32 НАФАР ЁШЛАРГА СУБСИДИЯ АСОСИДА МЕҲНАТ ҚУРОЛЛАРИ ТОПШИРИЛДИ
Мамлакатимизда жамият ҳаётида аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ва бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада янги тизим ўрнатилиб, аёлларни ижтимоий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи, иштиёқи бор аёллар, ёшлар учун “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” жорий этилди. Эндиликда ҳар бир маҳаллада туман, шаҳар ва вилоят кесимида “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати шакллантирилган “Темир дафтар”лар алоҳида юритилмоқда ва улар билан тизимли, манзилли ишлаш йўлга қўйилмоқда. Бу аёллар ва ёшлар билан ишлашда, уларни фаол ҳаётга жалб этишда муҳим асос бўлмоқда.
Ушбу йўналишда маҳаллаларда фаолият юритаётган ёшлар етакчилари маъсуллар билан уйма-уй юриш орқали ишсиз, бироқ ишлашга, касб-ҳунар ўрганишга иштиёқманд ёшларни аниқлаб, бандлигини таъминлашга, қўллаб-қувватлашга интилмоқда.
28 декабрь куни Амударё тумани Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимида овул, маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз, ўз дароманд манбаига эга бўлмаган бир гуруҳ ёшларга касб-ҳунар билан шуғулланишлари учун зарур жиҳозлар тақдим этилди.
Тадбирда секторлар раҳбарлари, туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими маъсул ходимлари, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ходимлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари, ёшлар етакчилари иштирок этдилар.
Тадбирни туман ҳокими Султонбой Йўлдашев очди ва йиғилганларни яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан қизғин қутлади. У якунланаётган йилда туманимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, ҳаётий муаммоларини ҳал этиш борасида амалга оширилган ишларга кенг тўхталди ва бу борадаги ишлар келгусида ҳам давом эттирилишини, юртимизда ёшлар келажаги учун, уларнинг яхши яшаши, касб-ҳунар эгаллаб, ўз иқтидорларини намоён этишлари учун ғамхўрлик кучайтирилишини маълум қилди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ тавсиясига кўра, “Ёшлар дафтари”га киритилган туманимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи 32 нафар ёшларга субсидия асосида касб фаолияти билан шуғулланишлари учун жиҳозлар топширилди. Хусусан 20 нафар аёл-қизларга духовка, 12 нафар йигитларга пайвандлаш аппарати, дрель, болгарка каби меҳнат қуроллари тақдим этилди.
Шу ўринда ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва доимий даромадга эга бўлишларини таъминлаш учун меҳнат ярмаркалари ўтказилаётганини, тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун имтиёзли кредитлар ажратилаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Амалга оширилаётган бунингдек тизимли чора-тадбирлар ёшларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишларига, оиласи фаровонлигини таъминлашига хизмат қилади.
Янги йил байрами арафасида ишсиз 32 нафар ёшларга меҳнат фаолиятини бошлашлари учун асбоб-ускуналар тақдим этилгани – 32 та оилага қувонч, эртаги кунга ишонч олиб киради, албатта.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶