АРДОҚДАГИ МУАЛЛИМА
Халқимизда тил билган – эл билади, деган ибора бор. Дарҳақиқат, инсон қанча кўп тилни билса, унга имкониятлар эшиги шунча кенг очилади. Шу сабабдан ҳозирги даврда тил ўрганишга бўлган эътибор, қизиқиш ва талаб жуда юқори.
Ёш авлодни зиёли, маданиятли, дунёқараши кенг шахс қилиб тарбиялашда чет тили ўқитувчиларининг ҳиссаси катта.
Немис тили фанидан деярли 30 йилдан бери ўқувчиларга сабоқ бериб келаётган Гулнора Давлатбоева ҳам бу масъулиятни ҳис қилган ҳолда фаолият юритиб келмоқда.
Қангли овулидаги 29-сонли мактабда ёш авлодга немис тилидан дарс бериб келаётган тажрибали педагог ўз ишига доим масъулият билан қараб, ҳар бир ўқувчисига тил билишнинг аҳамиятини тушунтиришдан чарчамайди. Мунтазам ўз устида ишлаб, дарсларини ҳам ноодатий, интерактив усуллардан фойдаланган ҳолда ташкил этади. Ўқувчининг қабул қилиш имкониятини эътибордан четда қолдирмаган ҳолда, оғзаки ва ёзма нутқини шакллантиришга ҳаракат қилади.
Мактабда ўқиб юрган даврида немис тили фанидан сабоқ берган устози Ҳ.Султоновага ҳавас қилиб, ўқитувчилик касбини танлаган Г.Давлатбоева Тошкент Давлат чет тиллар педагогика институтининг кечки бўлимида ўқиди. Кундузги пайтда эса рус тилига ихтисослашган 100-сонли боғчада тарбиячи бўлиб ишлади. Талабчанлиги, масъулиятли, ташаббускорлиги билан таълим муассасасида ҳам, иш жойида ҳам эътибор қозонди ва бир неча бор тақдирланди. Ўқишни тугатганидан сўнг, таълим соҳасида фаолиятини яна давом эттириб, Лумумба номли бошланғич мактаб, 18-сонли мактабда рус тили ўқитувчиси бўлиб ишлади. Ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган 29-сонли мактабда эса 1992 йилдан немис тили фани ўқитувчиси бўлиб ишламоқда.
Ўз ишига астойдил меҳр қўйиб, ёш авлод таълим-тарбиясига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилди. Муаллимадан таълим олган ўқувчиларнинг кўпчилиги билимлар беллашуви, фанлар олимпиадаларининг туман, республика босқичлари ғолиблари, олий таълим муассасалари талабалари бўлишди. Айримлари устоз изидан бориб, немис тили фани ўқитувчилари бўлиб етишишди.
Ҳамкасблари, шогирдлари ва эл меҳрини қозонган устоз ибратли оила бекаси. Умр йўлдоши Комилжон Султонов билан уч нафар қиз ва икки нафар ўғилни тарбиялаб элга қўшдилар. Тўрт нафар неварали ҳам бўлишди. Қизлари Дилафрўз, Зулхумор, Ўғилжонлар, ўғли Ешмурод онаси каби ўқитувчилик касбини танлашди. Мактабда 11-синфда таълим олаётган кенжа фарзанд Суҳробжон ҳам чет тилига жуда қизиқади. У немис тили фанидан бу йилги Фанлар олимпиадасининг туман босқичида ғолиб бўлиб, Қорақалпоғистон босқичида ҳам 2-ўринни қўлга киритди.
Камтарин устоз, севимли муаллима, мўътабар она ҳам эли, ҳам фарзандлари ардоғида яшаётганидан мамнун. Шу кунларини, фаровон ҳаётини ўзига энг катта мукофот деб билиб, ёш авлод таълим-тарбиясига муносиб ҳисса қўшишдан асло чарчамайди.
Озода Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶