АДЛИЯ БЎЛИМИ ТОМОНИДАН ХАЛҚАРО КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги ва Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан туман Адлия бўлими томонидан аҳоли ўртасида турли тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Тадбирларда мамлакатимиздаги янгидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирилиб, фуқароларнинг ҳуқуқий тушунчалари кенгайтирилди.
Жорий йилнинг 2 декабрь куни ҳам сана муносабати билан туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қуватлаш бўлими биносида Адлия бўлими ва Ички ишлар бўлими масъуллари иштирокида учрашув ўтказилиб, ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра янгидан қабул қилинаётган қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини туманлар тузилмаларидаги ижрочиларга етказиш туман адлия бўлимларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари билан биргаликда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш, «республика – вилоят – туман – маҳалла» принципи бўйича ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил этиш кабилар ҳам бўлим масъуллари томонидан ташкил этилади.
Бу борадаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида туман Адлия бўлими томонидан тумандаги давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, янгидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кенг аҳоли қатламига етказиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида тарғибот тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.
Мазкур тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар юзасидан тушунтиришлар берилди. Шунингдек, коррупция ҳар бир мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун улкан таҳдид эканлиги, у жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емириши, одамларнинг давлатга, бошқарув идораларига ишончини сўндириши, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокига салбий таъсир кўрсатиши таъкидланди.
Шу билан биргаликда ижро интизомини мустаҳкамлаш, берилган вазифа ва топшириқларни сидқидилдан бажариш бугунги куннинг муҳим талабларидан эканлиги айтилди. Айниқса, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш борасидаги вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Учрашувда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга тўлиқ, батафсил тушунтиришлар берилди ҳамда уларнинг бу тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари, таклифлари ҳам эшитилди.
Жамшид Бекмибетов, туман Адлия бўлими мутахассиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶