14.08.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
14.08.2026, 19:16
Мақолалар 👁 216

ЯХШИНИНГ ИЗИДА ҚОЛГАН БАРАКА

ЯХШИНИНГ ИЗИДА ҚОЛГАН БАРАКА

(Бўлган воқеа)
Умр бўйи далада ишлаб, фермер хўжалигида трактор ҳайдаган Саъдулла ота нафақага чиққач, худди ҳаётдан ажралиб қолгандай, ўзини гўё кераксиз одамдай ҳис қилди. Аслида-ку атрофи тўла невара-чевара, кўчага чиқса, қўни-қўшни, маҳалла-кўй, дегандай, кўнглини кўтаргувчи ошна-оғайнилари кўп. Шундай бўлса-да, барибир бекор ўтиргиси келмади, кенг уйига сиғмай қолди, далани соғинди. Ана шу соғинч ҳисси билан ўзи 40 йил трактор ҳайдаган, пахта эккан далалар томон йўл олди.
Сертупроқ дала йўли бўйлаб кетаркан, йўлнинг иккала тарафида анчагина ер бўш ётганига разм солди. Буни аввал ҳеч пайқамаган экан, йўлнинг ҳар икки тарафида 40-50 метр атрофидаги ерни оқбош ва янтоқ босиб ётибди. Яқиндагина  тозаланган, сал наридаги ички ёпнинг атрофи ҳам бўмбўш. Саъдулла  ота қувониб кетди. Бугуноқ фермер хўжалиги раҳбари билан гаплашади, шу ерларни обод қилади!
Узоқдан дала йўлини чангитиб енгил машина кўринди. Саъдулла отани кўрган ҳайдовчи унинг ёнидан ўтиб кетмай, машинани тўхтатди:
- Саъдулла оға, тракторнинг хумори тутдими? – фермер хўжалиги иш юритувчиси машинадан тушаркан, ҳазиллашди.
- Ҳовва, Бекмурод, тракторнинг ҳам, ишнинг ҳам хумори тутди, - гўё йиллар давомида учрашмаган қадрдонлар каби Бекмуродга қучоғини очди ота.
- Воҳ-ҳа, ишнинг хумори, денг, кампирнинг ёнида чойни шопири-иб, мазза қилиб кексалик гаштини сурмайсизми, шунча йил ишлаб ҳам ишга хуморлигингиз қолмабди-да!
- Сени кўрганим яхши бўлди, - ҳалигина кўнглидан ўтказган ўйларини Бекмуродга тўкиб солди, - мана бу ерларни қара ўғлим, тилла-я, тилла! Унинг уволи тутмайдими, бўш ётибди. Йўлнинг икки тарафини ўзлаштириб, бир томонини боғ, бир томонини теракзор, тутзор қилсак.
- Саъдулла оға-ей, нима қиласиз, ўзингизга машаққатли меҳнатни сотиб олиб. Фермер оғам – Зарифбой рози бўлармикан?
- Рози бўлади, Зарифбой жамиятга фойдаси тегадиган иш бўлса, доимо қўллайди. Ҳар йили қанча эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатади, барака топсин. Бекмурод “ўзингиз биласиз”, дегандай қўлини бир силтади-ю, машинасига ўтириб, кетди-қолди.
- Бу бола ғалати-я, - ўзига ўзи деди Саъдулла ота, - бирон режа ҳақида сўз очсанг, худди оғирлиги ўзига тушаётгандай, хушламайди, тавба.
Шу куни кечқурун Саъдулла ота Зарифбойникига ўтиб, режаси ҳақида сўз очди.
- Яхши ўйлабсиз, - қувониб кетди. Зарифбой, - мана, қанча ёрдам керак бўлса, мендан, эртагаёқ ишга киришаверинг.
Саъдулла ота туни билан қиладиган ишлари ҳақида хомаки режалар тузди, қанча мевали дарахт, қанча терак қаламчаси-ю тут кўчатлари керааклигини тахминий ҳисоб-китоб қилди. Биринчи пенсия пулини олган куни невараси билан бозорга чиқиб, керагича мевали дарахт кўчатларини сотиб олди. Фермер хўжалиги раиси Зарифбойнинг қўллаб-қувватлови билан дала йўлининг икки тарафидаги бир чақирим қисмига тегишли ерни оқбош ва янтоқдан тозалаб, шудгор қилдирди, ерни неваралари билан бир текис кенгликда эгатлар олди. Кеч куз пайти бўлса-да, ҳаво анча илиқ бўлгани учун совуқ тушмасидан кўчатларни экиш тараддудига тушди.
Саъдулла отанинг шахдини кўрган Зарифбой фермер хўжалиги ишчиларини ҳам отага ёрдам бериш учун кўчат ўтқазиш ишларига жалб этди. Кўчат ўтқазиб бўлингач, Саъдулла ота ишчиларга:
- Бу боғ ҳаммамизники, эл-юртники, - деди қувонч билан.
- Ўҳ-ҳў, хўжаликнинг шунча техника-ю ишчисини ишлатиб-ишлатиб-а!
Кўчат экиш ишлари тугаган пайтда пайдо бўлган Бекмуроднинг бу гапига ҳеч ким эътибор қилмади-ю Саъдулла отанинг кўнглидан: “бунчалик феълинг тор бўлмаса”, - деган ўй ўтди.
Эрта баҳорда Саъдулла ота неваралари билан йўлнинг иккинчи тарафига тез ўсувчи терак қаламчаларини экиб, сув таради. Орадан беш-ўн кун ўтиб, кузда экилган кўчатлар ҳам, терак қаламчалари ҳам куртаклай бошлади. Ҳар куни ниҳолларга парвона, даладан бери келмай қолган Саъдулла отага бир куни катта ўғли Ҳидоят:
- Ота, - деди қандайдир ташвишли оҳангда, - шу, далага чиқмасангиз, дегандим.
- Омонликми, болам, менинг ҳеч кимга оғирлигим тушмаса, - ҳайрон бўлди отахон.
- Бекмурод оға кўпчиликнинг олдида отангни бақаолмаяпсанми, фермернинг ерига кўз олайтираяпсанлар, деган гаплар билан…
Саъдулла ота бир зум сукут сақлади. “Ё тавба, мен бировдан ҳақ сўрадимми? Отаси шундай феъли тор эди-я, ўғлига ҳам нуқси урибди-да”, - деган ўй кечди кўнглидан. Лекин ўғлига сездирмади.
- Ким нима деса, деяверсин, мен халқ учун шу ишга қўл урдим, менга қолса юз нафар Бекмурод йўлимни тўсмайдими, ортга  қайтмайман. Иккинчи марта кўчадан уйга бу тариқа гап олиб келма!
Шу бўлди-б, Ҳидоят отасига  бошқа бундай гап қилгувчилар ҳақида гапирмади. Бекмурод ва унга ўхшаган бир-икки вайсақилар билан айтишиб ҳам ўтирмади. Аксинча, фермер хўжалиги раҳбари Зарифбойнинг  кўмаги билан мевали дарахт кўчатлари орасига қовун-тарвуз, қовоқ экишда  отасига кўмаклашди. Ўша йили кузга бориб қовун-тарвуз ҳам, қовоқ ҳам роса етилди. Ҳосил йиғилган куни Саъдулла ота хўжалик ишчиларига расамади билан қовун-тарвуз, қовоқ улашди.
- Бунақаси кетмайди, - деди  ишчиларга тарқатилган қовун-тарвуз, қовоқ уюмларини кўрган иш юритувчи Бекмурод. – Бу ер учун қанча техника-ю ишчи кучидан фойдаланилди, ўғит, сув-пув учун насос харажатлари, дегандай. Ҳосилдан ана шу харажатларни чегириб, кейин ишчиларга…
- Нафсингни тий! – Бу гал Саъдулла отанинг жаҳли чиқди. – Қайси харажатга жонинг ачишаётир? Ер ҳайдашдан тортиб, экин-тикингача ўз ҳисобимдан, қолаверса, Зарифбойнинг ташаббуси билан амалга оширилди. Сенинг ғийбатларинг учун ҳосилдан чегирайликми ё?
Хўжалик ишчилари Саъдулла отанинг бу гапидан сўнг, баравар кулиб юборишди…
Орадан вақт ўтиб, мевазор боғ ҳам ҳосилга кирди, терак қаламчалари осмонга бўй чўзиб, дала йўлига соя, файз берди. Мевалар ғарқ пишганида Саъдулла ота хўжалик ишчиларини ҳар гал боғига чорлайди, маҳалладошлари билан боғ неъматларини бирга баҳам, кўради.
Бир гал, қиш палласи эди. Бўш қўйилган қорамоллар мевазор боғга тушмаслиги учун атрофини иҳоталаш мақсадида боғига йўл олди. Осмонга бўй чўзиб, иморатга тўсин бўлишга яраб қолган теракзорга кўзи тушиб, қувониб кетди... “Маҳаллада уй-жой қураётган эҳтиёжманд оилалар бор, шу баҳорда йирик-йирикларини чопиб, ўшаларга хайрия қиламиз”, – ўйлади у. Теракзорнинг бу бошидан кириб бораркан, ҳар жой-ҳар жойида катта-катта тераклар чопиб кетилганини кўриб, ҳайрон бўлди. “Ўғри дорибди, шекилли, - ўйлади отахон, - халқнинг мулкига-я?” У юзлаб тераклар саф тортган қаторларни оралаб, камида 50-60 туп терак чопиб олинганини аниқлади. Ўғрилар шундай пала-партиш ишлашганки, теракзорнинг у бошидан-бу бошигача ортиқча шох-шаббалар бетартиб сочилиб ётарди. Негадир: “Бекмуроддан бошқа ҳеч ким бу ишни қилмайди, четдан каттароқ ўғрилар гуруҳи келган бўлса, тағин билмадим”, - деган гумонга борди у. Ахир бир кун аввал ҳаммаси жойида эди-да.
Саъдулла ота тўғри Зарифбой фермерга учрашди.
- Қўйсангиз-чи, - ишонмади Зарифбой ҳайратланиб, - 50-60  туп теракни ўғри уриб кетади-ю ҳеч ким билмайдими?
Барибир Зарифбой профилактика инспектори билан қўнғироқлашиб, вазиятдан хабардор қилди.
Маълум бўлишича, кеча кечқурун, қор ёғиб турган пайтда Бекмурод 10-15 чоғли одам билан келиб, теракларни ёғоч кесувчи ускуна билан қирқиб олиб кетибди.
Зарифбой ҳам ҳайратланди, ҳам жаҳли чиқиб, вазиятни аниқлаштириш учун иш юритувчини чақиртирди.
- Мен ўз ҳақимни олдим, - деди у кўзларини чақчайтириб. – Барибир Саъдулла оға ҳаммага тақсимлаб беради.
- Шунга ақлинг етибди-ю бу ишинг ўғирлик, халқ мулкига хиёнат эканига ақлинг етмабди. Шу сохт-сумбатинг билан шу ишни қилгани уялмадингми-а? Ҳайф, сендай йигитга, тағин эркак эмиш!
Саъдулла ота жаҳл билан ерга тупурди. Бу худди Бекмуроднинг юзига тушгандай, сесканиб кетди. Атрофда ҳозир бўлган фермер хўжалиги ишчилари, Зарифбой, яна бир неча ёш болалар унга нафрат билан қараб туришарди.
Шундан сўнг Зарифбой ўғирланган теракларни муҳтожларга ундириб бериб, Бекмуродни ишдан бўшатиб юборди. Саъдулла ота эса ўзи режа қилганидай етилган теракларни маҳалладаги иморат қураётган эҳтиёжманд оилаларга тақсимлаб берди.
Ҳозир Саъдулла ота орамизда йўқ. Лекин у обод этган дала йўлининг икки чеккасидаги мевазор боғ ва теракзор ҳосилидан ҳамон эл-юрт баҳраманд. Яхшининг изларида баракали ишлар давом этаверади, деганлари шу-да.


Робия ЙЎЛДОШЕВА.

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби 24.01.2025 САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР 14.01.2025 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди 12.05.2024 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди 15.08.2023 Сайлов жараёнидан видеолавҳалар Сайлов жараёнидан видеолавҳалар 24.10.2021 Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. 24.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони 17.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони 11.10.2021 Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда 17.07.2021 Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) 14.05.2021 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) 15.01.2020 "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) 21.12.2019 ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) 04.12.2019 ИЧКИ КЎЧАЛАPНИ ТАЪМИPЛАШ ЮЗАСИДАН МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАPИ ЎТКАЗИЛДИ (+ Видео) ИЧКИ КЎЧАЛАPНИ ТАЪМИPЛАШ ЮЗАСИДАН МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАPИ ЎТКАЗИЛДИ (+ Видео) 04.12.2019 Бўзёп маданият маркази фаолиятидан лавҳалар (видео) Бўзёп маданият маркази фаолиятидан лавҳалар (видео) 12.11.2019 Вазирлар Кенгаши Pаиси Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео) Вазирлар Кенгаши Pаиси Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео) 02.11.2019 Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео) Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео) 06.10.2019 Амударё туманида ўтказилган Мустақиллик байрами – 2019 (Тўлиқ видео, Tas-ix) Амударё туманида ўтказилган Мустақиллик байрами – 2019 (Тўлиқ видео, Tas-ix) 03.09.2019 “Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео) “Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео) 13.08.2019 КЎП ТАPМОҚЛИ ФЕPМЕP ХЎЖАЛИКЛАPИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА (+видео) КЎП ТАPМОҚЛИ ФЕPМЕP ХЎЖАЛИКЛАPИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА (+видео) 31.07.2019 СИНФДОШЛАР МАКТАБНИ БИТКАЗГАНИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДИ(+видео) СИНФДОШЛАР МАКТАБНИ БИТКАЗГАНИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДИ(+видео) 31.07.2019 МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ(+видео) МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ(+видео) 31.07.2019 "ҚАЛДИPҒОЧ" ОPОМГОҲИ БУ ЙИЛГИ МАВСУМДА ЖАМИ 500 НАФАP БОЛАЛАPНИ БАҒPИГА ОЛДИ (+видео) "ҚАЛДИPҒОЧ" ОPОМГОҲИ БУ ЙИЛГИ МАВСУМДА ЖАМИ 500 НАФАP БОЛАЛАPНИ БАҒPИГА ОЛДИ (+видео) 31.07.2019 Ҳоким ташаббуси билан ташкил қилинган кутубхоналар қандай фаолият юритмоқда? Ҳоким ташаббуси билан ташкил қилинган кутубхоналар қандай фаолият юритмоқда? 13.07.2019 Амударё тумани Давлат архиви фаолиятидан лавҳа (видео) Амударё тумани Давлат архиви фаолиятидан лавҳа (видео) 13.07.2019 Қиличбой овули ҳаётидан лавҳа (видео) Қиличбой овули ҳаётидан лавҳа (видео) 13.07.2019 Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео) Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео) 13.07.2019 Фаровон маҳалласида 72 та замонавий услубда қурилган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди (+Фото, видео) Фаровон маҳалласида 72 та замонавий услубда қурилган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди (+Фото, видео) 01.07.2019 Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланди (Фото, видео) Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланди (Фото, видео) 30.06.2019 ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАP ЎҚУВЧИСИ МАКТАБНИ ОЛТИН МЕДАЛ БИЛАН БИТИPДИ ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАP ЎҚУВЧИСИ МАКТАБНИ ОЛТИН МЕДАЛ БИЛАН БИТИPДИ 24.06.2019