Дилкаш хотиралар
Ота-онамиздай азиз, барча устозларга бағишлайман.
Юрагимда ажиб ҳаяжон,
Хотиралар дилкаш шунчалар.
Чорлайверар бағрига ҳамон,
Болалигим ўтган кўчалар.
Бу кўчалар азиз, мукаррам,
Поёни йўқ қувонч макони.
Ўзлигимни айлаб муҳтарам,
Улуғлаган умрим аркони.
Бу кўчалар мактабга элтган,
Илм сари чорлаган маёқ.
Қўлларимга илк қалам тутган
Ва қалбимга солган иштиёқ.
Устозларнинг излари қолган
Кўчалардан бораман ўтиб.
Ҳаётимга ёғдулар солган,
Она мактаб тургандай кутиб.
Кўз олдимдан бир-бир ўтади,
Мени “болам!” деган чеҳралар.
Қадамларим синфга элтади,
Ёғдулардан олиб баҳралар.
Устоз кирар синфга. Вазмин.
Нигоҳида меҳр суврати.
Дарс бошланар, юраклар азми
Келажакнинг ёруғ сийрати.
“Математик амаллар –гўзал,
Шеърият”, – дер Йўлдош муаллим.
Кимё фани азалий, азал,
Энг бебаҳо ҳаётий таълим:
Даврий тизим – сирли хазина,
Барча унсур унда мужассам.
Формулалар асл ганжина,
Асл назм экан, англасам...
Ана, синф эшигин очиб,
Кириб келар Саъдулла устоз.
Мозийларни бир-бир уйғотиб,
Қалмуханов ва Ёвмут устоз.
Давом этар физика дарси,
Ҳаётнинг чин қонунидир у.
Чоршам устоз бошлаган баҳсли,
Мавзуларнинг давомидир бу.
Ньютондан ва Гей-Люссаклардан,
Архимеддан, гарчи, ўзмадик.
Довон ошдик. Биз юксаклардан
Нигоҳимиз асло узмадик...
Ана, Устоз синфга боқиб,
Ўтган дарсни сўрайди такрор.
Адабиёт мағзини чақиб,
Бизни синар Абдулла Қаҳҳор.
Воажаб! Қалб нурга тўлади,
Дилда меҳр, ардоқлар билан.
Сизни эл, халқ излаб келади,
Устоз, дея сўроқлар билан!
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶