ПАХТА ҚАБУЛ ҚИЛИШ МАСКАНИДА ЁНҒИННИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ БЎЙИЧА ЎҚУВ-МАШҚИ ЎТКАЗИЛДИ
Бу йилги пахта йиғим-терим мавсуми бошланишига ҳам оз фурсат қолди. Эрта баҳорда ерга қадалган чигит деҳқоннинг меҳнати билан униб-ўсиб, шу кунларда мўл ҳосилдан нишона бера бошлади. Ҳадемай оппоқ очилган пахталар моҳир теримчилар ёрдамида терилиб, қабул масканларига келтирилади ва баланд хирмонлар кўтарилади. Мавсум арафасидаги айни кунларда пахта қабул қилиш масканларида муҳим палла олдидан тайёргарлик ишлари қизғин тусга кирган.
Амударё туманида ҳам пахта йиғим-терим мавсумини беталафот ва самарали ўтказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, тасодифий ёнғинларнинг олдини олиш ва унга қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пахта қабул қилиш масканларидаги ёнғин ўчириш техникалари кўрикдан ўтказилиб, шай ҳолатга келтирилмоқда.
Яқинда туман Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан Амударё пахта пахта қабул қилиш пунктида келиб чиқиши мумкин бўлган ёнғин ҳолатларининг олдини олиш бўйича ўқув машқлари ўтказилди.
Аёқчи маҳалласи ҳудудида жойлашган ушбу масканнинг умумий ер майдони 1 гектарга тенг бўлиб, 17 та бунт майдончаларини ўз ичига олган. Ҳудудга кириш 2 та асосий дарвоза орқали амалга оширилади. У ерда ёнғин ўчириш автомобиллари ҳаракатланиш имкониятига эга. Масканда бош, маъмурий, маиший ва ёрдамчи хўжаликлар бинолари, пахта, чигит ва тайёр маҳсулотлар омборлари, устахона, подстанция, тозалаш, пресс ва арра цехлари, қуритиш барабанлари, ўтхона, тарозихона, лаборатория, қоровулхона, ошхона, пиллахона, кўнгилли ёнғиндан сақлаш депоси ҳам мавжуд бўлиб, ёнғинга қарши жиҳозлар билан таъминланган.
Тадбир доирасида барчани ҳушёрликка чорловчи ва ёнғин хавфсизлигини тарғиб қилувчи эслатма ва йўриқномалар кўринарли жойларга ўрнатилди. Мавсумни беталафот ўтказиш ва жалб қилинган ишчи-хизматчиларнинг ҳушёрлигини ошириш бўйича маслаҳатлар берилди. Ёнғин хавфсизлигини таъминлашда ёнғин хавфсизлиги хизматининг жанговар шайлиги муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги сабабли маскандаги сув олиш гидрантлари ва ҳовузларнинг созлиги кўрикдан ўтказилди.
Шундан сўнг, маскан ҳудудида ўқув машқи машғулотлари ташкил этилди. Машғулотлар давомида бунт устига пахтани ортаётган транспортёр лентасидан учқун чиқиши натижасида 2 та бунтда шартли равишда сунъий ёнғин келтириб чиқарилди. Ёнғинни ўчиришга туман Фавқулодда вазиятлар бўлимидаги 3- ва 4-сонли ёнғин қутқарув қисмидан 3 та ёнғин ўчириш экипажи, масканга қарашли кўнгиллилардан ташкил қилинган 1 та ёнғин ўчириш экипажи иштирок этди. Шуниндек, қўшимча равишда туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан 1 та сув ташишга мўлжалланган автоцистерна ва бошқада ҳамкорликдаги хизматлар жалб қилинди.
Ундан ташқари, Тахиатош туманининг узоқ давом этувчи ёнғинларни ўчирувчи таянч маскани техникалари тўғрисида кўргазмали равишда тушунчалар берилди. Машғулотларда шахсий таркибнинг фавқулодда ёнғин содир бўлганда уни тез ва талафотсиз бартараф этишга қаратилган кўникмалари шакллантирилди.
Табиат инжиқликларини енгиб, улкан машаққатлар эвазига етиштирилган ва кўпчиликнинг ёрдами билан йиғиб-териб олинган пахта хирмонларини тасодифий ёнғинлардан асраш, имкон борича шундай ҳолатлар содир бўлишининг олдини олиш лозим. Пахта хомашёси билан боғлиқ объектларда бу каби тадбирлар, ёнғин ўчириш амалий тактик машқ ва машғулотлари ўтказилаётгани мавсумни беталофат ўтказишда муҳим аҳамият касб этади.
О. Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶