МИЛЛАТЛАР БИРЛАШИБ УММОН БЎЛАДИ
Ҳавасга муносиб аҳиллик
Ҳаёт жуда гўзал, ундан баҳра олиб яшаш янада гаштли. Атрофимизда рўй бераётган буюк ўзгаришлар иштирокчиси бўлиш эса – бахт. Ана шу бахтдан баҳрамандлик туйғуси қалбларимизга хотиржамлик бахш этади. Хотиржамлик - тинчлик, тотувлик меваси...
Тонгги намоз ибодатини адо этган (Аллоҳ раҳмат қилсин) онам оҳиста пичирлайди:
- Илоҳим юртимиз тинч, халқимиз омон, фарзандларимиз соғлом, баркамол бўлсин!
Беихтиёр қўлларимизни дуога очиб, онажонимнинг тилакларига қўшиламиз, бир ҳовуч дуони гўё бошларимиздан тўкиб, тинчлик неъматига шукрона келтирамиз...
Болалигимиздан бизга ҳамроҳ бўлган бу тонгги тилаклар ҳамон ҳар тонг дилимиздан тилимизга кўчади. Кўчаверади. Аввал момоларимиз, сўнгра онажонларимиз Яратгандан сўраган тонгги тилаклар энди бизнинг тилимизда жаранг сочаётир.
Вақт – югурик, умр – оқар дарё. Вақт изми, дарёдай гоҳ сокин, гоҳ жўшқин оқиб бораётган умр лаҳзалари тинчлик, хотиржамлик ато этганидан дилларда шукр, тилларда шукр, ҳар бир кунимизда шукр, тинчлик неъматидан кўкраклар баланд!
Бу тинчлик халқимиз, барча халқлар учун ўз-ўзидан келгани йўқ. Токи тонгларимизга осудалик, кўнгилларимизга хотиржамлик кириб келгунга қадар халқимиз азоб-уқубатлар исканжасида яшади. Ўзи нон ёпиб, қорни нонга тўймади, бўзчи белбоғга ёлчимади, боғбон сархил мевалар таъмини тотмади. Неки оғир меҳнат бўлса, елкалади, борига шукр, йўғига қаноат қилиб яшади халқ. Энг оғир дамларда ҳам бири-бирининг кўнгил қўрғонини бузмади, Ўзбекистон деган бағри кенг юртга бағрини босиб яшади халқ!
Ҳаёт сўқмоқлари ҳамиша равон бўлмаган. Қийинчиликлар, азоб-уқубатлар, сургунлар, қатағонлар, урушлар заҳрини тотавериб бағри пора бўлган халқ учун тинчлик – ота-онадай қадрли, жондай ширин азиз туйғу. Шунинг учун Ўзбекистонда ирқий камситиш, этник бўлиниш, айирмачиликлар йўқ. 140 га яқин миллат вакиллари аҳил ва тотув яшаётганининг сабаби ҳам оғир кунларда қўлни-қўлга бериб, бири-бирига меҳр нурини сочиб, кўнгил-кўнгилдан сув ичиб, шу азиз тупроққа илдиз отганлигидан, Ўзбекистонни умумий уйимиз, деб қадрлаганидан!
Албатта, Ўзбекистонда этник ўзига хосликни ривожлантириш ва миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштириш, халқлар дўстлигини мустаҳкамлашда 137 та миллий маданий марказларнинг ўрни катта. Чунки мамлакатимизни ўзларига абадий Ватан қилган 140 га яқин миллат ва элатларнинг моддий-маънавий қадриятларини асраб-авайлаш, тили, дини, урф-одат ва анъаналарига ҳурмат назари билан қараш, орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг мазмун ва моҳияти ҳам тинчлик, миллатлараро тотувлик ва дўстлик анъаналарининг бардавомлиги, мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган.
Шуни алоҳида мамнуният билан таъкидлаш керакки, турли миллат вакилларига ҳурмат ва эҳтиром, тинчлик, тотувлик, дўстлик тамойиллари асосида фаолият олиб борувчи миллий маданий марказлар собиқ МДҲ давлатларининг бирортасида ҳам йўқ. Ўзбекистонда эса халқлар ўртасидаги муштарак анъаналар, ўзаро борди-келдилар ана шу миллий маданий марказлар томонидан амалга оширилади ва бу ҳамиша эл-у элатларга, миллатларга манзур жиҳатлари билан дунё халқларининг ҳавасига муносиб.
Тинчлик ўғрилари
Халқимиз закоси туфайли яратилиб, асрлар синовидан ўтган бир ҳақиқат бор: “Осмонга тупурсанг, юзингга тушади”, дейишади. Аслида ақли расо одам ҳеч қачон осмонга тупурмайди. Лекин баъзан тўқликни кўтараолмаган, ўзгалар найрангига учган кимсалар осмонга тупуришдан ҳам, ҳатто тош отишдан ҳам қайтмасликларини кўп бора кузатганмиз. Тупуги юзига тушиб, юзи қора бўлганлар-чи?
Тарихга назар ташласак, оёғи ерда-ю кўнгли осмонни кўзлаб, бир бора “туф!” деб дунёни ўзига бўйсундирмоқчи бўлган қанчалаб қалби кўр золимлар ўтганига гувоҳ бўламиз. Фиръавн, Искандар Зулқарнайн, Наполеон, Гитлер... Уларнинг қалбларида “халқ” деган буюк тушунча, “халқ” деган буюк бирлик бўлмаган. Бутун фикри осмоқ, отмоқ, ўлдирмоқ, жаҳонга ҳукмрон бўлмоқ ўйи билан банд бўлган бу амалпараст кимсалар учун дўстлик, тинчлик, тотувлик деган туйғулар тамоман бегона, ягона мақсадлари эса халқларни ўзларига бўйсундириш, ҳатто гўдак, қушни қул қилиб, янчиб ўтиш эди. Гуллаб-яшнаб турган ватанларни култепага айлантириб, неки ёвузлик бўлса, барини қилиб, халқни эзган, тинчлигини, ҳаловатини поймол этиб, оиласига, аҳли аёлига, болаларига хиёнатлар қилгани учун ҳам улар умрбод ёвузлик тимсоли сифатида тарихнинг қора саҳифаларига ёзилиб қолди.
Оёғи ердан узилган, нафақат тарих, балки ер юзи миллатлари, элатлар, халқлар нафратига дучор бўлган Адольф Гитлернинг халқлар бахтига, тинчлигига қилган тажовузи, зулм-у истибдоди ҳамон дунё халқлари қалбини яралайди. Бу яра битмайди, асрлар, замонлар ўтаверади, асрдан-асрга, замонларга золим Гитлер номи билан боғлиқ хунрезликлар, қалб яралари тобора газак олиб, халқлар нафрати билан ўтиб бораверади...
Фашистлар босиб олинган ҳудудларда оккупация режими ўрнатиб, ўзларининг бошқарув усулларини “янги тартиб” деб атади. Ана шу “янги тартиб” қоидалари асосида Чехословакия ва Польша ҳудудларида ўлим лагерлари ташкил этилди. Мазкур ўлим лагерларида 11 миллиондан зиёд инсон – дунё халқларининг асл фарзандлари ўлдирилди. Асира аёлларнинг сочларидан кемалар мачтаси учун арқонлар эшилди...
“Qalampir.uz” сайтида эълон қилинган Сардор Алининг “Жоҳил” деб номланган мақоласида шундай сатрлар бор: “... фашистлар болалар терисидан аёллар сумкалари, қўлқоплар тайёрлашган. одам ёғидан совун ишлаб чиқарилган, мурдаларнинг жасадлари газли печларда куйдирилиб, ўғит сифатида экин майдонларига сочилган...”
Мана, нима учун дунё халқлари фашизмга лаънат ўқимоқдан бир лаҳза ҳам тўхтамайди. Чеки-чегараси йўқ зулмкор сиёсат туфайли миллионлаб миллатлар, элатлар эрки топталди, тинчлиги, бахти ўғирланди.
Ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш кўрган, халқлар тинчлиги учун курашган боболар, уруш ортида, меҳнат фронтида фидойилик қилган момолар, уруш болалари бўлган отахон ва онахонлар билан учрашиб, мулоқотда бўламиз.
- Аслини олганда, барчамизнинг илдизимиз бир халқлармиз, - дейишади худди ўйлашиб олишгандай. – Бир-бировга нари тур, дейиш – гуноҳ!
- Умрим бино бўлибдики, шу Аму элининг Холимбегида яшайман, - дейди Дарёбой оға Тўйлиев. – Менга бир инсон туркмансан, деганини эслайолмайман. Тўғриси, ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ дўстларимсиз ҳаётимда маъни бўладими?
Дарёбой оға Тўйлиев ва Дурдигул эже Гелдиеванинг оиласи эса халқлар дўстлигининг, миллатлар тотувлигининг ҳақиқий тимсоли – ўзбек, қорақалпоқ, туркман миллатларига мансуб келинларнинг одоб-у икроми, ўзаро меҳр-муҳаббатлари ҳавасга лойиқ.
Биргина Холимбег овулининг ўзида ўзбек, туркман, қозоқ, қорақалпоқ, рус, украин, татар миллатларига мансуб оилалар вакилларининг тинч-тотув, аҳил яшаб, бири-биридан ақлли, меҳнаткаш ўғил-қизларни тарбиялашаётгани кўнгилларнинг ёруғлигидан, миллатлар, халқлар дўстлигининг боқий ва қудратлилигидан далолат.
Нукус воқеалари содир бўлган кунларда менинг икки фарзандим – ўғлим ва қизим ўша ерда эди. Ижтимоий тармоқларда бир тўда оломонни ўзига қаратиб тенглик, тинчлик тўғрисида олди-қочди маъруза қилаётган кимсанинг кетидан эргашиб, ўз халқига қарата тош отаётган, миллий гвардия устига бостириб бориб, талотўплар уюштираётганларни кўриб, тун бўйи ухламай, Аллоҳга илтижолар билан тонг оттирдим. Нафақат мен, балки бутун оила, ҳатто невараларим ҳам Нукус шаҳрида бўлиб турган жигарбандларимизни қайғуриб, тунни тонгга уладик. Олов ичидаги автомобиллар, қора тутун бурқсиб турган Нукус кўчалари, қий-чув кўтариб, ҳукумат идорасига бостириб борган оломон – назаримда халқимизнинг тинчлиги, бахт-у саодати, имконларини кўролмаган ғаразли ниятдаги душманлар фирибига учган, адашган кимсалар эдилар. Ахир қачон қорақалпоқ ўзбегидан қўл узган-у, ўзбек қорақалпоғини “сен”лаб чақирган? Худди жуфт қушлардай бирга парвозга шайланган, жуфтлашиб учган қушлардай ўзбек ва қорақалпоқ ўз тарихларида ҳеч қачон бири-бирининг йўлини кесиб ўтмаган. Билъакс, бир майизни қирқ бўлиб еган, бир тандирда нон ёпишган, тевалари, қўй-қўзилари бир яйловда ўтлаб, бир ўтовда достонлар, ўланлар айтишган ўзбек ва қорақалпоқ халқлари мисоли эт билан тирноқ! Уларни бири-биридан айириш мумкин эмас, асло!
Эт билан тирноқ миллатлар
Болалигимдан менга таниш бир манзара ҳамиша қалбимга қувонч ва қудрат бағишлайди. Чойкўл овулида биз болалар яхши кўрадиган момолар, боболар, чечалар кўп бўларди. Уларнинг суҳбатлари ҳам, тайёрлаган таомлари ҳам ширин эди. Имит момо қозоқ, Бозоргул момомиз қорақалпоқ, Разия чечамиз татар, Ризида, Лида, Люба, Лейла, Арзайим, Ажаш, Қоллихон.... чечаларимиз бири қозоқ, бири рус, украин, бошқирд, молдаван, яна бирлари туркман эканлигини ёшимиз улғайганида билганмиз. Менинг билганим, уларнинг барчаси Чойкўл овулига эл бўлиб, қуда-қудағайчиликни ўрнига қўйиб, бир-бирларига чатишиб кетишгани. Аму элининг бир парчаси - Чойкўл овулини Ватан қилган ҳам-қишлоқларимнинг меҳр-муҳаббатидан ҳар уй, ҳар кўча чароғон, кичиги каттасидан тўрга чиқиб, қишлоқ катталарининг олдларидан кесиб ўтмаган бу чечаларимиз энди момо бўлишган. Невараларига тарбия беришда халқона тутумларни маҳкам тутишганидан кўпмиллатли ҳамқишлоқлар бири-бирига ҳамдам, дўст ва қадрдон.
Ана шу дўстлик, қадрдонликнинг теран илдизларига ҳар гал назар солганимда чойкўллик шоиртабиат отахон, Аллоҳ раҳмат қилсин, қозоқ миллатига мансуб Назаримбат оға Алмуратов билан қорақалпоқ фарзанди Балтақ шоир Йўлдошовнинг айтишувларини эслайман. Назаримбат ота қайси даврага борсалар – оддий гурунгни ҳам шеърий ифода этардилар. Балтақ бобони кўриб қолсалар илҳоми жўш уриб кетарди гўё:
– Қарлиғашдай ушиб-қўниб,
Келеғўйши Балтабай.
Минав турған ел тўйиб,
Бақсин сиртқа қарамай.
Ғаниметсен, ғанимет,
Сени етемин ҳурмет.
Халқим деп жирлағанда,
Маған келмейди наубет.
Унга жавобан Балтақ шоир бобомиз:
– Сен-де халқсанг, мен-де халқ,
Широғим, бавримда балқ.
Сен Шайкўлли, мен Шайкўлли -
Ҳаслимиз бўлинбес халқ, –
деб қироат билан шеър ўқирди. Халқ эса уларни жон қулоғи билан тингларди. Наинки тингларди, бири қозоқ, бири қорақалпоқ икки дўст, икки халқ ҳамда ўзбек, татар, бошқирд, рус, украин, молдаван, озарбойжон миллатларига мансуб, одоб-у икроми, меҳр-муҳаббатли туйғулари ўзбекона тутумларга қоришиб кетган ХАЛҚ уларга жўр бўлишарди. Ана шу жўр овозларни тиндириб кўринг-чи! Тинмайди бу овозлар, тиндиргулик куч уларга яқин келиб кўрсин-чи! Келаолмайди! Ана шудир кўнгиллари-кўнгилларга кўприк бўлган халқ қудрати, эт билан тирноқ миллатлар меҳр-муҳаббати! Бирининг боласига бири қанд тутган, келинларига аллалар ўргатган, бирининг боласи улғайган бешикка яна бири неварасини белаган эт билан тирноқ халққа ким тош ота олади? Ҳеч ким! Бу халқ – сермева дарахт. Дарахтга отилган тош дарахтнинг тагига тушади, баланд шохларига етаолмайди! Сермева, баланд шохлар униб-ўсаверади, дарахт тагига тушган тошлар эса вақтлар ўтиб эзилади, тупроққа сингиб кетади. Халқлар дўстлигининг беқиёс қудрати қошида ғаламислар отган тошлар нима у? Бир хас кабидир. Зотан,
Миллатлар бирлашиб уммон бўлади,
Енгилмас, қудратли аркон бўлади.
Меҳр-муҳаббати дунёларга тенг,
Буюк халқ, ҳазрати Инсон бўлади!
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶