ЭЗГУ МАҚСАДЛАР ЙЎЛИДА
Сўнгги йилларда туманимиз овул ва маҳаллалари обод ва фаровон гўшаларга айланиб бормоқда. Тумандаги Бобур номли овул ҳудудида яшовчи аҳоли доимий турғун халқ бўлиб, мазкур қишлоқнинг ўзига хос тарихи, тараққиёт тамойиллари мавжуд.
Овулдаги 1223 та оилага бирлашган 4521 нафар аҳолининг асосий қисми ўзбек миллатига мансуб бўлса-да, ушбу табиати ўзига хос, бетакрор заминни жондай азиз Ватан билиб, шу эл ободонлиги йўлида фидойилик билан меҳнат қилаётган қорақалпоқ, қозоқ, туркман, бошқирд миллатларининг худди бир оила фарзандларидай аҳил-иноқлиги таҳсинга муносиб.
Айни пайтда ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг 1811 нафари тумандаги турли корхона ва ташкилотларда меҳнат қилишади. 113 нафар киши тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Хусусан, 27 нафар киши савдо-сотиқ йўналишида, аҳолининг 23 нафари чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик йўналишларида, 34 нафари тадбиркорликнинг бошқа соҳаларида ўз фаолиятларини йўлга қўйишган.
Аҳолининг асосий қисми ҳудуддаги 9 та фермер хўжаликларида ижара-шартномалари асосида меҳнат қилишади. Аҳоли фарзандларининг муносиб таълим-тарбия олишлари учун 3 та мактабгача таълим ташкилоти ва 3 та умумтаълим мактабида барча шароитлар яратилган. Замон талаблари даражасида жиҳозланган маданият маркази, спорт майдончалари, мактаблар ҳузуридаги ва маҳаллалардаги кутубхоналарда зарур шарт-шароитлар мавжуд.
Шунингдек, Сейтовул, Нукусовул, Қўнғиротовул маҳаллаларида 9 та савдо шохобчалари, 2 та дорихона, оилавий поликлиника хизматидан аҳоли мамнун.
Қишлоқдаги 823 та хонадоннинг ўз томорқа ери бор. Томорқа ер эгалари умумий 110 гектар майдонда деҳқончилик қилишади. Шундан 216 та хонадоннинг дала томорқа хўжалиги мавжуд. Деярли ҳар бир томорқа хўжалигига эга хонадоннинг ўз чорваси, паррандаси бор. Ҳудуд аҳолисининг 175 нафари эса асаларичиликни йўлга қўйишган. 22 та хонадонда эса енгил сиғимли иссиқхона ташкил этилган.
Сўнгги йилларда қишлоқда бир неча инфратузилма объектлари қурилиб, кенг кўламли ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Хусусан, қишлоқнинг марказий кўчасига тунги чироқлар ўрнатилиб, туман марказига автобус қатнови йўлга қўйилди. Шунингдек, аҳолига 2 та тозаланган сув етказиб бериш, 1 та умумий овқатланиш шохобчалари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Қўнғиротовул маҳалласи ҳудудида янги иморат қуриб, кўчиб ўтган 27 та хонадон томорқаларини сув билан таъминлаш учун янгидан ариқ қазиб берилиб, ҳудудни яшил маконга айлантириш мақсадида 211 туп игна баргли дарахт кўчатлари ўтқазилди, 1 та хусусий МТТ ишга туширилиб, Сейтовул маҳалласига янгидан иморат қуриб, кўчиб келган аҳолига қулайлик яратилиб, йўллар тартибга келтирилди. Қўнғиротовул маҳалласидаги 2 та янги кўча тартибга келтирилди ва салкам бир чақирим узунликдаги йўл кўтарилиб, шағал-тош ётқизилди.
Ижодий гуруҳимиз билан алюминийдан дераза ва эшик ромларини ишлаб чиқариш, иссиқ нон ёпиш, мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш, иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиб, элдошлари учун зарур қулайликлар яратиб, муносиб хизматлари орқали халқ олқишига сазовор бўлаётган тадбиркорлар фаолияти билан яқиндан танишдик.
Хусусан, алюминийдан дераза ва эшик ромларини ишлаб чиқариш орқали элдошлари учун қулайлик, оиласи учун зарур даромад манбаини яратган тадбиркор О.Ержанов оила аъзолари ва шогирдлари билан биргаликда ишлаб чиқараётган замонавий эшик ва дераза ромлари сифатлилиги ҳамда кўркамлиги билан харидоргир.
“Баҳром-Лолагул” кўптармоқли МЧЖ раҳбари Б.Йўлдошев ҳам ўз тадбиркорлик фаолияти билан ҳамқишлоқларининг ҳурматига сазовор бўлган.

Тадбиркор Т.Қулимбетов эса қўли гул уста. У ясаган мебель жиҳозларининг харидорлари ҳам талайгина. Т.Қулимбетов ва унинг шогирдлари тайёрлаган турли бичимдаги уй жиҳозлари, аввало ҳамқишлоқларининг, қолаверса, туманимиздаги кўплаб мижозларининг хонадонлари кўркига-кўрк қўшиб турганидан хурсанд.
Қишлоқда кекса авлод вакилларига алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, уларнинг аҳволидан тез-тез хабар олиб турилади. Ҳаётининг энг навқирон даврини эл-юрт фаровонлиги йўлида хизмат қилишдек шарафли ишга бағишлаган, Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида катта ёшлилар билан бирга меҳнат қилган 90 ёшли Каримбой ота Қулибоев ҳамда Омонгул момо Сейитмамутовалар бугунги кунда ҳамқишлоқларининг фахр-у ифтихорига айланишган.
Яна бир тадбиркор Н.Қулимбетов хонадонида бўлсангиз, албатта, сизни қишин-ёзин хушбўй лимонли чой билан сийлашади. Ўз томорқа ерида 3,5 сотих енгил сиғимли иссиқхона хўжалигини ташкил қилган Низомаддин оға 50 туп ноёб лимон ҳам ўстирган.
Қишлоқдаги 86-сонли мактабнинг математика фани ўқитувчиси Қ.Собуров эса овул ёшларининг етук ва билимдон инсонлар бўлиб етишишларини таъминлаш орзусида мактабда математика тўгарагини ташкил қилган.
Яна бир фидойи тадбиркор М.Самандарова ўзининг чеварлик ҳунари билан ҳамқишлоқларининг талаб ва эҳтиёжларига муносиб хизмат кўрсатаётганидан мамнун.
Бугунги кунда Бобур номли гўзал бу қишлоқ аҳли ана шундай фидойи, бири-биридан меҳнаткаш, элим, юртим, оилам бахти, фаровонлиги деб яшаб, меҳнат қилаётган фарзандлари борлигидан мамнун ва миннатдор яшашга ҳақли. Чунки бу қишлоқнинг ҳар бир хонадони, ҳар қарич ери улар учун азиз, муқаддас. Ана шу туйғу қишлоқ аҳлини янада эзгу мақсадлар сари ундайверади.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶