Йўллар равон, кўчалар ёруғ
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг барча соҳалар ободлик ва бунёдкорлик сари юз тутди. Шаҳар ва қишлоқларда, овул ва маҳаллаларда янги объектлар қурилиб, замонавий бинолар қад ростламоқда. Олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида шаҳар ва қишлоқларимиз таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Бу борадаги амалга оширилаётган ишлар туманимизда ҳам ўз аксини топди. Олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари туманимиз аҳолисининг айни дилидаги орзуларнинг ижобатидир.
Олис манзилларга туташиб кетган йўлларни кузатар экансиз, унинг икки ёнида бунёд этилаётган замонавий аҳоли турар жойлари, таълим муассасаси ва маиший хизмат кўрсатиш бинолари эътиборингизни тортади. Буларнинг барчаси замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида қад ростлаётгани туманимизга ўзгача кўркамлик бахш этмоқда.
Туманимизнинг кенг ва равон кўчалари, сўлим табиат бағридаги маданият ва истироҳат боғи, бир-биридан ҳашамдор кўп қаватли уйлари бу ерга келган ҳар бир кишида ўзгача ҳавас уйғотиши табиий.
Кейинги йилларда туманда транспорт инфратузилмасини янада яхшилаш, аҳолига қулайлик яратиш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида маҳаллаларда умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларини замон талаблари даражасида таъмирлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Туман бўйича 42,9 км йўлнинг таъмирланиши учун 12 млрд. 370 млн. сўм миқдорда маблағ ажратилган бўлиб, бугунги кунга таъмирлаш ишлари 50 фоизга бажарилди. Яъни, 11 та маҳаллада 18 км узунликдаги ички йўлларни таъмирлаш ишлари тўлиқ ва сифатли қилиб якунланди.
Бундан ташқари, йўлларнинг икки ён томони кўкаламзорлаштирилиб, гул ва дарахтлар экилмоқда. Манғит шаҳрининг Беруний, Олмазор, Гулзор маҳаллаларидаги шоҳкўчаларда қурилган 9 км узунликдаги пиёдалар йўлакчаси ва саломатлик йўлкачалари йўловчилар ва автомашиналарнинг ҳаракатланиши учун қўшимча қулайлик яратмоқда.
Қолаверса, Баркамол авлод, Ҳумоюн кўчаларига тунги ёритгич чироқлари, велосипед йўлаклари қурилгани кўчаларнинг янада файзли ва кўркам қиёфа касб этишида муҳим омил бўлди. 7 млрд. 113,3 млн. сўмлик қийматга эга мазкур қурилиш ишлари пудратчи ташкилотлар томонидан сифатли ҳамда тезкор равишда амалга оширилди.
Айниқса, мустақиллик байрами арафасида туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан кўчаларга қўшимча равишда тунги ёритиш ускуналари, байроғимиз рангидаги безаклар ва турли шаклдаги ёрқин чироқларнинг ўрнатилиши юртдошларимизга байрамона кайфият бахш этди.
Ўрнатилган тунги ёритгич чироқлари кўчаларни кундуз каби ёритиб туриши билан бирга, шаҳримиз чиройига чирой бахш этмоқда.
Қолаверса, бу хайрли ишлар пиёдаларнинг кенг ва равон йўллардан, ёруғ кўчалардан юриб, қийналмай манзилларига етиб боришларида ҳамда аҳолининг велойўлакчалардан фойдаланган ҳолда ўз саломатликларини тиклашларида муҳим восита бўлмоқда.
Юртимизда, хусусан Амударё туманида амалга оширилаётган бу каби бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари аввало, халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Замонавий кўринишдаги янги-янги бинолар, уй-жойлар, текис ва равон йўллар ҳамда йўлакчаларнинг мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилиши эса халқимиз учун чинакам байрамона совға бўлди.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶