ТАДБИРКОРЛИК АСОСЛАРИ БЎЙИЧА ЎҚИГАН ЁШЛАРГА СЕРТИФИКАТЛАР БЕРИЛДИ
Маълумки, Президентимиз томонидан 2020 йил 25 декабрь куни ўтказилган “Ўзбекистон ёшлари форуми”да ёшларга ижобий мотивация, бизнес ва тадбиркорлик соҳасида зарур билим ва малакаларни шакллантириш, шу орқали уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ва бандлигини таъминлаш бўйича “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Ушбу ташаббус доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунарга, тадбиркорликка йўналтириш, бу борада кўникмаларга ўқитишни ташкил этиш асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшни бириктириш орқали мамлакатимизда 2021 йил давомида 500 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш вазифаси белгилаб берилган эди.
Ушбу мақсадни амалга ошириш учун ҳудудларда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва уларни касб-ҳунарга ўқитишнинг янги тизими жорий этилди.
Бугунги кунда туманимизда ҳам ёшларни иш билан таъминлаш, уларга яхши меҳнат шароитларини яратиш, касб-ҳунарли қилиш, таълим сифатини ошириш, давлат ва жамиятга етук кадрларни етиштириб бериш мақсадида барча имкониятлар сафарбар этилиб, ёшларга зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
Секторлар ва маҳаллалар кесимида “Ёшлар дафтар”лари шакллантирилиб, ишсиз ва уюшмаган ёшлар меҳнат бозорида талаби юқори бўлган касбларга ўқитилмоқда.
Яқинда туман ҳокимлигининг мажлислар залида “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида “Ёшлар – 1+1” дастури доирасида ишсиз, уюшмаган ёшларни касб-ҳунарга, тадбиркорликка ўқитиш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Темирбоев, ёшлар масалалари бўйича туман ҳокимининг ўринбосари М.Шерметов, туман Прокуратураси ходимлари, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи Ж.Давлетов, туман савдо-саноат палатаси бўлимидан К.Эшманов, акционерлик-тижорат “Микрокредитбанк”нинг туман бўлимидан Н.Расулов, “Халқ банки” туман бўлимидан Р.Сапарниёзов ҳамда бир гуруҳ ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойилига кўра, “Ёшлар – 1+1” дастури доирасида туманда ташкил этилган 48 соатлик ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган ёшларга сертификатлар берилди.
Ишсиз ва уюшмаган ёшларни тадбиркорлик асосларига ўқитиш бўйича ташкил этилган мазкур ўқув курсида туманимиз маҳаллаларида шакллантирилган “Ёшлар дафтари”га киритилган 52 нафар ёш тадбиркорлик ва касб-ҳунар кўникмаларига ўқитилиб, уларга масъуллар томонидан сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, тадбирда ёшларга ўз тадбиркорлигини бошлашлари учун бизнес-лойиҳаларини ишлаб чиқиш, кредит олиш ва кредит маблағларини мақсадли, режали сарфлаш бўйича мутахассислар томонидан зарур тушунча ва тавсиялар ҳам берилди.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶