АЙБСИЗ АЙБДОР ҚИЛИНИБ, ОТИЛГАН ЎҒЛОНЛАР
Маълумот учун
1937 йилнинг июлидан 1938 йилнинг ноябрь ойигача совет империяси ҳудудидан 1,5 миллиондан зиёд одам қамалган, 700 минг киши отиб ўлдирилган. Ўзбекистонда эса 1937 йилнинг 10 августидан 1938 йилнинг 1 январигача, 5 ой давомида 10700 нафар киши қамоққа ташланган. Улардан 3613 киши отиб ўлдирилган. 7087 киши 8 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларга қамалган.
Ҳар гал 31 август санаси яқинлашганида кекса авлод вакиллари собиқ иттифоқ – мустабид тузум давридаги қатағон сиёсатини оғир, даҳшатли хотиралар билан эсга олишади.
— Биз кўрдик, иллоҳ-биллоҳ фарзандларимиз кўрмасин, – деган эдилар Аллоҳ раҳмат қилсин, Тошёп овулининг Шоир қозоқ мавзесида яшаб ўтган Қутим бобо Дўсимбетов. – Мен 15-16 ёшлигимда «халқ душмани» тамғаси билан қамоққа олиниб, Гурландаги турмахонада отиб ўлдирилган отам билан акам Нуримбатни умумий қабрдан кавлаб олиб, Қиличбойнинг Дўрманидаги ўзимиз туғилиб, ўсган тупроққа топширганман...
Ягона айби билимдон тадбиркор ва бой-бадавлат бўлган отаси Дўсиммат Матниёзов бор бойлигини Қиличбой ҳудудида тузилган Сталин номли колхозга топширганини, 13 бош туя, 40 бош қорамол, 14 бош от, 2 200 бош қўйларини хатлаб олгандан сўнг ҳам чақимчилар уни «халқ душмани»га чиқариб қўйишганини, натижада бутун оила жонини омон сақлаш учун ўзлари туғилиб-ўсган ота маконини тарк этишга мажбур бўлишганини надомат билан хотирлар эдилар.
Азизлар, қатағон йиллари азоб-уқубатларини кўрганлар ёлғиз Қутим бобо эмас, балки Хоразм вилоятининг Манғит туманидан 1920 йиллардан 1938 йилнинг охири, ноябрь-декабрь ойигача кўплаб бегуноҳ инсонлар турли хил азоб-уқубатларга дучор бўлганлар.
Тарихда «катта террор» номини олган бу қатағон сиёсати мустабид совет режимининг ҳеч кечирилмас жиноятидир.
Қонли сиёсат қурбонларидан бири Манғитда туғилиб-ўсган серқирра билим эгаси Матниёз Муфти Юсуф ўғли эди. Рус, форс, араб тилларини яхши биладиган, 1879 йилда туғилган Матниёз Муфти Хива хонлигининг муҳрини сақловчи лавозимида хизмат қилган. Хива хонлиги ағдарилгач, маҳалладаги ёш болаларга уйида илм ўргатиб юрганида «хонликка хизмат қилган» деган важ билан 1932 йилда қамоққа олишган ва отувга ҳукм қилинган.
Матниёз Муфтининг замондошлари ва дўстлари 1875 йилда туғилган қора қипчоқлик Бобожон қори Низомаддин охун, Қипчоқ қишлоғидан Эрназар Шомурод ўғли ҳам ҳибсга олиниб, 1938 йилнинг 7 февраль куни отувга ҳукм қилинган ва ҳукм ижро этилган.
Мен 2015 йилдан бери туманимизнинг турли ҳудудларида яшаган ва қонли совет режимининг қатағон сиёсати қурбони бўлган инсонлар ҳақида маълумотлар тўплаб келаётган оддий бир изланувчи-журналист сифатида шуни афсус билан қайд этаманки, биз вақтида ёнларимизда бор бўлган тарихимизнинг тирик гувоҳлари қадрига етиб, улар билган ҳақиқатларни ёзиб олганимизда эди, эрк, озодлик, адолат йўлида қурбон бўлган юртдошларимизнинг қаҳрамонона ҳаёт йўлини яхшироқ ёритган бўлар эдик.
Қиличбой мавзесининг Дўрман қишлоғилик Амат Юсупов қулоқ сифатида отишга ҳукм қилинганида 34 ёшда эди. Айни кучга тўлган, навқирон бу инсоннинг айби ҳам ақлли, билимдон тадбиркорлиги бўлган. Унинг ҳамқишлоғи Раимжон Эрниёзов ҳам ўзига тўқ, билимдон ва тадбиркор инсонлардан бири бўлган. Иккала йигит ҳам қирққа кирмай чақувдан “қулоқ”қа тортилган ва 1938 йилнинг 10 февралида отувга ҳукм қилинганлар.
Қиличбойликлар бошига келган бу балои кулфат шу билан тугамади. Биргина Манғит туманининг ўзидан 1938 йилнинг 10 февраль санасида 30 нафарга яқин элим, юртим, деган илм-у маърифатли, тадбиркор ва ишбилармон инсонлар ўлим жазосига ҳукм этилган ва шундан 13 нафари холимбеглик эди. Бир кунда 13 нафар забардаст ўғлонларнинг оилаларида аза очилди. 13 нафар холимбеглик йигитларнинг ортида бўзлаб қолган норасида гўдаклар, 20-30 ёшнинг нари-берисида бевалик жабрини тортган ёш-ёш жувонлар, «Болам!» деб унсиз фарёдлар чекиб, азоблар забтидан тишлари тўкилган, эрта кексайган оталар, жафокаш оналар қолди.
– Нафақат Холимбегда, балки бутун Манғит туманида одамлар бири-бири билан кўришиб, сўзлашмоққа, дардлашмоққа қўрқиб қолдилар, – деб ёзганди Қутим бобо Дўсимматов ўзининг Амударё туман ҳокимлигига 2001 йил 5 июнь санасида отаси Дўсиммат Матниёзовнинг номини оқлашда ёрдам сўраб йўллаган мурожаатида. — Сабаби, икки киши узоқ гаплашиб туриб қолишининг ўзидан қандайдир ёмонликнинг иси келарди.
“Ёмонлик…” Бу сўзнинг замирида энг ёвуз иллатлар бор – чақимчилик, туҳмат, хиёнат, фитна, найранг, маккорлик, душманлик… Шунинг учун бу сўзни ишлатганимизда қалбимиз музлайди, юрагимиз намакоб ичгандай ачишади, вужудимиз карахт бўлади.
«Катта террор» номини олган 1937 йилнинг июлидан 1938 йилнинг ноябрь-декабрь ойигача давом этган бир ярим йиллик қатағон даврида халқимиз гўё заҳар ютди, сўзлашга очилган лаблар қулфланди, тиллар кесилди. Гунг ва кар, карахт яшади халқ. Миллат оталари болаларини тузум ўзгараётган кезлар нотайин тўз-тўзларга берди, сўнг иккинчи жаҳон урушига, яна қама-қамалар, «ўзбек иши», «пахта иши»… га берди, ёвқур болаларини.
Назаримда, халқимиз учун бу қатағонлар, агар ҳақиқатга тик қарайдиган бўлсак, жуда узоқ – 70 йил давом этди. Мана 30 йилки, юртда эрк туғи баланд тутилган – ОЗОДмиз. Минг-минг шукур. Ана шу озодлик яловини тутиб ўтганлар ва бугунги дориломон кунларга етмаганлар ҳаққи, Ватанда ТИНЧЛИК мангу бўлсин! Азиз аждодларимиз от суриб ўтган бу қутлуғ замин мангу обод бўлсин. Эрк, ҳуррият йўлида жон фидо этган қатағон қурбонлари ҳақига дуо қилинг, азизлар, улар бизнинг бугунги дориломон кунларимиз орзусида яшаб, шу орзу-армон билан кафанланган бегуноҳ шаҳидлар эдилар...
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶