ЖАСОРАТ ТИМСОЛИ
Шундай инсонлар борки, ўз ҳаётининг гўзал, фаровон бўлиши учун астойдил интилади, ҳеч кимдан кам бўлмаслик учун курашади ва ҳавас қилгулик натижаларга эришади. Тўлқин овулида истиқомат қилувчи Гулора Бобожонова ана шундай, қатъиятли, метин иродали аёл.
Тақдир уни болалигиданоқ турли синовларга дуч этди. 11 нафар фарзандни дунёга келтирган онаси бевақт вафот этди. Оила, фарзандлар ташвиши ёлғиз отасига қолди. Бунинг устига бошқа туғишганларидан фарқли равишда, Гулоранинг бир оёғи нуқсонли эди. Бироқ у жисмидаги муаммо ҳақида эмас, кўпроқ ўқиш, бирон касб эгаси бўлиш, шу туфайли фаол яшаб, ҳаётда ўз ўрнини топишга интилди.
Болалигидан турли бежирим либослар тикиб, оиласидагиларни, яқинларини хушнуд этадиган онасининг ҳунарига қизиқиб, тикув машинасини бошқаришни, кийимлар тикишни ўрганди.
Мактабни тугатганидан сўнг Тўрткўлдаги касб-ҳунар билим юртида ўқиб, шу касбни ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан пухта ўрганди.
Гулора Бобожонованинг касби турмуш қуриб, оилали бўлганида ҳам жуда асқотди. Оила аъзоларининг кийимларини уларнинг дидига мос, замонавий услубларда тикиб, олқишини олди. Янги келин тиккан бежирим либосларга ҳавасмандлар ҳам кела бошлагач, буюртмалар олди ва оиласи иқтисодига кўмакчи бўлди. Турмуш ўртоғининг соғлигида муаммолари борлиги учун рўзғорнинг камини ўз меҳнатлари билан тўлдиришга интилди.
Аёлнинг жони қирқта бўлади, дейишади. Аслида бу ибора аёл бардошли, матонатли, синовларга сабрли бўлгани учун айтилган бўлса, эҳтимол? Шу жиҳатдан қараганда, Гулора Бобожонованинг жони қирқдан ҳам зиёд, дея таърифласак ҳам муболаға бўлмас. У бир ўғил, бир қизини одобли, ақл-ҳушли қилиб вояга етказди. Ҳалол меҳнатидан топган даромадидан ўғил уйлантириб, қиз чиқарди. Имкониятим чекланган, деб идорама-идора юриб ёрдам сўрамади, топганига қаноат қилиб яшади, интилди, турмуш ўртоғига ғамхўрлик қилишга ҳам улгурди. Ҳалол меҳнатларидан файзли, обод хонадонида унга яна ҳам куч, руҳий мадад берадиган невара дунёга келди.
Ўтган йили Гулора Бобожонова ўз фаолиятини якка тадбиркор сифатида қонуний ташкил этиб, Тўлқин овул фуқаролар йиғини маъмурий биносининг бўш турган хонасида тикувчилик цехи очди ва 4 нафар ишсиз овул аёл-қизларини иш билан таъминлади. Шунингдек, 3-босқич “Аёллар дафтари”да турадиган, ишлашга иштиёқи бор аёл-қизларни тикувчилик касбига ўқитиб, сертификат олиб берди.
Бу ерда буюртма асосида тайёрланаётган тайёр кийимларни кўрган одам уларни имконияти чекланган аёл тикканига ишониши қийин. Бири-биридан бежирим тикилган, дид билан безатилган кийимларга қараб ҳавасингиз келади. Ўтган йили овул хотин-қизлар фаоли Гавҳар Боботоева кўмагида 15 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига 3 та замонавий тикув машиналари олгани якка тадбиркор сифатидаги фаолияти яна ҳам жонланишига замин бўлди. Чевар аёллар эндиликда ўзлари газлама сотиб олиб, бозорга тайёр кийимлар чиқаришни ҳам мўлжаллашаяпти.
Тенгқурлари пенсияга чиқиб, оиласи даврасида бамайлихотир дам олишни мўлжаллаётган бир вақтда меҳнат қилишдан, интилишдан тўхтамай, улкан режаларни кўзлаётган фидойи ва жасоратли Гулора Бобожоновага толмас куч-қувват тилаб, хайрлашдик.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶