ҲАЯЖОНЛИ ДАМЛАР ЯҚИН
Бизнинг "Юқори қишлоқ” маҳалламизда фаолият кўрсатаётган 81-сонли бошланғич мактаб биноси 1990 йилда қуриб, фойдаланишга топширилган.
Кейинги йилларда аҳоли сонининг ўсиб бораётганлиги муносабати билан мактабимизда ўқув хоналарининг етишмаслигидан анча қийналаётган эдик. Албатта, бу ўқувчиларнинг замонавий илм-фан асосларини талаб даражасида ўзлаштиришларига салбий таъсир кўрсатиб келаётган эди.
Шу боисдан ҳам жорий йилда 60 ўқувчи ўринга мўлжалланган қўшимча синфхоналар қурилаяпти. Қурилишга 283,5 миллион сўм пул ажратилган эди. Янги синфхоналарнинг қурилиш ишларини "Темир-Бетон” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари олиб боришаяпти. Уларнинг ёзнинг ҳар бир кунидан фойдаланиб, ишни юқори суръатларда олиб борганликлари туфайли қўшимча синфхоналар фойдаланишга тайёр ҳолга келишига оз қолди.
Мана ёзги таътил ҳам охирлаб, мактаблар ўқувчиларни янги ўқув йилига чорлайдиган дамларга ҳам оз фурсатлар қолаяпти.
Маҳалламизнинг илмга чанқоқ фарзандлари мактабимиз қўшимча синф хоналарининг қурилишини қизиқиб, қувониб кузатиб боришаяпти. Ўйлайманки, қўшимча бинонинг ишга тушиши ёзги таътилда мириқиб ҳордиқ чиқариб, янги ўқув йилига пухта тайёргарликлар кўрган ўқувчиларимиз учун қувончли воқеа бўлади.
Мен 1989 йилда шу мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб, меҳнат фаолиятимни бошлаган эдим. 1998 йилдан буён директор лавозимида ишлаб келаяпман. Узоқ йиллик меҳнат фаолиятим давомида яратилган шароитлар, эътибор болалар таълим-тарбияси сифатини оширишда муҳим омил бўлишини ўз тажрибамда англаганман. Шу маънода олиб қарайдиган бўлсак, ўқитиш учун имкониятларимиз кенгайгани биз ўқитувчилар жамоасини янада самарали меҳнат қилишга ундайди.
Мана барча ўқувчилар, ўқитувчилар орзиқиб кутган Мустақиллигимиз байрами ва янги ўқув йили яқинлашмоқда. Шу муносабат билан барча касбдошларимни қизғин табриклайман, масъулиятли ишларида муваффақиятлар тилайман.
Бозоргул МАТҚУРБОНОВА,
81-сонли бошланғич мактаб директори.
(Фото - http://uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶