Туманимиз мактаблари PISA ва PIRLS халқаро баҳолаш дастурлари ҳақидаги қўлланмалар билан таъминланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда халқаро PISA вa PIRLS баҳолаш дастурлари ҳақида тайёрланган тўрт номдаги методик қўлланмаларни ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этишга тавсия этган эди. Ушбу қўлланмалар туманимиздаги 87 та умумтаълим мактабларига етказиб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб, PISA халқаро дастури рейтингида жаҳоннинг биринчи 30 та илғор мамлакатлари қаторига киришига эришиш ҳамда халқ таълими тизимида таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотларни ташкил этиш вазифалари юклатилди. Шу билан бирга, муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2021 йилдаги халқаро баҳолаш жараёнларига тайёргарлик кўриш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
“Халқаро тадқиқотларда ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлигини баҳолаш”, “Халқаро тадқиқотларда ўқувчиларнинг математик саводхонлигини баҳолаш”, “Халқаро тадқиқотларда ўқувчиларнинг табиий фанлар бўйича саводхонлигини баҳолаш”, “Халқаро тадқиқотларда бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлигини баҳолаш” номли мазкур методик қўлланмалар ишлаб чиқилди. Мамлакатимиздаги ўқувчи-ёшлар саводхонлигини баҳолаш бўйича халқаро PISA тадқиқоти ҳамда бошланғич 4-синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлигини баҳолаш, PIRLS тадқиқоти ҳақида умумий тушунчалар, асосий тамойиллар ҳақида маълумотлар берадиган ушбу қўлланмалар ўқувчиларда амалий кўникмаларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Методик қўлланмаларни ишлаб чиқишда ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг PISA вa PIRLS тадқиқотлари ҳақидаги тасаввурларини бойитиш, халқаро тадқиқотларга тайёргарлик даражасини ошириш, ўқувчиларнинг ижодий ва мантиқий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш, шу орқали таълим сифатини оширишга ҳисса қўшишига эришиш мақсад қилинган бўлиб, унинг аҳамияти катта.
Ушбу қўлланмаларнинг аҳамияти шундаки, улардаги топшириқлар намуналари республикадаги бир нечта мактабларда тажриба-синовдан ўтказилиб, такомиллаштирилган ҳолда нашр этилган. Ушбу қўлланмалардан синфдан ташқари ва тўгарак машғулотлари давомида ёки мустақил равишда ўқувчиларнинг саводхонлигини ошириш, берилган топшириқларни ечиш орқали уларда ижодий, мантиқий фикрлаш, ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларини ривожлантиришда ҳамда 2021 йилда ўтказиладиган халқаро PISA вa PIRLS тадқиқотларига тайёргарлик кўришда фойдаланиш тавсия этилади.
Қўлланмалар умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг ўқитувчилари ва ўқувчилари, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасаларининг тингловчилари ҳамда соҳага қизиққан мутахассислар учун мўлжалланган бўлиб, таълим самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Р.ХОЛМУРОДОВ,
туман Халқ таълими бўлими таълим сифати мониторинги бош-инспектор методисти.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶