Ёшлар куни муносабати билан “Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида тадбирлар ўтказилди
Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, ақлан етук, жисмонан соғлом, интеллектуал салоҳиятли, маънан баркамол қилиб вояга етказиш, қолаверса, қилган меҳнати ва эришган ютуқларига яраша рағбатлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 30 июнь санаси Президентимиз ташаббуси билан “Ёшлар куни” дея эълон қилиниши ҳамда ҳар йили байрам сифатида нишонланиши эртамиз эгаларига қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир. Бу йил ҳам байрам муносабати билан июнь ойи “Ёшлар ойлиги” деб эълон қилиниб, ойлик доирасида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Амударё туманида ҳам Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари ёшлар куни ҳар йилдагиданда ўзгача, кўтаринки руҳда нишонланди.
24 июнь куни бутун кун давомида бўлиб ўтган спорт тадбирлари, учрашувлар, интеллектуал ўйинлар ҳамда гала концерт юқори савияда, ёшларнинг фаол иштирокида ташкил этилди.
Эрталабки соат 7:30 да старт берилган веломарафонда туманимизнинг фаол ўғил-қизлари иштирок этиб, Ўрта қалъа овули ҳудудидаги чорраҳадан туман ҳокимлиги биносигача бўлган 3 км. масофани босиб ўтиб, финиш чизиғига етиб келдилар.
Веломарафон ниҳоясига етгач, ўғил ва қиз болалар ўртасида югуриш марафонига старт берилди. Иштирокчилар белгиланган масофага қисқа муддатда етиб келиб, ўзларининг эпчиллик қобилиятларини амалда кўрсатишди.
Шундан сўнг туман ҳокимлиги биноси олдида веломарафон ҳамда югуриш мусобақаларида 1-, 2-, 3- ўринларни қўлга киритган ёшларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими ўринбосари Маҳмуд Шерметов, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи Сардор Исмаилов, туман Спортни ривожлантириш бўлими бошлиғи Ғулом Қурбонбоевлар иштирок этишди.
Веломарафон бўйича ўғил болалар ўртасида Шаҳзод Соатбоев биринчи ўринни, Суннат Адамов иккинчи ўринни, Диёрбек Ҳасанов учинчи ўринни эгаллади. Қиз болалар ўртасида эса Маҳлиё Маткаримова барча рақибларини ортда қолдириб, мутлоқ ғолибликни қўлга киритган бўлса, Маржона Сабурова иккинчи ўрин, Соҳиба Аширова учунчи ўрин соҳибалари бўлишди.
Югуриш марафонида ўғил болалар ўртасида Диёрбек Шомурадов 1-ўринни, Рашид Искандаров 2-ўринни, Раҳмон Эсбосинов 3-ўринни қўлга киритишди. Қиз болалар ўртасида эса Динора Озодова белгиланган масофани рақибларини ортда қолдирган ҳолда биринчи бўлиб босиб ўтган бўлса, Нодира Қодирова 2-ўринга, Муҳлиса Тўлибоева 3-ўринга муносиб кўрилди. Ғолибларнинг барчаси медаль, диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Шундан сўнг Янгиобод маҳалласи ҳудудида жойлашган сунъий қопламали спорт майдончасида спортнинг камондан ўқ отиш ҳамда мини футбол турлари бўйича мусобақаларга старт берилди.
Мини футбол бўйича шиддатли ва муросасиз кечган учрашувда Чордара маҳалласи ёшлари 1-ўринни, Олмазор маҳалласи ёшлари иккинчи ўринни, Дарёбўйи маҳалласи ёшлари жамоаси 3-ўринни қўлга киритшди. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Ёшлар кунида имконияти чекланган ёшлар билан ҳам учрашув ўтказилди. Туман ҳокими ўринбосари Маҳмуд Шерметов ҳамда Ногиронлар жамияти туман бўлинмаси масъуллари имконияти чекланган ёшларга олий ўқув юртлари, ўрта махсус мактаб-интернатлар ва техникумларга ўқишга топшириб, ҳаётда ўз ўрнини топиш борасида тавсияларини бериб ўтди.
Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти туман бўлими биноси олдида “Ватанпарвар – менинг танловим!” шиори остида тадбир ўтказилди. Тадбирда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, она Ватанга меҳр-муҳаббатини янада мустаҳкам қарор топтиришга бағишланган кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Олмазор маҳалласи ҳудудида жойлашган 1-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида старт берилган сузиш мусобақасида туманимизнинг турли ҳудудларидан фаол ёшлар иштирок этишди. Якуний натижаларга кўра, Жавоҳир Отажонов белгиланган муддатда масофага етиб келиб, мутлоқ ғолиблини қўлга киритди.
Шундан сўнг Дўстлик маҳалласи ҳудудида жойлашган Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими биносида шахмат бўйича “Ёшлар ишлари агентлиги кубоги” турнири бўлиб ўтди. Турнирда Жаҳонгир Аминов 1-ўринни, Оғабек Тўраев 2-ўринни, Камола Қадамбоева 3-ўринни эгаллади. Ғолиблар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан муносиб тақдирландилар.
Шунингдек, туман Маданият маркази биносида “Заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди. Унда туманизнинг билимга чанқоқ фаол ёшлари иштирок этиб маҳалласи шаънини муносиб ҳимоя қилдилар. Якуний натижаларга кўра, Олмазор маҳалласи ёшлари 1-ўринни, Қипчоқ овули ёшлари жамоаси 2-ўринни, 92-02 ҳарбий қисм аскарлари 3-ўринни эгалладилар.
Ёшлар куни муносабати билан Маҳалла ва нуронийларни қўллаб қувватлаш бўлими биносида ҳам вазир ва ёшлар учрашуви ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири Сағиндиқ Турманов, туман ҳокими ўринбосари Маҳмуд Шерметов, туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Ғуломжон Дуйсенбаев ҳамда 30 дан ортиқ фаол ёшлар иштирок этишди. Учрашув расмиятчиликдан ҳоли, самимий тарзда бўлиб ўтди. Учрашув давомида вазир барча ёшларни байрам билан табриклаб, ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида тўхталди ҳамда фаол ёшларга китоблар совға қилди.
Шундан сўнг Дўстлик маҳалласи ҳудудида жойлашган 2-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби стадионида якуний гала концерт дастури бўлиб ўтди.
Концерт дастурини очиб бериш ҳамда ёшларни табриклаш учун бадиий майдонга туман ҳокими Султонбой Йўлдашев таклиф этилди. Туман ҳокими ўз сўзида мамлакатимизда ёшларга яратилган қулай шарт-шароит ҳамда имкониятларга тўхталиб ўтиш баробарида, келажагимиз эгаларини мазкур имкониятлардан самарали фойдаланиб, юқори маралларни забт этишга чорлади.
Шундан сўнг, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги танловларнинг Республика босқичида фаол иштирок этиб 1-, 2-, 3-ўринларни қўлга киритган, инглиз тилини билиш даражаси бўйича Халқаро сертификатлар соҳиби бўлган, шунингдек, турли танлов ҳамда мусобақаларда юқори ўринларни эгаллаган фаол ёшлар туман ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири Сағиндиқ Турманов ҳамда секторлар раҳбарлари томонидан тақдирланди.
Концерт таниқли хонандаларнинг куй-қўшиқлари ҳамда рақс дасталарининг гўзал рақслари билан давом этди. Ёшлар она Ватан, ёшлик, муҳаббат ва садоқат ҳақидаги қўшиқларга рақсга тушиб, мароқли ҳордиқ чиқардилар.
Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶