Биз фронт ортида фидойилик қилганмиз
Дориломон кунларда яшаяпмиз. Бугунги тинч, осуда, фаровон ҳаётимизга минг-минг шукроналар айтаман. Ахир не бир қора кунларни бошдан кечирдик-а!
Эсимда: 1941 йилнинг кузи эди. Манғит туманида жиноят қидирув бўлими бошлиғи лавозимида ишловчи отам Нурмуҳаммад Мусинни онажоним иккимиз урушга кузатиб қолдик. Ҳар куни эллик-юз нафар ҳамюртларимиз жангга отланишарди. Икки-уч ой ичида маҳалла-кўйда ишга яроқли эркак зоти қолмади ҳисоб. Мен уруш бошланган йили 16 яшар ўсмир қиз эдим. Онамнинг ёнида оиламиз ташвишларини баб-баравар тортар, кеча-ю кундуз тиним билмай ишлардик. Рус тилини яхши билганим, аълочи ўқувчи бўлганим учун мени ўша пайтдаги "Сталинчи” туман газетаси босмахонасига ишга олишди. Замон оғир, бир бурда нон жондай азиз. Иш эса баридан оғир ва машаққатли эди. Худди игна билан қудуқ қазигандай, битта-битталаб ҳарф терардик газета мақолалари учун. Газетанинг биргина саҳифасини тайёрлаш учун соатлаб уринардик.
Уруш йиллари фронт орқасида ишлаш ҳеч кимга осон бўлмаган. "Ҳамма нарса фронт учун!” шиори остида кеча-кундуз Ғалаба ва Тинчлик орзуси билан ишлардик. Ҳеч ким: "менинг маошим қани, қанча?”, деб сўрамасди. Қўлимизда озиқ-овқат учун бериб қўйилган карточка билан соатлаб навбатда туриб, арзимаган оқ ёғ ёки "паёг” олардик. 1940 йилдан то 1956-58 йилларгача қорнимиз тўйиб овқат еганимизни эслай олмайман. Энди билсам, фронт ортида, меҳнат фронтида фидойилик қилганларнинг Тинчликни асрашга қўшган ҳиссаси жангчиларникидан кам бўлмаган экан.
Бугунги тинчлик ана шундай фидойиликлар эвазига келганлигини унутмаслигимиз ва унинг қадрига етишимиз керак.
Разия Мусина,
Манғит шаҳрининг Шерозий кўчасида яшовчи меҳнат фахрийси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶