СУДЛАР ХАЛҚНИНГ ЭНГ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯЧИСИДИР
Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди томонидан фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияларида мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва манфаатлари қонуний йўл билан ҳимоя қилиб келинмоқда.Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги кенг нишонланган шу кунларда жойларда ўтказилаётган сайёр қабул ва учрашувларда фуқароларга Конституциянинг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси судлари томонидан 2022 йил давомида одил судловни амалга ошириш сифатини янада яхшилаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилинишини тўлақонли таъминлаш бўйича алоҳида Ҳаракатлар дастури тасдиқланган бўлиб, унга кўра, тумандаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёш терговчилари иштирокида ҳар ойда икки марта суд раиси ва ходимлари томонидан судларда амалиёт ўташ ташкиллаштирилди.
Ҳафтанинг ҳар пайшанбасида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” тадбирлари доирасида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, жамиятда тутган ўрнини оширишга қаратилган мулоқотлар ташкил этиш, содир этилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларнинг келгусида содир этилишининг олдини олиш масалалари муҳокама қилиниб, бу мулоқот ва муҳокама тадбирлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилмоқда.
Бундан ташқари, олис қишлоқ ва маҳаллаларда яшовчи фуқаролар билан сайёр қабуллар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг 1-чорагида Дўрман, Холимбег, Қиличбой, Бўз ёп, Хитой, Куюк кўпир овуллари ва Тор ёп, Чордара маҳаллаларида ўтказилган сайёр қабулларда, шунингдек, март ойида Оқ олтин, Ўрта қалъа, Бобур номли овуллар ҳамда Жумуртов шаҳарчасида ташкил этилган сайёр қабулларда аҳоли муаммолари жойига чиқиб ўрганилди. Фуқароларнинг оғзаки мурожаатлари юзасидан 46 та ариза ва шикоят қабул қилиниб, шундан 27 та фуқаро билан сайёр қабул жараёнида ошкора ва самимий мулоқот ўтказилди.
2022 йилнинг ўтган 3 ойи давомида ойларда “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш” мавзусида давра суҳбатлари ўтказилиб, ушбу иллатнинг давлат ва жамиятга зарари тушунтириб келинмоқда.
Жойлардаги криминоген вазият таҳлилидан келиб чиққан ҳолда туман суди томонидан ҳуқуқий мавзуларда корхона, муассаса, ташкилотлар ҳамда аҳоли ўртасида ҳам учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилиб, 18 марта ҳуқуқий мавзулардаги маърузалар ўқилди. Оммавий ахборот воситаларида 34 та, веб-сайтларда 22 марта чиқишлар қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди томонидан 2022 йилнинг ўтган 3 ойи давомида 20 иш бўйича 28 нафар шахсга нисбатан жиноят иши бўйича айблов ҳукми чиқарилиб, 12 иш бўйича 13 шахсга жиноят иши тарафлар ярашганлиги сабабли ҳаракатдан тугатилган, 1 иш бўйича 1 шахсга нисбатан оқлов ҳуқми чиқарилган. 28 нафар шахс судланиб, шундан 2 нафар шахсга жарима, 11 шахсга ахлоқ тузатиш ишлари, 6 шахсга озодликдан маҳрум қилиш, 5 шахсга озодликни чеклаш билан боғлиқ жазо, 1 шахсга оқлов ҳукми ва 3 шахсга нисбатан айблов ҳукми чиқарилган.
Ушбу даврда 8 нафар шахсга Жиноят Кодексининг 45-моддасига асосан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси, 3 нафар шахсга енгилроқ жазо тайинланди.
Шуниси эътиборлики, 2022 йил 3 ойи давомида жами кўриб тамомланган 33 та жиноят ишидан 11 таси сайёр суд мажлисида кўрилди.
Судьяларнинг вазифаси фақат жиноят содир этган шахсни жазолаш эмас, балки уни қайта тарбиялаш, жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва уни бартараф этишдан иборат. Зеро, муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтадиган бўлсак, “Суд биносига келган ҳар бир фуқаро, Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак”. Демак, судлар шахсни жазоловчи эмас, балки ҳамиша халққа хайрихоҳ, унинг энг яқин маслаҳатгўйи ва ишончли ҳимоячиси бўлиши учун собитқадамлик билан фаолият юритиш ҳар бир судьянинг зиммасидаги масъулиятдир.
Ж.Уразбаев, Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶