“АЁЛЛАР ДАФТАРИ” РЎЙХАТИДАГИ ХОТИН-ҚИЗЛАРГА ҲУҚУҚИЙ МАСЛАҲАТЛАР БЕРИЛДИ
Юртимизда аёл-қизлар манфаатларини таъминлаш, жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишига айланди. Ижтимоий ҳимоя қилиш, муаммолари бартараф этилишига кўмаклашиш, қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва имкониятларини рўёбга чиқариш, меҳнатини рағбатлантириш учун барча шароитлар яратилиб, ушбу вазифалар ижросини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Айниқса, хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва манзилли ҳал этиш мақсадида “аёллар дафтари” жорий этилгани бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди.
Амударё туманида ҳам ушбу дафтар асосида аёлларни иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий ва психологик ёрдам қамровини кенгайтириш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилиб, тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Амударё туманининг Боғ маҳалласида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг кундалик ҳаётида қийнаб келаётган турли соҳаларга доир муаммоларини аниқлаш ва уларга ҳуқуқий ечим топиш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида сайёр қабул ташкил этилди. Адлия бўлими томонидан ўтказилган ушбу сайёр қабулда бўлим бошлиғи Мўминжон Матюсупов ҳамда фуқаролар йиғини масъуллари иштирок этдилар.
Таъкидлаш керакки, туман прокурори раҳбарлик қилаётган ушбу сектор ҳудудида мутасадди идоралар билан ҳамкорликда “Аёллар дафтари” асосида ишлаш тизимини жорий этиш ва дафтарга киритилганлар билан бирма-бир мулоқот қилиш, уларнинг эҳтиёжларини аниқлаш, таклиф ва қизиқишларини ўрганиш, амалий ёрдамлар бериш бўйича манзилли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз, касб-ҳунарга эга бўлмаган, тиббий ёрдамга ҳамда ҳуқуқий-психологик маслаҳатларга мухтож бўлган 602 нафар хотин-қизлар рўйхати шакллантирилиб, “Аёллар дафтари”га киритилган эди. Шу пайтга қадар бу борада амалга оширилган ишлар натижасида рўйхатдаги барча аёл-қизларга турли йўналишлардаги ёрдамлар кўрсатилди.
Рўйхатдаги 188 нафар хотин-қизларга доимий ва ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жойлаштириш, ўзини-ўзи банд қилиш ва субсидиялар ажратиш орқали бандлиги таъминланди. Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга 77 нафар хотин-қизлар ўқитилиб, сертификатлар берилди. Шунингдек, 42 нафар боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд, 21 нафар ижтимоий ёрдамга мухтож ногиронлиги бўлган аёллар, 6 нафар қарамоғида бир ва ундан ортиқ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёлларнинг ҳар бирига 490 минг сўмдан жами 30 млн. 870 минг сўм миқдорида моддий ёрдам пуллари “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилди.
Сайёр қабул давомида бу борада батафсил маълумот бериб ўтилганидан сўнг, маҳалла хотин-қизларининг ҳуқуқий масалаларга оид ва кундалик турмуш тарзида юзага келаётган муаммоларига оид мурожаатлари тингланди. Мурожаатлар асосан ногиронликка чиқиш, паспорт олиш, никоҳдан ажратиш ва никоҳни қайд қилиш каби масалаларига доир бўлди.
Масъуллар томонидан мурожаатларнинг айримларига жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, айримлари бўлим иш юритувига қабул қилиниб, ўрганиш ишлари бошлаб юборилди.
М.Матюсупов, туман Адлия бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶