Биргаликда бахтли беш миллат
Амударё туманининг қайси қишлоғи ва маҳалласида бўлманг, ўзаро аҳил-иноқ тотув яшаётган инсонларни кўриб, кўзингиз қувонади. Бирининг қувончини бири хуш кўриб, шодлигига шерик бўлиб туришлари, тўй-маросимларида бир уйни алоҳида ясатиб, қўноқ кутиб-сийлайдиган ўзбек билан қозоқ, қорақалпоқ ва туркман ошна-оғайниларнинг меҳр-муҳаббати дунёларга татигулик! Шунинг учун Аму элининг тўй дастурхонларидан наинки ўзбекнинг палов ва норини, балки қозоқнинг туврама (тўғрама)си-ю бесбармағи (бешбармоқ), туркманнинг чалпаги билан қорақалпоқнинг курка гўштли жугари (жўхори) куртуги, қайиш куртуги жой олади. Бу таомларнинг пазандалари ҳам Аму элининг меҳр-оқибатли, дўст-дугона келинпошшалари!
Янги йил Амударёда ажиб орзулар билан бошланди. Ижодий гуруҳимиз билан Куюк кўпир қишлоғида бўлганимизда заминимизда бошланаётган йилнинг файз-у таровати ҳар бир хонадонга гўзаллик бахш этганига гувоҳ бўлдик. Ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, туркман, рус ва бошқа миллатлар оилалари ўзаро аҳил-иноқ яшаётган қишлоқда Жиянбой ота Тўрамуродов ва Бозоргул энадан ажиб нурли излар қолаётганига гувоҳ бўлдик.
Қорақалпоқ миллатига мансуб Жиянбой ота Тўрамуратов ва Бозоргул эна тарбиясини олган етти нафар ўғил-қизлар бугун етти жойда боғдай униб-ўсиб, илдиз отишган. Умр бўйи қишлоқдаги 21-сонли умумтаълим мактабида ўқитувчилик қилиб келаётган Жиянбой отанинг барча фарзандлари ўқимишли, илм-у ҳунарли бўлишган. Ота-оналари дуосини олиб, изларини босган тўрт ўғилнинг бири ИИБ ходими, уч нафари ўқитувчи, икки қизининг бири қардош Қозоғистон Республикасида оиласи билан тинч-тотув яшаса, оиланинг кенжаси Альбина ҳам ота касбини танлаган, ўқитувчи.
Куюк кўпир қишлоғи аҳлининг деярли ярмига устозлик қилган Жиянбой отанинг катта ўғли Инаят Тўрамуратов ота касбини ўзига шараф деб билганида ҳали мактаб ўқувчиси эди. Аниқ фанларга қизиқувчи Инаят умумтаълим мактабини аъло баҳоларга тугатиб, Қорақалпоқ Давлат Университетининг математика факультетида таҳсил олди. Университетни тугатиб, 1996 йилда илк меҳнат фаолиятини 14-сонли умумтаълим мактабида математика фани ўқитувчиси бўлиб ишлашдан бошлаган Инаят қисқа фурсат ичида ўзининг ташаббускорлиги, ташкилотчилик қобилияти билан мактаб педагогика жамоасининг ҳурмат ва эътиборини қозонди. 2007-2011 йилларда мактаб директорининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари сифатида ёш авлодни миллий-маънавий қадриятлар, истиқлол ҳамда миллатлараро тотувлик ғоялари асосида тарбиялаш борасида самарали иш олиб борди. Айниқса, унинг ҳудуддаги турли миллат оилаларида вояга етган ўқувчи-ёшлар билан ишлашиш, улар ўртасида ўзаро дўстлик, тотувлик анъаналарини мустаҳкамлаш борасида амалга оширган ибратли ишлари ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ миллатларига мансуб ўқувчи-ёшларнинг қалбларида “Барчамиз учун Ўзбекистон – ягона оила!” туйғусини янада мустаҳкамлади.
Инаят Тўрамуратов таълим-тарбия соҳасидаги ўзига хос иш услуби, ташкилотчилиги туфайли 2011 йилда 14-сонли мактаб директори вазифасига тайинланди. Мана 11 йилдирки, бу масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этиб келмоқда. Инаят ўзи раҳбарлик қилаётган педагогика жамоасида ўзаро меҳр оқибат, ҳурмат ва эҳтиром муҳитини яратган ва ана шу муҳит туфайли мактаб педагогика жамоаси бир эзгу мақсад – таълим-тарбия соҳасини замон билан ҳамнафас ривожлантириш йўлида ҳамиша якдил!
Инаят Тўрамуратовнинг оиласи эса том маънода байналмилал оилалардан бири. Ота-онаси қорақалпоқ миллатига мансуб бўлган бу катта хонадондан учирма бўлган Инаят қорақалпоқ ва унинг умр йўлдоши Зулфияхон Избасарованинг миллати қозоқ. Қозоқ ва қорақалпоқ миллатларига мансуб меҳр-муҳаббатли оилада дунёга келган Инаят билан Зулфияхоннинг фарзандлари ҳам илмга интилувчан, ақлли. Қизи Сарбиназ НДПИ талабаси, ўғли Бердақ 14-сонли умумтаълим мактабида ўқитувчи, Байрам билан Шаҳнозахонлар эса мактаб ўқувчилари.
“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”ни Жиянбой ота ва Бозоргул энанинг барча фарзандлари жам-ул жамликда, катта хонадонда кутиб олдилар.
– Укаларим Ильяс, Мурат ва Тозабой ўзбек қизларига уйланишди, - дейди Инаят мамнуният билан. – Сингилларим ҳам ўзлари ёқтирган инсонлар билан турмуш қуриб, катта синглим Муҳаббат қозоқ, кичик сингилларим эса тақдирларини ўзбек оилалари билан боғлашди.
Дарвоқе, бу катта хонадондан илдиз отган оилалар бир мевазор боғ каби гуркираб, эл-юртга сингиб кетишган. Ўз ҳаётини қозоқ миллатига мансуб оила фарзанди билан боғлаган синглиси Муҳаббатнинг турмуш тарзидан ота-онаси ва оғаси Инаятнинг кўнгли тўқ. Айни пайтда Муҳаббат ўз оиласи билан Қоғоғистон Республикасининг Жамбул вилояти, Сариағаш шаҳрида истиқомат қилади. Лариса билан Альбина эса Инаят билан бир қишлоқда яшаб, бир жамоада меҳнат қилишади.
Жиянбой ота билан Бозоргул эна тартиб берган катта хонадоннинг тутумларига содиқ фарзандларнинг барчаси “катта отнинг ортидан чопиб” кам бўлишмади. Бугун Инаятнинг укалари Ильяс, Тозабой ва Мурат ҳам, ўзбек ва қозоқ миллатига мансуб келинлар, бири қозоқ, бири ўзбек куёвларнинг ҳар бир масалада кенгашиб, бири-бирига қайишиб туришларидан оилаларида файз-барака, ораларида туғишганлик меҳр, оқибат ва муҳаббат бор.
Ота-оналарининг изларини обод гулзор, катта хонадонни бозор – меҳр-оқибат ва тотувлик тафтидан мевазор боғ-у чаманга айлантириб, Аму элига, Куюк кўпир қишлоғига эл бўлиб яшаётган катта хонадоннинг катта соҳиби Жиянбой ота ва катта ўғил Инаят ва унинг туғишганлари оиласи ҳамиша яхшилар билан гавжум. Ака-укаларнинг қўни-қўшнилари, туғишганлари билан ўзаро аҳил-иноқлиги, тотувлигини, кўриб беихтиёр Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисни эсладик. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин”, - дейилади. Ваҳоланки, умрини эл-юрт фарзандлари таълим-тарбияси ишига бағишлаб келаётган қорақалпоқ фарзандлари, Жиянбой ота ва Бозоргул энанинг изларини босиб, бугун аҳли Куюк кўпир қишлоғида иззат-обрў, эътибор топиб яшаётган Инаят, Ильяс, Муҳаббат, Лариса, Тозабой, Мурат, Альбина ҳамда Инаятнинг умр йўлдоши қозоқ қизи Зулфия, бу катта хонадоннинг кенжа вакиллари - ўнлаб невара-ю чевараларнинг қалблари ана шу яхшилик нуридан ҳамиша обод. Кўнгиллари-кўнгилларга туташ маҳалладошлар қадамидан бу хонадон ҳамиша файзли, чароғон. Зеро, Аму элига хос бўлган ўзаро аҳиллик-тотувлик тафти ҳар битта хонадонга, ҳар битта оилага ана шундай файз, гўзаллик бахш этган ва бу гўзаллик ягона оила – Ўзбекистоннинг бетакрор зийнатидир.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶