Гендер зўравонликка учраган аёлларга психологик ёрдам кўрсатиш бўйича семинар-тренинг ўтказилди
Гендер зўравонлик географик, ижтимоий ёки иқтисодий чегара билмайди. Ривожланаётган, ривожланган мамлакатларда ҳам бу муаммога барҳам бериш жиддий чоралар кўришни талаб қилади. Бирлашган Миллатлар ташкилоти маълумотларига кўра, 15 ёшдан ошган ҳар учинчи аёл ҳаёти давомида камида бир марта бўлса ҳам, жисмоний ёки жинсий зўравонликка учрамоқда.
Мамлакатимизда аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, зўравонлик қурбонларини реабилитация қилиш бўйича қатор аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аёлларга ижтимоий, иқтисодий ва психологик ёрдам кўрсатишда масъул ташкилотлар томонидан ўтказилаётган тренинг машғулотларининг аҳамияти катта.
20 декабрь куни Амударё туманидаги 16-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ҳам гендер зўравонликка учраган аёлларга психологик ёрдам кўрсатиш бўйича семинар-тренинг машғулотлари ўтказилди.
Семинар-тренингда Амударё тумани Халқ таълими бўлими психолог-методисти, Татьяна Пирлепесова, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро маркази директори Гавҳар Чимбайчиева, Хотин-қизлар масалалари бўйича профилактика инспектори Гавҳар Ўтемуратова ва тренер, 27-мактаб психологи, Мавлуда Тўраева ҳамда 45 нафар психологлар қатнашдилар.
Семинар-тренингни 27-мактаб психологи Мавлуда Тўраева олиб борди. Мазкур тренингда қатнашчилар гендер зўравонлиги бўйича асосий тушунчалар, зўравонликнинг жабрланувчиси, сабаблари ва оқибатлари, бундай ҳолатларга жавобан чоралар тақдим этиш механизмлари тўғрисидаги маълумотларга эга бўлибгина қолмасдан, жабрланувчи билан ишлаш усулларини амалиётда қўллаш бўйича ўз малакаларини оширдилар.
Бундан ташқари, мактаб психологларига ўсмир ёшидаги ўқувчи қизларнинг руҳияти ва ички дунёсини билиш ва шу асосда муомала қилиш борасида маълумотлар берилди.
Маълумки, ўсмир ёшдаги қизларнинг ўзларига бўлган ишончи уларнинг ривожланиши ва бахтли ҳаёти учун жуда муҳимдир. Аёл- қизларнинг жамиятдаги мақоми эса жамиятнинг ривожланиши билан чамбарчас боғлиқдир.
Семинарда зўравонликка учраган аёлларнинг стресс аломатлари турлари, асаб тизими ҳолати, стресснинг олдини олиш ва даволаш, стрессга олиб келувчи омилга тўғридан-тўғри таъсир ўтказиш, стрессли вазиятнинг асл сабаби нимада эканлигини аниқлаш, ушбу вазиятни ўзгартира олишни баҳолаш каби кўплаб фикрлар баён этилди.
Шундан сўнг, психологлар тренинг давомида бир бирлари билан тажриба алмашишди. Бундай семинар-тренингларни ўтказишдан мақсад, аёлларимизни ҳимоя қилиш, ҳуқуқларини кафолатлаш, ишсиз аёл-қизларда мотиватция уйғотиб, уларда касбий кўникмаларни шакиллантириш, психологик, ҳуқуқий, тиббий, молиявий кўмак бериш, умуман, аёл-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишдан иборатдир. Семинарда иштирок этган мактаб психологлари гендер зўравонликка учраган аёлларга психологик ёрдам кўрсатиш бўйича билимларни янада мустаҳкамладилар. Семинар ўзаро фикр алмашиш ва савол-жавоблар билан давом этди.
Фотима Эшимбетова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶