалтирувчи ягона воситадир. У билимлар булоғи саналади.
Мен ҳозир нафақадаман. Лекин шаҳримиздаги китоб дўконига тез-тез бориб, янги китоблар билан танишиб, ўзимга керакли китобларни ҳамиша шу ердан олиб, ўқиб тураман. Дастлаб бу даргоҳда Озодбой Давлатов сидқидилдан хизмат қилган. Ҳозирги кунда эса Озодбойнинг ўғли Рустамбек Давлатов ана шу даргоҳга раҳбарлик қилмоқда. Рустамбек ўзи ёш бўлишига қарамай, турмуш ўртоғи Нафиса Холмуродова, шунингдек опалари Раъно, Райҳон, Равшаной Давлатоваларни иш билан таъминлаб, яхши иш шароити яратиб берган. Улар дўконга келган ҳар бир харидорни очиқ кўнгиллик билан кутиб оладилар, харидорларга керак бўлган китобларни топиб бериб, уларни хурсанд қилиб юборадилар. Дўкон харидорларнинг талабларини тўлақонли қондира олади. Улар учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, савдо нақд пулга, пластик карточкаларга ва пул ўтказиш йўли билан ҳам амалга оширилади.
Бу ерда барча соҳаларга оид китоблар, ҳаттоки юртимизда чоп этилаётган газета-журналларгача топилади.
Хусусан, Абу Али Ибн Синонинг "Тиб қонунлари” китоби, "Дард борки – шифо бор” рисоласи, шунингдек халқ табобатига оид нашрлар ҳам мавжудки, буларнинг барчаси ҳар бир харидорга манзур.
Яна шуни ҳам айтиш керакки, бу ерда буюк давлат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг барча китоблари мавжуд.
Дўконда юқоридаги айтиб ўтилган афзалликлардан ташқари, ўқувчилар учун керак бўлган барча ўқув қуроллари ҳам топилади.
Худойберди Тўхтабоевнинг "Сариқ девни миниб”, "Мунгли кўзлар”, "Олтин бош”, Саид Аҳмаднинг "Уфқ”, "Қисмат”, "Дунё” каби асарлари алоҳида эътиборни тортади.
Доно халқимиз китобдан яқинроқ дўст йўқ, деб бежиз айтмаган. Ҳатто китоб ва китобхонлик ҳақида кўплаб ривоятлар яратилган. Ибрат маъносида қуйидаги ривоятни келтириб ўтсам: Бир ота донишманддан: "фарзандимнинг қувончи учун нима қилишим керак”, деб сўрабди. Шунда донишманд: "тулпор миндирсангиз, бир ой қувонади, агар қанд берсангиз, бир кун қувонади, ўйинчоқ берсангиз, бир ҳафта қувониб юради. Агар фарзандим умр бўйи қувонсин, десангиз бир қўлига нон, бир қўлига китоб беринг. Шунда фарзандингиз бир умрга бахтли бўлади”, деган экан.
Халқимиз азалдан китобни севиб, қадрлаб келади. Китоб дўкони ходимлари, хусусан, Озодбой Давлатов ва унинг ўғли Рустамбек Давлатов ҳам китобнинг нақадар қадрли эканлигини билганидан, унинг нечоғлиқ инсонларга фойдали эканлигини англаганидан мана шу эзгу ишга қўл урган.
Китоб дўкони бугунги кунда айниқса, ёшлар билан гавжум. Чунки юқорида айтганимиздай, агар харидор ўзи излаётган китобни дўкондан топа олмаса, дарҳол дўкон ходимлари харидорнинг талабларини ўрганиб, қисқа вақт ичида харидор излаётган китобни топиб беришга интилишади.
Халқимизга маънавият ва маърифат улашаётган Озодбой Давлатов ва унинг фарзандларига:
- Эл-юртга манзур эзгу ишларингиз ҳар бир қалбни нурафшон айласин! – деймиз.
И.ИСМОИЛОВ,
меҳнат фахрийси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶