ХАЛҚАРО ҚИЗЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БИР ҚАТОР ТАДБИРЛАР ЎТКАЗИЛДИ
Халқаро қизлар кунига 2011 йил, 11 октябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ассамблеясида асос солинган. Бутун жаҳон бўйича қизларнинг камситилиши, уларнинг ижтимоий муаммоларига эътибор қаратиш мақсадида ҳар йили 11 октябрда кенг нишонланади.
Қизлар ҳаётига оид муаммоларга асосан мажбурий никоҳ, уларнинг таълим олиш, ишлаш ҳуқуқларини чеклаш, тиббий хизматлардан фойдаланишларига тўсқинлик қилиш, мажбурий меҳнат ва зўрлаш киради.
Дунёда қизларнинг таълим олиши учун кенг кўламли ишлар олиб борилаётганига қарамасдан, уларнинг аксарияти фуқаролик урушлари, камбағаллик туфайли бунга қийинчилик билан эришмоқда. Бу каби муаммолар қўшни Афғонистон, шунингдек, Ҳиндистон, Сомали, Покистон каби давлатларда учрайди.
Айни пайтда дунёда 15-19 ёш оралиғидаги ҳар тўрт нафар қиздан бири ишлаш, ўқиш ва касбий тайёргарлик имкониятига эга эмас.
Мамлакатимизда ҳам ҳар йили 11 октябрь – Халқаро қизлар куни кенг нишонланади. “Қизлар ҳафталиги” доирасида жойларда турли тадбирлар ўтказилиб, фаол ва ташаббускор қизлар тақдирланади.
Бу санани амударёлик қизлар ҳам муносиб кутиб олдилар. Туманнинг турли ҳудудларида, овул ва маҳаллалари ҳамда ўқув муассасаларида кўнгилочар тадбирлар, ижодий-маданий тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Хусусан, “Баркамол авлод” марказида иқтидорли қизлар иштирокида марказ ўқитувчилари томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Маҳорат дарсларида марказ директори Хонимжон Ражабова иштирок этиб, бичиш-тикиш ва юмшоқ ўйинчоқлар ясаш бўйича иқтидорли қизларнинг кўникма ва маҳоратларини синовдан ўтказди.

Шунингдек, марказда қизлар томонидан қўл меҳнати билан ясалган буюмлар кўргазмаси ташкил этилди. Қизларнинг ноёб ва инновацион ихтиролари намойиш қилиниб, маҳорат дарслари орқали марказ ўқитувчиларининг билим ва тажрибалари амалда кўрсатиб берилди. Иқтидорли, ихтирочи қизлар рағбатлантирилди.
Халқ таълими бўлиши тасарруфидаги 76-сонли умумтаълим мактабининг бир гуруҳ аълочи ва интизомли ўқувчи-қизлари эса “Тараққиёт кўзгуси” газетаси ва Амударё телевидениеси бирлашган таҳририятида бўлишиб, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Робия Йўлдошева билан дилдан, самимий суҳбатлашдилар.

Робия Йўлдошева уларга мамлакатимизда яратилган шарт-шароитлар, қизларнинг таълим олишлари, ўз иқтидорларини намоён этишда, спортда ҳамда жамиятимизнинг бошқа йўналишларида катта ютуқларга эришаётган қизлар ҳақида, шунингдек Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш давлат сиёсатида устувор масалалардан бири эканлиги хусусида гапириб берди.
Ўз навбатида қизлар ўзлари ёзган шеърларини ўқиб беришди, шунингдек, ҳаётда ўз ўринларини топиш мақсадида ҳозирдан харакат қилиб, бўш вақтларида қўшимча билим олаётганликлари хусусида тўлқинланиб сўзладилар. Оила тутумлари, қиз боланинг одоб-ахлоқи хусусида ўз фикрларини билдирдилар.
Халқаро қизлар куни муносабати билан туман ҳокимлигининг кичик мажлислар залида Сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва турли соҳаларда фаолият юритаётган раҳбар аёллар учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар томонидан мамлакатимизда аёл-қизларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва рағбат алоҳида эътироф этилиб, қизларнинг касб-кор эгаллашлари, олий маълумот олишлари, ўз бизнес-режаларини мустақил равишда амалга оширишлари учун давлатимиз томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдам, қабул қилинаётган қонунлар, қонуности ҳужжатлари хусусида тўлқинланиб сўз юритдилар.

Шу билан бирга улар ўзлари ҳаётда, сиёсатда, оилада эришаётган ютуқлари, тажриба ва ташаббуслари юзасидан ўзаро фикр алмашдилар. Айниқса, Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш, шунингдек, ҳар қандай зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни мамнуният билан эътироф этдилар.
Шу куни Манғит шаҳридаги 1-сонли ва 30-сонли умумтаълим мактабларининг бир гуруҳ ўқувчи-қизлари иштирокида энг кўп иш ўринлари яратган тадбиркор Тамара Юсупова раҳбарлигидаги “Тамара текстиль” масъулияти чекланган жамиятига саёҳат ташкил этилди.

Саёҳат давомида ўқувчи-қизлар энг замонавий бичиш-тикиш ва тўқиш технологиялари билан яқиндан танишдилар. Шу билан бирга жамият раҳбари Тамара Юсупова эришаётган ютуқлар, тадбиркорнинг умумманфаатини кўзлаб амалга ошираётган ва режалаштираётган янги лойиҳаларини қизиқиш билан кузатдилар.
Халқаро қизлар куни муносабати билан бўлиб ўтган барча тадбирлар, иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қизиқишлари ҳамда қобилиятларини амалда намоён этишга бўлган интилишларини рағбатлантиришга қаратилгани билан иштирокчиларга завқ-шавқ бағишлади.
Муяссар ХАЛИЛЛАЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶