КУЮК КЎПИР ОВУЛИДА ТУРЛИ МИЛЛАТЛИ АҲОЛИ ТИНЧ ВА ФАРОВОН ЯШАЙДИ
Инсон учун ўзи туғилиб ўсган гўша азиз ва қадрли. Аҳли дониш айтганидек, Ватан бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғормаклари даркордир. Дарҳақиқат, ундириб-ўстирган юртга юрак-юрагидан меҳр-муҳаббат қўйсагина, одамзод азму-шижоатга тўлиб, улуғ ишлар, яратувчанликлар, бунёдкорликлар қила олади, тенгсиз жасоратлар кўрсатади, элга шараф келтиради. Мамлакатнинг ҳар бир фуқароси ўзининг шу юрт тақдирига дахлдор эканлигини қалбан ҳис қилсагина, унинг ободлиги, фаровонлиги учун интилади, фидо бўлади.
Куюк кўпир овулида ҳам ана шундай ўз элига чексиз меҳр-муҳаббат қўйган, севиб ардоқлайдиган, унинг равнақи йўлида беминнат хизмат қилишни бурч деб биладиган чин ватанпарварлар яшайди. Азалдан меҳнаткаш, ҳамжиҳат, тотув-иноқ бўлган овул аҳолиси бирдамликда ўз маконларининг ободлиги йўлида ҳаракат қилиб, аҳилликда яшаб келишмоқда.
Кўп йиллардан бери Тамара Каримова раислик қилиб келаётган ушбу овулда Эшон овул ва Хўжа овул аҳоли пунктлари мавжуд. Ҳудуддаги 1032 та хонадонда 1167 оила, 5140 нафардан зиёд ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз миллатларига мансуб аҳоли яшайди. Кўп миллатли аҳоли аҳил яшаб келаётган бу овулда 2 та мактаб, 1 та давлат, 1 та оилавий нодавлат МТТ, 1 та оилавий поликлиника, 1 та кутубхона, савдо дўконлари, овқатланиш шохобчалари, дорихона, новвойхона ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият кўрсатиб келмоқда. Аҳоли асосан деҳқончилик ва чор-вачилик билан шуғулла-нади.
Овул ҳудудини ободонлаштириш мақсадида сўнгги йилларда 19-сонли МТТ биноси қайта таъмирланди ва барча қулайликларга эга бўлган болалар майдончаси қурилди. Орол боғи, Эшон овул кўчаларига қум-шағал тўкилиб, текисланди, 1,5 км.га яқин пиёдалар йўлакчаси бетондан қурилди. Яна бир кўчага умумий узунлиги 3,4 км. бўлган электр тармоқлари тортилди ва тунги ёритгич чироқлар қўйилиб, янгидан 4 та трансформатор ўрнатилди.
Йиғин раиси Т.Каримова, хотин-қизлар фаоли О.Аҳмадова, ҳудуддаги ҳоким ёрдамчиси Н.Норимбатов, ёшлар етакчиси А.Абдуллаев ҳамда профилактика инспектори А.Матюсуповлар фуқароларнинг муаммоларини ўрганиб, бартараф этишга, ҳар бирига яқиндан кўмак беришга биргаликда ҳаракат қилишмоқда.
Айниқса, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатида турган фуқароларнинг ҳолидан хабар олиниб, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик, касб-ҳунар ўрганишга кенг жалб этилмоқда. Ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан “Аёллар дафтари” рўйхатига олинган 10 нафар аёлга кредит маблағлари олиб берилди ва ўзини ўзи банд этишларига кўмаклашилди. Ҳозирги кунда “Темир дафтар”да 5 нафар, “Аёллар дафтари”да 92 нафар, "Ёшлар дафтари”да 72 нафар фуқаро рўйхатда бўлиб, уларга ҳам имкон даражасида ёрдам кўрсатилмоқда.
Овулдаги қозоқ миллатига мансуб Ҳайтбай оға Кетабаев ҳамда Гулора опа Абатовалар хонадонини энг намунали оилалардан деб айтса арзийди. Узоқ йиллар сув хўжалиги соҳасида фидойилик билан меҳнат қилган Ҳайтбай оға ҳозирги кунда нафақа гаштини сурмоқда. У Гулора опа билан 5 нафар фарзандни жамият, юрт кори-га ярайдиган фарзандлар қилиб тарбиялашган. Ҳайтбай оға ўз ота-боболари ўтган асрнинг бошларида шу элга келиб Ватан тутиб, ўтроқ яшаб бошлагани, отаси Жумамурод бобонинг Амударё дарёсида юк ташувчи кема дарғаси бўлганини эсга олди. У ҳамма билан оға-инидек бўлиб, қон-қариндош бўлиб кетгани, қўни-қўшнига меҳр-оқибатли бўлиб, борини баҳам кўриб, яхши-ёмон кунида елка тутиб яшаётгани ҳақида сўзларкан, ўзларини шу юртдан асло айро тасаввур қила олмаслигини таъкидлайди. 82 ёшгача яшаб, қарилик гаштини сурган Жумамурод бобо каби эл-юрт манфаатига хизмат қилиб, ҳаёт кечираётган Ҳайтбай оғанинг катта фарзандлари Илёс ва Манас, қизи Гулмира оилалари билан айни пайтда Қозоғистон Республикасида яшаб, турли соҳаларда меҳнат қилишади. Кичик ўғил Бахт билан қизи Жамила эса ўзлари туғилиб ўсган шу юртда меҳнат қилиб, тинч-тотув ҳаёт кечиришмоқда. Келинлар ҳам бири ўқитувчи, бири ҳамшира бўлиб, элдан олқиш олишмоқда.

Хонадон аҳли бўш вақтларида ҳовлидаги томорқа ерлари, боғ-роғлари, чорва, паррандаларини парвариш қилишади. Шу меҳнатлари эвазига рўзғорга керакли бўлган мева-чева, сабзавотларни етиштиришади. Ҳайтбай оға билан Гулора опа эса эгизак неваралар Алия, Альфия, Айдослар тарбияси билан банд. Уларга алифбедаги ҳарфларни кичиклигидан ўргатиб бошлашгани учун, энди 6 ёшга тўлган бўлса ҳам, ўқиб-ёзишни билишади.
Маънавиятли бу инсонларни йиғин масъуллари ҳам ўзаро келишмовчиликлар бўлаётган нотинч оилалар эгаларига доим ибрат қилиб кўрсатишади. Ўз навбатида овулнинг ёши катталаридан бўлган бу инсонларни ёшларга ҳаётий тажрибаларидан ўгит-насиҳат бериш учун тадбирларга таклиф этиб туришади.
Ёшгина бўлишига қарамасдан “Шукурулло-Исломбек” оилавий корхонасини ташкил этган Шукурулло Отажонов овулдошларининг янги қураётган иморатларига замонавий пластикдан ясалган дераза ва эшиклар, темир дарвоза, панжаралар етказиб бериш билан банд. Шогирдлари билан биргаликда хом ашё келтириб, талабга кўра дераза ромларини тайёрлашади, мижозлардан буюртмалар қабул қилишади. Барча буюртмаларни сифатли ва пишиқ-пухта ишлашганидан янги имо-рат бошлаган куюк кўпирликлар дераза, эшикларини туман марказига бориб юрмасдан шу цехда тайёрлатишни маъқул кўришади.

Тадбиркор цех учун қурилган катта бинода сартарошхона ва бошқа маиший хизмат турларини ҳам кўпайтиришни режалаштирган.
У ҳудуддаги ҳоким ёрдамчиси Нодирбек Норимбатовнинг кўмаги билан банкдан 24 млн. сўм кредит маблағини олиб, чорвачиликни ҳам ташкил қилиб, қорамоллар сонини 10 тага, қўйларни 19 тага, шу қатори паррандаларни 200 тага етказди.
– Оиламиз жуда катта, – дейди ёш тадбиркор. – Ота-онамиздан рўзғоримизни бўлак қилган бўлсак ҳам ҳаммамиз биргаликда меҳнат қиламиз. Укаларим мен билан бирга ишлайди, аллақачон ўз ишларининг усталари бўлишган. Хонадонимиз келинлари эса рўзғор ишлари, болалар тарбияси билан банд. Қолаверса, каттагина томорқа, боғларимиздан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
Нафақат овулда, балки туманда ҳам етакчилар қаторида келаётган ёш фермер Қувонч Маткаримов мустақиллик билан тенгдош. Қорақалпоқ миллатига мансуб оилада туғилиб вояга етган бу йигит Қорақалпоқ давлат университетининг кимё-технология йўналишида таҳсил олиш билан бирга отаси Мақсуд оға Маткаримовга “Ибрагим Қрон” фермер хўжалигини юритиш ишларида кўмаклашиб келди. Хўжалик ихтиёридаги 150 гектар ер бўлиниб, “Қувонч Мақсуд” фермер хўжалигини 2015 йилда ташкил қилишганидан сўнг, Қувонч уни мустақил ўзи бошқара бошлади. Ўтган йили пенсияга чиққан Мақсуд оға ҳам ҳозирга қадар хўжаликни ривожлантиришда яқиндан кўмаклашиб, керакли маслаҳатлар бериб келмоқда. Бунинг натижасида пахта ва ғалла бўйича режалар ортиғи билан бажарилиб, тумандаги илғор хўжаликлар қаторидан жой олишга муваффақ бўлишмоқда.

Ҳозирги кунда хўжалик ихтиёрида 76 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, 31 гектар ерга пахта экилган. Шунингдек, 20 гектар ерда ғалла етиштирилиб, режадагидан ортиқ ҳосил олишга эришилди. Қолган ерларга эса сабзавот ва полиз экинлари экилиб, парвариш қилинмоқда. Хўжаликда 3 та трактордан ерга ишлов бериш ва бошқа ишларда фойдаланилиб келинмоқда. Пахта даласида 38 нафар пудратчи ўз вақтида агротехник қоидалар асосида ғўзаларга ишлов беришгани боис бу йил кўсак мўл бўлди. Шу сабабли жорий йилдаги пахта мавсумида ҳар гектар ердан 50 центнергача ҳосил олиш мўлжалланмоқда.
Ватаннинг ҳар бир қарич ери, ўсиб турган бутаси-ю гиёҳи, зарра қуми ва мисқол тупроғи, томчи сувигача азиз ва қадрли. Уни фақат севиш эмас, юрак-юракдан англамоқ, ҳар бир қатрасига сингиб кетмоқ ва яшнатиш, қайта яратиш, обод этиш учун интилмоқ керак. Ўзи туғилиб ўсган шу юртга астойдил меҳр берган Ҳайтбай оға ва Гулора опа, ёшгина тадбиркор Шукурулло Отажонов, мустақиллик тенгдоши, фермер Қувонч Маткаримов, элнинг дарду-ташвиши билан яшаётган Тамара опа Каримова, Нодирбек Норимбатов кабиларнинг Ватанга муҳаббати, юрт тараққиётига қўшаётган ҳиссаси, фаровонлик йўлидаги интилишлари билан ҳар бир маскан обод ва ҳаёт гўзал бўлади.
Озода Худойберганова,
журналист.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶