ОҒИР ЖИНОЯТГА ОҒИР ЖАЗО ТАЙИНЛАНАДИ
Ўзганинг мулкини талон-тарож қилиш, яъни талончилик ҳам оғир жиноят ҳисобланади. Талончилик ошкора ёки яширин равишда содир этилиши мумкин. Агар айбдор жабрланувчилар ёки бошқа шахслар кўз ўнгида талончилик қилаётганлигини ва улар айбдорнинг ҳаракатлари хусусиятини тушунаётганлигини била туриб, талончиликни амалга оширса, у ошкора деб ҳисобланади. Агар талон-тарож қилинганлигини одамлар сезмасалар ёхуд буюм олинганлиги фактини кўра туриб, уни қонуний ҳисобласалар ва айбдор ҳам шунга умид қилган бўлса, у ҳолда талончиликни ошкора деб тан олиниши мумкин эмас.
Яширин равишда бошланган талон-тарож баъзан ўзгалар мулкини очиқдан-очиқ эгаллашга айланиб кетади. Бундай ҳоллар, мулкни эгаллаш жараёнида жиноятчини сезиб қолишганида, лекин жиноятчи буни тан олмай, ўз ҳаракатларини давом эттириб, мулкни ошкора эгаллаб олганда содир бўлади. Талончилик мулкдорга мулкий зарар етказишдек ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқаради. Мулкни амалда эгаллаб олиш, яъни жиноятчида талон-тарож қилинган нарсадан фойдаланиш имконияти пайдо бўлиши вақтидан бошлаб, бу жиноят тугалланган ҳисобланади.
Талончилик учун Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддасида жавобгарлик масаласи белгиланган. Бунда талончиликнинг квалификация таркиби соғлиқ ва ҳаёт учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиш, ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш каби ўзига хос белгини ўз ичига олади. Худди жисмоний зўрлик каби, жисмоний зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш орқали руҳий зўрлик ҳам талончиликнинг квалификация белгиси ҳисобланади.
Талончиликда зўрлик мулкдорга, шунингдек, реал ҳолда ёки айбдорнинг фикрича, талон-тарож қилишга тўсқинлик қилувчи бошқа шахсларга нисбатан ҳам ишлатилиши мумкин. Инсонга нисбатан зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш Талончилик турининг моҳиятини ўзгартиради. Бундай ҳолларда жиноят 2 объектли бўлиб қолади: мулк муносабатлари билан бирга соғлиқ, шахсий эркинликни ва бадан дахлсизлигини таъминловчи ижтимоий муносабатларга зарар етади ёки уларга бевосита хавф туғилади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддасига кўра талончилик, яъни ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-тарож қилганлик учун уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки тегишли қисмларга кўра ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
С.Давлетмурадов, Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶