Феруза Ўрозматова “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” кўрик-танловининг Ўзбекистон Республикаси босқичида иштирок этади
Ўз касбининг моҳир устаси бўлиши учун инсон энг аввало касбига меҳр қўя олиши, сир-у синоатларини изчиллик билан ўрганиб маълум маънода тажриба ва услуб жиҳатидан устуворликка эришиши жоиз. Бундай натижага жришиш учун эса касб эгасидан ўзи фаолият юритаётган соҳа бўйича юксак билим ва маҳорат талаб этилади.
Болалигидан кичкинтойларга меҳри баланд бўлган Феруза Ўрозматова тарбиячилик касбини танлаганида кўпчилик яқинлари болаларнинг инжиқликларига бардош бераолармикан, дея хавотирганишган эди. Боз устига Ферузахон 42-сонли мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи сифатида илк иш фаолиятини бошлаган йилларда нафақат туманимиздаги, балки бутун мамлакатимиздаги мактабгача таълим ташкилотиларида шароитлар унчалик қониқарли эмас эди. Ҳатто болажонларнинг эмин-эркин ўйнаб, мириқиб дам олишлари учун ҳам шароитлар кўнгилдагидек эмасди.
Сўнгги 4-5 йилдирки, Президентимизнинг алоҳида эътиборлари туфайли мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, соҳани замон талаблари даражасида қайта ислоҳ қилиш бўйича Президент Фармонлари, ҳукумат Қарорлари қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Буни 42-сонли мактабгача таълим ташкилоти фаолиятида ҳам яққол кўриш мумкин.
Айни кунда мазкур ташкилотда 4 та гуруҳда 90 нафар болажонлар таълим-тарбия олишмоқда. Нафақат тарбияланувчилар, балки тарбиячи ва энагалар учун ҳам зарур шарт-шароитлар яратилган.
Мактабгача таълим ташкилотида яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда ўз билими ва тажрибасини мунтазам ошириб бораётган ёш, иқтидорли тарбиячи Феруза Ўразматова эса мактабгача таълим ташкилоти тарбиячилари ўртасида ҳар йили ўтказиладиган турли кўрик-танловларнинг доимий иштирокчисигина эмас, ғолиби ҳамдир.
Бир неча йилдан бери туманда анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Йил тарбиячиси” кўрик-танловида Ферузахонга тенг келадигани йўқ. У жорий йилда ҳам мазкур кўрик-танловнинг туман босқичи ғолиблигини қўлга киритиб, жорий йилнинг 1-, 2-, 3 август кунлари бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этди.
Асосий бешта шарт бўйича ўз билим ва иқтидорларини, касбий маҳоратларини амалда намоён этган иштирокчилар орасида яна Ферузахонга омад кулиб боқди. 14 та тумандан 90 нафар ёш тарбиячилар иштирок этган мазкур кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида Феруза Ўрозматова “Энг чевар қўллар устаси” йўналиши бўйича фахрли 1-ўринни эгаллади ва “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” кўрик-танловнинг Ўзбекистон Республикаси босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Албатта, Ферузахон учун бу муваффақият осонликча келмади. У ўз соҳаси бўйича услубий қўлланмаларни чуқур ўзлаштирди, устозлари тажрибасини пухта ўрганди. Айниқса, болалар психологияси бўйича мустақил изланишлар олиб борди ва барча ўрганганларини амалиётга татбиқ этди.
“Йилнинг энг яхши тарбиячиси” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиб ва совриндорларига танлов ташкилотчилари томонидан фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалари топширилди. Феруза эса кўрик-танловнинг мамлакат босқичида ҳам туманимиз, ҳам Қорақалпоғистон Республикаси шарафини муносиб ҳимоя қилиб, танловнинг мутлақ ғолиби бўлиш мақсадида қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Биз ҳам Ферузахон Ўрозматованинг галдаги беллашувларда ҳам ғолиблик тожини кийишига тилакдошмиз.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶