МАМЛАКАТИМИЗДА БАЛИҚЧИЛИК КЛАСТЕPЛАPИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ
Халқимизни хавфсиз, экологик тоза ва тўйимли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилаш, балиқчиликни даромадли соҳага айлантириш, тармоқни жадал ривожлантиришга замонавий ва инновацион услубларни жорий этиш мақсадида 2018 йил 6 ноябрь куни Президентимизнинг “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Мазкур Қарор соҳани янада ривожлантириш бўйича муҳим ҳужжат бўлди.
Қарорга мувофиқ эндиликда балиқчилик хўжаликлари босқичма-босқич интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослаштирилади.
Тўлиқ тизимли инкубация цехи, чавоқ ва товар балиқ етиштириш, юқори оқсилга бой балиқ еми, қайта ишлаш ва сақлашни ўз ичига олган ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган балиқчилик кластерларини ташкил этган тадбиркорлик субъектлари, агар йиллик балиқ етиштириш қувватини камида 50 тоннага етказса, улар 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, дастлабки уч йилда барча солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилади.
Шунингдек, 2021 йил 1 ноябрга қадар бўлган муддатда наслли она балиқ, балиқ увилдириғи, республикада ишлаб чиқарилмайдиган инкубация, лаборатория, интенсив усулда балиқ етиштириш, балиқ овлаш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, музлатиш ва сақлаш учун зарур бўладиган асбоб-ускуна, анжом, механизмларни ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, муқобил энергия таъминоти ускуналари ва тирик балиқ ташувчи транспорт воситалари четдан келтирилганда божхона тўловларидан озод этилади.
Қарорга мувофиқ балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжи учун тадбиркор томонидан четдан келтириладиган омухта ем, минерал ўғитларга ҳам шу тартиб қўлланилади.
Янгидан ташкил этиладиган сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштириш бўйича лойиҳаларга ер участкалари фақатгина интенсив усул ва ресурс тежамкор технологиялар қўлланганда, сув билан кафолатли таъминлаш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатига салбий таъсири йўқлиги бўйича Ўзбекистон Pеспубликаси Сув хўжалиги вазирлигининг хулосаси асосида ажратилади.
Бир сўз билан айтганда, шу йил 6 ноябрда қабул қилинган “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори соҳанинг тезкор ривожланишини таъминлайдиган муҳим асосдир.
Абдуқодир ТИЛОВМУPОДОВ, Туркманистон ММТП раиси,
Халқ депутатлар туман Кенгаши депутати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶