ҚИЛИЧБОЙДА НУРОНИЙЛАР ВА ҚИШЛОҚ АЁЛЛАРИ УЧУН ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Ёши улуғ инсонларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг Ватанимиз равнақи йўлида қилган фидойи меҳнатларини эътироф этиш, ёшларни уларнинг улкан ҳаётий тажрибаларидан ўрнак олишга руҳлантириш мақсадида мамлакатимизда кенг миқёсли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасида “Кексалар ҳафталиги” ўтказиб келинаётгани ҳам шу мақсадга қаратилган.
Жорий йилнинг 3-9 октябрь кунларида ҳам ҳар йилги анъанага мувофиқ “Кексаларни эъзозлаш уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш – халқимизга хос фазилат” ғояси остида кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, турмуш шароитларини яхшилаш, фаол ва мазмунли ҳаёт кечиришларини таъминлаш, бой ҳаётий тажрибаларидан ёш авлод тарбиясида унумли фойдаланиш мақсадида “Кексалар ҳафталиги” уюшқоқлик билан ўтказилди.
Яқинда Қиличбой овулидаги “Темур-Анвара” тўйхонасида овул ва овул таркибидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи юртимиз файзи, хонадонлар кўрки ҳисобланмиш ёши улуғ нуроний отахон, онахонлар учун тўкин дастурхон ёзилди. Азиз меҳмонларни овул фуқаролар йиғини раиси Баҳром Қодиров ҳафталик билан қутлаб, ёши улуғ инсонларга ҳурмат эҳтиром кўрсатиш, уларни қадрлаш бизнинг асрий урф-одатларимиз, миллий қадриятларимиз ва яшаш тарзимиздан чуқур жой олганини таъкидлади, уларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилади.
Ушбу даврага 15 октябрь – Халқаро аёллар куни муносабати билан овул, овул таркибидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи 52 нафар фаол, турли соҳаларда фаолият юритиб, ютуқларга эришган, муносиб ўғил-қизларни тарбиялаб вояга етказган, элда эъзоз топган аёллар ҳам таклиф этилди.
Ўзига хос файз кашф этган тадбирда туман ҳокими ўринбосари Гўзал Собурова, “Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими” бошлиғи Ғуломжон Дуйсенбоевлар ҳам иштирок этдилар ва нуронийларни “Кексалар ҳафталиги”, аёлларни 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни билан қизғин қутлаб, уларга соғ-саломат бўлиб узоқ умр кўришини тиладилар. Шу куни тадбирга таклиф этилган 52 нафар аёлларга овул фуқаролар йиғини номидан совғалар тақдим этилди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки 2019 йилдан буён “Халқаро қишлоқ аёллари куни” нишонлаб келинмоқда.
Сана муносабати билан ва “Кексалар ҳафталиги” доирасида Қиличбой овулида ўтказилган тадбирда аёллар ва нуронийларга халқимизнинг севимли миллий таоми – палов тортилди.
Қиличбой Маданият маркази ва туманимизнинг таниқли санъаткорлари дилрабо куй-қўшиқлари билан даврага яна ҳам жўшқин кайфият ва файз киритди. Азал-азалдан ҳудудда яшаб, қишлоқ хўжалиги, турли соҳаларда меҳнат қилиб, кексалик ёшига етган нуронийлар, қишлоқ аёллари тадбир баҳона дийдорлашиб, дилдан суҳбатлар қурдилар, кўнгиллари яйради.
Меҳмонлар уларни қадрлаб, ҳурматлаб шундай давра ташкил этган овул фуқаролар йиғини масъулларига миннатдорчилик билдирдилар.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶