Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари ёшлар билан учрашув ўтказишди
28 октябрь куни Амударё тумани муҳандислик техникумида ёшларни қонунчиликдаги янгиликлар билан таништириш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларига қарши курашиш мақсадида тумандаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари ёшлар билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Жасур Ўразбоев, Фуқаролик ишлари бўйича туман суди раиси Қайрулла Атамуратов, туман прокурори ёрдамчиси Аббос Ниёзимбетов, Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи Нилуфар Жуманиязова, «Мадад» муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти Амударё туманидаги ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси Даврон Пирманов, туман ИИБ вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психолог Ўктам Ситбоев, туман Ички ишлар бўлими профилактика инспектори Мийирбек Узақбергеновлар иштирок этдилар.
Муҳандислик техникумида таълим олаётган бир гуруҳ ёшларни жалб қилган ҳолда ташкил этилган учрашувда Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Жасур Ўразбоев ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар, уларни келтириб чиқарувчи сабаблар ва омиллар, турли жиноятларнинг салбий оқибатлари, жиноятлар бўйича қатъий жавобгарлик белгиланиши хусусида атрофлича маълумот берди.
Таъкидланганидек, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш масаласи бугунги кунда ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Шу маънода мамлакатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан бирга жамоатчилик вакиллари томонидан ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онги ва маданиятини ривожлантириш ҳамда ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш борасида ташкил этилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари салмоғи тобора ортиб бормоқда.
Туманимиз ёшлари билан ўтказилган тарғибот учрашувида Фуқаролик ишлари бўйича туман суди раиси Қайрулла Отамуратов ёшлар ўртасида эрта никоҳ қуришнинг салбий оқибатлари, оилавий ажримлар сонининг кўпайишига олиб келаётган омиллар, фарзанднинг ота-она олдидаги бурч ва мажбуриятлари хусусида кенг турда тушунчалар бериб ўтди.
Учрашувда туман юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи Нилуфар Жуманиязова Давлатимиз раҳбарининг “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан шаҳар ва туман адлия бўлимлари ҳузурида давлат ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилганлиги, шунингдек, шу йил 1 октябрдан Амударё туманида ҳам Юридик хизмат кўрсатиш маркази ўз фаолиятини бошлаганлиги ҳақида маълумот бериб, ёшларга ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак лозим бўлса, марказга мурожаат қилишлари лозимлиги ҳамда марказдаги ходимларнинг бу борада самарали фаолияти йўлга қўйилгани хусусида сўз юритди.
Шунингдек, учрашувда ёшларга меҳнат қонунчилигидаги қатор янгиликлар, ёшлар бандлигини таъминлашда яратилаётган имкониятлар, келажак эгалари бўлган ёшларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари баркамол авлод бўлиб вояга етишларига қаратилган эътобор ҳақида сўз юритилди. Ёшлар турли масалалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга аниқ жавоблар олдилар ҳамда қизиқишлари, озру-истак ва мақсадлари билан ўртоқлашдилар.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶