36-сонли мактабда профилактик тадбир ўтказилди
Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш энг муҳим масалалардан бирига айланган. Чунки, ёшлар Ватан келажаги ва эртанги кун эгаларидир. Шу сабабдан ҳам, Ўзбекистон ёшлари ўртасида турли хил иллатларнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида ҳукуматимиз томонидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда ҳар пайшанба - профилактика куни деб эълон қилиниши муносабати билан таълим муассасаларида ҳам учрашувлар ўтказилиб, уларда прокуратура ва ички ишлар органлари ходимлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ёшлар Иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари иштирок этмоқда.
21 ноябрь куни “Пайшанба – Ҳуқуқбузарлик профилактикаси” куни муносабати билан туманимиздаги 36-сонли умумтаълим мактабида вояга етмаган ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни ғоявий ва оммавий маданият таъсирига тушиб қолишидан сақлаш мақсадида профилактик тадбир ўтказилди.
Айтиш керакки, ҳозирги кунда 36-сонли умумтаълим мактабида 838 нафар ўқувчи-ёшларга 76 нафар педагог ходимлар таълим-тарбия бериб келмоқда.
Мактаб ўқувчилари фанлар олимпиадаси, билимлар беллашувининг туман ва республика босқичларида фаол қатнашиб келиишади.
Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида мактабда турли кўрик-танловлар, спорт мусобақалари ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда ва “5 та ташаббус” лойиҳаси доирасида тўгараклар ташкил этилган.
Тадбирда ёшлар билан ишлаш бўйича профилактика инспектори Чингиз Сейтназаров, 36-сонли умумтаълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Баҳром Хўжамуратов, ёшлар иттифоқи етакчиси Нигора Бозорбоева, мактаб психологи Маҳфуза Муратбоева, “Чордара” маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси Боғдагул Pизаева ҳамда 186 нафар ўқувчи-ёшлар иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар жиноятчиликка қарши курашиш барча даврларда ҳам давлатнинг жиддий ва муҳим масаласи ҳисобланиб келинганлиги, инсон тинч ва хотиржам яшашни ҳоҳлаши ва тинчлик бўлган жойда барака ва ривожланиш бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Аксарият жиноятчиларнинг шахси, дастлаб тарбиясизлик оқибатида шаклланиши, тарбияси оғир ўсмир – ахлоқан тузатиш ва қайта тарбиялашга муҳтож бўлиши, уни ахлоқан тузатиш ва тарбиялаш жиноятчига айланишининг олдини олиш, шунингдек, жамият билан нормал алоқаларини тиклаш, унда фаол ҳаётий позицияни шакллантириш зарурлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.
Учрашувда ўқувчилар билан савол-жавоб ва баҳс-мунозара ўтказилди, ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.
Айтиш жоизки, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимининг самарали ишлаши ички ишлар идоралари профилактика хизмати ходимлари, улар билан ёнма-ён фаолият кўрсатаётган жамоат тузилмаларининг вакиллари ҳамда фуқаролар ҳамкорлигининг тўғри ташкил этилишига боғлиқдир.
Бу каби йиғилишлар эса жамиятда ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий қарашларини юксалтиришга ҳамда қонунга итоаткорлик хулқини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Зеро, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш – бутун жамиятнинг вазифаси.
Ирода Эрдошева, жамоатчи мухбир

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶