КЕЧИРИМЛИЛИК ВА ИНСОНПАРВАРЛИК ТАМОЙИЛИ
Барчамизга маълумки, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг барча соҳалардаги каби суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар, ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар замирида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадлари мужассамдир.
Энг муҳими, халқимиз менталитетига хос бўлган бағрикенглик, кечиримлилик каби инсонпарварлик тамойиллари миллий қонунчилигимиз нормалари билан уйғунлаштирилган. Пировардида билиб-билмай жиноят содир этган, қонунни бузган шахсларга нисбатан кечиримли бўлиш, уларни тўғри йўлга солиш инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим мезонига айланди. Зеро, юртимизда узлуксиз амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари моҳиятида инсонни жазолаш эмас, балки жиноят йўлига кирган шахснинг ҳар қандай қилмиши учун жазонинг муқаррарлигини англаб етишига эришишдек зарур ғоя мавжуд.
Юртимизда олиб борилаётган қонунчилик ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги туб ислоҳотлар туфайли жиноий жазолар либераллаштирилмоқда, ярашув институти жорий этилди, ўлим жазоси бекор қилиниб, ҳар йили амнистия акти билан минглаб фуқаролар жазодан ва жавобгарликдан озод этилмоқда ва кўплари судланганлик тамғасидан асраб қолинмоқда.
Судлар томонидан амнистия актини қўллаш масаласига алоҳида эътибор берилиб келинаётганлигини таъкидлаш лозим.
Хусусан, Олий суд Пленумининг 2006 йил 22 декабрь куни "Судлар томонидан амнистия актларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Пленум қарорида амнистия актини қўллашда суриштирув, тергов органлари ва судлар учун аҳамиятли бўлган қатор масалалар бўйича тушунтиришлар берилган.
2008 йилдан бошлаб амнистия актини қўллаш ваколати судларга ўтказилгандан сўнг, амнистия актларини қўллашнинг процессуал механизми ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал Кодекси ишни судга қадар юритиш босқичида амнистия актини қўллаш масаласига бағишланган янги боб билан тўлдирилди.
Лекин айрим судлар амнистия акти талабларини тўғри қўллаб, қонунийликни таъминлашга ўзларининг ҳиссаларини қўшишган бўлсаларда, 34 та ҳолатда амнистия актини қўллашда қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Бу борада амнистия актининг судлар томонидан қўлланилишида айрим жиноятларни содир этган шахсларга татбиқ этилмайдиган бандлари ҳам мавжудлигини унутмаслик керак.
Хусусан, мазкур амнистия актининг амал қилиши қарор эълон қилингунга қадар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-, 168-моддаларида кўрсатилган жиноятни содир қилиш натижасида етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга нисбатан татбиқ этилмаслиги, шунингдек, таъқиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, асосий жазодан озод қилинган маҳкумлар қўшимча жазолардан озод қилинмаслиги кўрсатилган.
Ушбу қарорнинг қўлланилиши хақидаги Низом тегишли органларнинг илтимосномаси судларда кўриб чиқилиб, қонуний ва ҳаққоний қарорлар қабул қилинишига хизмат қилади.
Х.АСАНОВ, ҚР жиноят ишлари бўйича Олий суди раисининг ўринбосари.
Н.СОБИРОВ, туман Прокурори ёрдамчиси.
(Фото - http://xushnudbek.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶