ҲАРБИЙ ХИЗМАТ ЎҒЛИМНИ ЧИНИҚТИРДИ
Ота-она учун фарзандларининг камолини кўришдан ҳам улуғроқ бахт йўқ. Фарзанди ўғилми ёки қиз бўлишидан қатъий назар, уларнинг эл-юртга, оилага қайишган, меҳр-оқибатли, меҳнатсевар, билимдон инсонлар бўлиб вояга етишлари учун борини аямайди, керак бўлса, ўз ҳузур-ҳаловати, оромидан кечиб, фарзандларини бахт-у саодатли, касб-корли қилишга интилишади.
Оиламизда икки ўғил ва бир қиз фарзандларимиз ақлли-ҳушли, билимга интилувчан бўлиб вояга етаётганларидан хурсандман. Айниқса, катта ўғлим Жавоҳир Янгибоев эришаётган ютуқлардан ота-она сифатида кўнглимиз тўқ.
Жавоҳир туманимиздаги 40-сонли умумтаълим мактабининг 9-синфини аъло баҳоларга тугатди ва Тошкент шаҳридаги Солиқ ва молия коллежига ўқишга кирди. Коллежни тугатган йили туман Мудофаа ишлари бўлимидан чақирув қоғози келди. Ёшларни ҳарбий хизматга чақирув бўлимида барча синовлардан муваффақиятли ўтган Жавоҳир энг катта орзуси – аскарлик либосини кийиб, Армия хизматига отланди.
Мана бир йилдирки, Бухоро вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида, танкчилар бригадасида она Ватан олдидаги ўз йигитлик бурчини ўтамоқда. Ҳарбий хизматни ўташ жараёнида Шимоли-Ғарбий ҳарбий округ таркибидаги ҳарбий қисмлар аскарлари ўртасида ўтказилган ҳарбий машқлар мусобақаларида иштирок этиб, Ўзбекистонда фахрли 3-ўринни эгаллади ҳамда Шимоли-Ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан мукофотланди.
Ўғлимизнинг бу ютуғидан ҳам қувондик, ҳам фахрландик, Армия ҳаёти Жавоҳирни тоблади, бўйлари ўсиб, алпқомат йигит бўлди, яхши хизмати билан қўмондонлик назарига тушганидан жуда мамнунмиз.
Яқинда, Янги йил байрами арафасида Жавоҳир бизни яна бир қувончли хабар билан сийлади. Ўзи хизмат қилаётган ҳарбий қисм томонидан ўтказилган тест синовларидан ҳам муваффақиятли ўтиб, ОТМга ўқишга кириш учун қўмондонлик тавсияномасига ҳам эга бўлди.
Яна узоғи билан бир-бир ярим ойдан сўнг, ўз йигитлик бурчини адо этиб, жонажон Манғит шаҳрига қайтиш ва албатта, 2022 йилда ОТМ талабаси бўлиш орзусида она Ватан сарҳадларини сергаклик билан ҳимоя қилаётган ўғлимизни Миллий Армиямиз ташкил топганлигининг 30 йиллиги билан чин дилдан табриклаймиз ва орзу-интилишларига омад тилаймиз.
Муяссар ЭШМОНОВА,
Дўстлик маҳалласи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶