“МАТЕМАТИКА – ФАНЛАР ШОҲИ” ТАДБИРИДА БИЛИМЛАР ЯНАДА БОЙИТИЛДИ
Математикага фанлар шоҳи деб таъриф берилиши бежиз эмас. Боиси ушбу фан жамиятдаги ҳар бир йўналишда, соҳалардаги ривожланишларда муҳим ўрин тутади. Юртимизда математика фани нуфузини кўтариш ва уни оммалаштириш мақсадида таълим масканлари ўқувчилари ўртасида турли олимпиадалар, ўқитувчилар учун танловлар ўтказилади. Шунингдек, мактабларда фан ойликлари ташкил этилиб, ўқувчиларнинг қизиқишлари оширилади, билимлари бойитилади.
Туманимиздаги 36-сонли умутаълим мактабида ҳам бошланғич таълим фан ойлиги доирасида 4-“А” синф ўқувчилари иштирокида “Математика – фанлар шоҳи” деб номланган тадбир ўтказилди. Ушбу тадбир болаларнинг математикага муҳаббатини ошириш, фан бўйича машғулотларни қизиқарли тарзда ўтказиш ва ўргатиш услубларини намойиш этиш мақсадида мактабнинг бошланғич таълим фани ўқитувчиси Насиба Бобожонова томонидан ташкил этилди.
Тадбирни мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Расул Холмуродов очиб берди. У математиканинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, атроф-оламдаги барча нарсаларнинг шакл ва арифметик жиҳатдан мутаносиблигини, бугун технологиялар ривожланган даврда ҳар бир инсонда математик билимларга зарурат сезилишини, бу фундаментал ҳаётий фан атроф-олам билан боғлиқлигини таъкидлаб ўтди. Математика энг кўҳна ва қадимги фанлардан бири эканлигини айтиб, асосий тушунчалари натурал сонлар ва арифметик амаллар инсоният тарихининг илк даврларидаёқ пайдо бўлганлигини, фаннинг асосчиси бобокалонимиз, улуғ аждодимиз Ал-Хоразмий эканлигини, унинг тадқиқотлари ҳалига қадар улкан аҳамият касб этаётганини фахр билан тилга олди.
Бу қадимий ва узоқ ривожланиш йўлини босиб ўтган фан аниқ мантиқий мушоҳадаларга асосланган фан ҳисобланади. Математика фанини ўрганаётган ёшларда мантиқий фикрлаш ривожланади, инсонни тартибга ўргатиб, фаолиятнинг ҳар хил жабҳаларида вужудга келувчи мураккаб масалаларни тушуниш учун зарур бўладиган тушунчалар ҳамда улар орасидаги боғлиқликларни кўра олиш ҳамда таҳлил қилиш хусусиятлари шаклланади, келажакда иқтисодиётнинг исталган тармоғида малакали кадр бўлиб етишишига ёрдам беради. Шу ўринда Президентимизнинг “Математика ҳамма аниқ фанларга асос. Бу фанни яхши билган бола ақлли, кенг тафаккурли бўлиб ўсади, исталган соҳада муваффақиятли ишлаб кетади”, – деган теран маъноли фикрлари орқали иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларининг ривожланиши учун энг керакли бўлган юқори малакали мутахассислар таёрлашда математика фани таълимини ва илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини ривожлантириш нақадар катта аҳамиятга эга эканлигини англаш мумкин.
Тадбир давомида ўқувчилар ҳам маърузалар қилиб, улуғ олим Ал-Хоразмий ва унинг илмий манбалари, арифметик амаллар, геометрик шакллар ҳақида қизиқарли маълумотлар беришди. Мантиқан фикрлашга ундовчи савол ва топишмоқлар, мақоллар айтиб, саҳна кўринишларини намойиш этишди. Ундан ташқари, ўқувчиларнинг математик билимини синаш ва рағбатлантириш мақсадида викториналар ўтказилди. Унда ўқувчилар билимга чан¬қоқлиги, интеллектуал салоҳияти юқорилигини намо¬йиш этишди.
Мактаб ўқитувчилари ва ота-оналар ташриф буюрган ушбу тадбирга ўқувчилар томонидан ижро этилган мусиқий чиқишлар, қўшиқ ва рақслар янда файз киритди.
Озода Худойберганова, 36-сонли мактабнинг
ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶