ТУРКМАН ГИЛАМЛАРИНИ ХАРИД ҚИЛИНГ ВА ЎЗ ХОНАДОНИНГИЗГА КЎРК БАҒИШЛАНГ!
Қаерда дейсизми, Туркманистонга бормасдан туманимизнинг ўзидаёқ сизга шундай имконият яратамиз. Сиз хоҳлаган ўлчамдаги асл, нафис туркман гилам ва палосларини сотиб олишингиз ёки уларга буюртма беришингиз мумкин.
Тумандаги Амир Темур номли овул ҳудудидаги Меҳнаткаш аҳоли пунктида асосан туркман миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуд аҳолиси асосан деҳқончилик билан шуғулланади.
Айтиш жоизки, қарийб йигирма йилдан буён ушбу ҳудуддаги аҳоли шуғулланадиган қадимий ва миллий ҳунармандчилик турларидан бири бўлган туркман гиламдўзлиги тўхтаб қолган эди. Ушбу фаолият бугунга келиб, туман прокуратураси ташаббуси ва бошқа масъулларнинг жонбозлиги туфайли қайта йўлга қўйилди.
Меҳнаткаш аҳоли пунктида яшовчи ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланишига кўмаклашиш мақсадида туман прокуратураси томонидан 5 та хонадонга тўқиш станогини ўрнатиб берилиб, гилам тўқиш учун зарур бўлган маҳсулотлар ва бошқа тўқиш ускуналари билан таъминланди. Ўтган йилнинг баҳор ойларида фаолият бошлаган гиламдўзлик цехларида айни пайтда бири-биридан чиройли гилам ва палослар тўқилиб, харидорларга етказиб берилмоқда.
Қадимдан маълумки, қардошларимизнинг анъанавий гиламдўзлиги қўл меҳнатига асосланади. Гиламларда ранг-баранг нақшлар, манзаралар, ушбу халқ миллий қадриятлари, анъаналари, маҳаллий ҳайвонот ва наботот олами тасвирланади. Ушбу касб асрлардан асрларга, авлодлардан авлодларга ўтиб келаётгани учун ҳам жуда қадрланади. Шу сабабли туркман гиламдўзлиги инсоният номоддий маданий бойлигининг Репрезентатив рўйхатига киритилган.
Азиз юртдошлар, биз билан бир ҳудудда яшаб келаётган қардошларимиз қўл меҳнати билан яратилган, бири-биридан чиройли, қадимий ва замонавий андозалардаги нақшлар уйғунлашган, фусункор ва бежирим туркманий гиламлар, палосларни сиз ҳам харид қилишингиз мумкин.
Агарда хонадонингизни асл гиламлар билан безаб, кўркига кўрк қўшмоқчи бўлсангиз, туманимиздаги Амир Темур номли овул ҳудудидаги Айна Байраммуродова хонадонида туман прокуратураси ташаббуси билан ташкил қилинган цехга ташриф буюриб, ўз кўзингиз билан кўринг ва харид қилинг.
Қўшимча маълумотлар учун: 94 451 87 06 телефон рақамига қўнғироқ қилишингиз мумкин.
Озода Худойберганова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶