СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИ МАСЪУЛЛАРИНИНГ ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Республикамиз ҳудудларида фаолият кўрсатаётган Адлия бўлимларининг асосий вазифаларидан бири қабул қилинаётган қонунлар, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини туманлар тузилмаларидаги ижрочиларга етказиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари билан биргаликда керакли чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобланади. Шу муносабат билан Амударё тумани Адлия бўлими томонидан тумандаги давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, янгидан қабул қилинаётган норматив ҳуқуқий ҳужжатларни кенг аҳоли қатламига етказиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида тарғибот тадбирлари амалга оширилиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 16 ноябрь куни тумандаги 2-сонли касб-ҳунар мактабида ёшларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, янгидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таништириш ва мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан таништириш мақсадида тарғибот тадбири ўтказилди. Учрашувда Жиноят ишлари бўйича Амударё тумани суди раиси Жасур Ўрозбоев, Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман суди раиси Қайрулла Атамурадов, туман Адлия бўлими масъуллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида ёшларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунлар тўғрисида сўз юритилди. Шунингдек, Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 январдаги “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори юзасидан тушунтиришлар берилди.
Жиноят ишлари бўйича Амударё тумани суди раиси Жасур Ўрозбоев ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, уларнинг салбий оқибатлари, жазо чоралари хусусида сўзлади. Шунингдек, ҳар қандай ҳуқуқбузарликлар ва жиноий ҳатти-ҳаракатлар содир этганлик учун ёшидан ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларнинг тегишли моддалари билан қонуний жавобгарликка тортилиши ҳақида маълумотлар бериб ўтди.

Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман суди раиси Қайрулла Атамурадов ҳам бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аксарияти, келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънан етук бўлиб камол топишлари учун барча шароитлар яратилиб берилаётганини таъкидлаб, бунга жавобан эса уларнинг берилаётган шароитлардан оқилона фойдаланиши ва тўкис билим олишлари учун турли хил салбий иллатларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаб, ўз мақсадлари йўлида бардавом кетишлари зарурлигини қайд этди.
Шу билан бирга тадбир давомида масъуллар томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тушунчаси, турлари, ёшлар орасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг олдини олиш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида қизиқарли маълумотлар айтиб ўтилди. Вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш учун ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун спортга ва кўпроқ китоб ўқишга жалб қилиш, таълим муассасалари, маҳалла ва ота-оналар ўртасида доимий равишда ҳамкорлик ўрнатилиши лозимлиги таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари суд-ҳуқуқ-масъулларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб батафсил жавоблар олишди.
Жамшид Бекимбетов, туман Адлия бўлими бош мутахассиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶