PIRLS халқаро баҳолаш дастурида иштирок этишнинг афзаллиги
Мен 17 йилдан бери 40-сонли мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайман. Шу вақт оралиғида болани бошланғич синфларданоқ ўқишга, илм олишга қизиқтириш, қунт билан илм дунёсига етаклаш келгусида унинг ҳаётида муҳим роль ўйнашини чуқур англаб етдим. Бу менга ўз касбимга яна ҳам масъулият билан ёндошиб, тинмай ўқиб-ўрганиб боришим лозимлигини англатади ва фаолиятимни шу асосда олиб боришга интилаяпман. Натижаларим эса ёмон эмас. Шогирдларим орасида турли олийгоҳлар талабалари, фан олимпиадаларининг Республика босқичи ғолиблари бор.
Келгуси 2020-2021 ўқув йилидан менинг таълим бераётган синфимда ўқувчилар билимини баҳолаш халқаро PIRLS дастури асосида ўтказилиши режалаштирилмоқда.
PIRLS Халқаро ўқиш саводхонлигини ўрганишдаги юксалиш – халқаро тадқиқоти 9-10 ёшдаги бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиб тушуниш кўникмаларининг қай даражада ривожланганлиги ҳақида маълумотларни халқаро миқёсда таққослаш имконини берадиган, ўқиш ва ўқитишни яхшилашда таълим соҳасидаги давлат сиёсатига хизмат қилиши мумкин бўлган таҳлилларни тақдим этадиган йирик халқаро баҳолаш дастури ҳисобланади. PIRLS бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлигини баҳолашда бадиий тажриба орттириш, ахборотни олиш ва ундан фойдаланишдаги билимини текширишга қаратилган.
Яъни ўқувчида диққатни жамлаш ва аниқ кўрсатилган маълумотларни топиш, тўғридан-тўғри хулосалар чиқариш, матн элементларини баҳолаш ва танқид қилиш, ғоя ва ахборотларни талқин қилиш, уйғунлаштириш тушунчалари жараёнини бирлаштиради.
Бунинг учун мактаб таълимидан аввал бола мактабгача таълим муассасасига борган бўлиши, мактабга боргунга қадар ўқиш ва ёзишни ўрганиб олган бўлиши лозим. Шунингдек, болани ёшликдан китоб ўқишга қизиқтириш, унинг дунёқараши, салоҳияти юксалишига эришиш лозим.
Уйда кўпроқ китоб ўқиш ва яқинлар даврасида ўқилган эртак, масал ва кичик ҳикояларни биргаликда таҳлил қилиш ҳам муҳим.
PIRLS тадқиқотида Ўзбекистон Республикасининг иштирок этиши таълим сифатини оширишга, халқаро миқёсда мамлакат нуфузини мустаҳкамлашга ва ўқувчилар билимини халқаро талаблар даражасига олиб чиқишга хизмат қилади.
Дилрабо ЎРОЗБОЕВА,
40-сонли мактаб ўқитувчиси, Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶