АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ ПРИНЦИПИГА АМАЛ ҚИЛАЙЛИК
Айбсизлик презумпцияси умумҳуқуқий норма бўлиб, унга амал қилиш жиноят процессининг барча босқичларида устувор ҳисобланади. Ҳуқуқий ҳужжатлар инсон манфаатига хизмат қилади ёки аксинча, эркин ҳаракатланишга тўсиқ бўлиши ҳам мумкин. Жаҳон тажрибасида деярли барча мамлакатлар қонунчилигида айбсизлик презумпцияси (айбдорнинг жинояти қонуний тартибда исбот қилинмагунча, у айбсиз ҳисобланади ва айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас) мавжуд.
Хўш, Ўзбекистон қонунчилигида вазият қандай? Айбсизлик презумпциясига амал қилинмоқдами?
Конституциямизнинг 26-моддасида “Жиноятда айбланаётган ҳар бир шахснинг айби очиқ суд муҳокамаси йўли билан қонуний тартибда аниқланмагунча, айбсиз деб ҳисобланади ва унга ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар яратилади” деб кафолатланган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида ушбу тамойилга кенгроқ таъриф берилган. Олий суд Пленуми қарорининг 6-бандида ҳам тўғридан-тўғри “Суд муҳокамасининг очиқлиги суд мажлисида жараён иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан оммавий ахборот воситалари вакилларига ҳозир бўлиш имкониятини бериш орқали таъминланади” дейилган.
Мисол тариқасида, шахс қайсидир жиноятни қилганликда худдики, айбдор сифатида жамоатчилик ўртасида, масалан, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинди. Бироқ эртага судда шахснинг айби исботланмай, у оқланса-чи? Шахснинг кейинги тақдири нима бўлади? Маълум бир тизим ёки соҳанинг обрўси нима бўлади? Оқибатда судланувчи шахснинг шарманда бўлгани қолади, шаъни, қадр-қиммати камситилади. Шахс ишлаётган тизимнинг обрўйини тушириб, унинг нуфузини пасайтириб, халқнинг ўша ташкилотга нисбатан салбий фикрларининг пайдо бўлишига олиб келади.
Шунингдек, шахснинг гўёки жиноят содир қилганликдаги ҳаракатлари интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниши келгусида тергов органининг ишни тергов қилишда ёки судда ишни кўришда мустақил судяда ўша шахсга нисбатан барвақт салбий хулоса шаклланишига туртки бўлиши мумкин. Бу эса мустақил суднинг фикрига қайсидир маънода таъсир қилишга олиб келади.
Баъзи ҳолларда ижтимоий тармоқларда жамоатчилик иштирокидаги кенг муҳокамалар ишни юритаётган тергов органига ҳам таъсир қилиб, қонуний қарор қабул қилишда чалғиш ҳолатлари ҳам учрамоқда ва бу шахснинг айбсизлик презумпциясига зид равишда шахс тақдирига бевосита таъсир қилмоқда.
Шубҳасиз, журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ўзлари чоп этаётган ахборотларнинг тўғрилиги ҳамда уларни баён этиш шаклининг одоб доирасида бўлиши учун жавобгардирлар. Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунида журналистнинг айбсизлик презумпциясига амал қилиши, шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шартлиги кўрсатилган. ОАВда тарқатилган ахборот ҳақиқатан ҳам шахснинг шаъни, қадр-қиммати ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқини бузиши мумкин.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, қонун устувор бўлган давлатда, ҳуқуқий демократик жамиятда сўнгги сўзни ҳамиша суд айтади. Суд сўнгги сўзини айтгунча, шахснинг айбдор ёки айбсиз эканлигини муҳокама қилмасдан, айбсизлик презумпциясига амал қилайлик.
Ш.Ваисниязов, туман Адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶