ЁШЛАР БИЗДАН ИБРАТ ОЛИБ УЛҒАЙСИН!
Жорий йилнинг 9 февралида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ички ишлар органлари фаолияти тизимида мавжуд бўлган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёш авлод тарбиясини кучайтириш учун барча имкониятларни ишга солиш, таълим муассасаларида ўқувчилар давоматини яхшилашга эътиборни кучайтириш зарурлиги таъкидланган эди.
Ёшлар тарбияси учун барчамиз масъулмиз. Биринчи навбатда фарзанд оилада тарбия топади. Шу боисдан ҳам ота-она бола тарбиясига жиддий эътибор бериши лозим. Фарзандларга оилада яхши тарбия берилса, уларга барча шароитлар яратилиб, бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига эътибор кучайтирилса, айни муддао бўлади.
Агар болаларга шундай имкониятлар яратиб берилмаса, улар зерикарли ҳаётларидан безор бўлиб, турли иллатларга илакишиб кетишлари мумкин.
Минг афсуски, айрим оилаларда ота-она фарзандларига намуна ёки ибрат бўла олишмаяпти. Улар фарзандлари кўз ўнгида спиртли ичимликлар ичишиб, жанжал ва тўполон кўтаришгача боришади. Халқимизда: "Қуш уясида кўрганини қилади”, деган ҳикматли ибора бор. Ота-онанинг бир-бировларига беҳаёларча муносабатларини кўрган фарзанднинг яхши инсон бўлиб етишиши қийин, албатта. Бола аввал оилада, кейин таълим муассасасида яхши тарбия олиши лозим.
Ёшлар тарбиясини яхши йўлга қўйиш мақсадида оила – мактаб – маҳалла ҳамкорлигини яхшилаш лозим, деб ҳисоблайман. Чунки таълим-тарбия ишлари шундай ташкил этилган жойлардаги ёшлар психологияси таълим ва тарбия ўлда-жўлда бўлган жойлардагига қараганда тубдан фарқ қилади.
Шундай экан, азиз юртдошлар, ёшлар тарбиясига барча жойда – оилада ҳам, таълим муассасаларида ҳам, маҳаллаларимизда ҳам жиддий эътибор берайлик.
Бахтиёр РАЖАБОВ,
спорт таълими фахрийси.
(Фото: ЎзА)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶