"Жадидлар изидан" танловининг туман босқичи ўтказилди
Мамлакатимизда ёш авлод ўртасида буюк алломалар, адиблар ва мутафаккирларнинг бой маънавий меросини кенг тарғиб қилиш, уларнинг маънавий дунёсини бойитиш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактаблари ва нодавлат таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказиб келинаётган "Жадидлар изидан" Республика танлови ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Мазкур танловнинг янги мавсуми 2025 йилнинг октябрь-декабрь ойларида, 6–8- ва 9–10-синф ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтиши белгиланган.
Танлов jadidlarizidan.uz сайтидан рўйхатдан ўтган ўқувчилар ўртасида дастлаб мактаб босқичи, сўнгра туман босқичи тарзида ташкил этилди. Ҳар бир мактабдан 6–8-синфлар орасидан 1 нафар ва 9–10-синфлар орасидан 1 нафар ғолиблар саралаб олиниб, танловнинг туман босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Танловнинг Амударё тумани босқичи жорий йилнинг 17 октябрь куни юқори савияда ўтказилди. Унда мактаб саралаш босқичидан ўтган жами 172 нафар ўқувчи ёшлар қатнашди.
Очилиш маросимида туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бош мутахассиси Зафар Абдуллаев ўқувчи ёшларни танлов шартлари билан таништирди. Танлов Низомига кўра иштирокчилар билимлари 100 баллик тизимда баҳоланди. Саралаш жараёни Ғулом Зафарий, Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Исҳоқхон Тўра Ибрат, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий сингари буюк жадидлар ҳаёти ва ижодига оид иккита шарт асосида амалга оширилди.
1-шарт тест саволларидан ибора бўлиб, ҳар бир иштирокчи жадидларнинг ҳаёти ва ижодига оид 25 та тест саволига 25 дақиқа ичида жавоб берди. Энг юқори балл тўплаганлар кейинги шартга ўтиш ҳуқуқини қўлга киритди. 2-шарт эса жадидлар ҳаёти ва ижодига бағишланиб, иштирокчилар жадидлар ҳаёти ва ижодига оид саволларга 5 дақиқа давомида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.
Танлов сўнгида ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиблар аниқланди. 6–8-синфлар ўртасида 1-ўрин 39-сонли мактабнинг 8-синф ўқувчиси Дилчеҳра Эшбоевага насиб қилди. 2-ўрин 65-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Озода Султановага, 3-ўрин эса 17-сонли мактаб ўқувчиси Чаросхон Янгибоева ҳамда 82-сонли мактаб ўқувчиси Дилрабо Ҳайитбоеваларга насиб қилди.
9–10-синфлар ўқувчилари ўртасида ўтказилган танлов ғолиблиги 13-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси Севинчой Йўлдашевага насиб қилди. 2-ўринни 63-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси Маърифат Гулмирзаева ҳамда 3-ўринни 76-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси Мадина Мақсудовалар эгаллашди. Ҳар бир синф тоифаси бўйича энг юқори балл тўплаган 1 нафардан, жами 2 нафар иштирокчи танловнинг ҳудудий, яъни Қорақалпоғистон Республикаси босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Айтиш жоизки, жадидлар — халқимиз маънавияти, маърифатпарварлик руҳи ва миллий уйғониш тарихида беқиёс ўрин тутган зиёлилардир. Улар илму маърифат, эркин фикр ва замонавий таълим орқали миллатни тараққиёт сари етаклашни мақсад қилган эдилар. Бугунги кунда жадидлар ҳаёти ва ижодини ёшларга ўргатиш орқали уларда Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва маънавий бағрикенглик туйғулари шаклланади. Қолаверса, жадидларнинг жасорати ва фидойилиги ёшларга ибрат бўлиб, уларни билимли, фаол ва ватанпарвар авлод бўлиб етишишга илҳомлантиради.
Жадидлар таълим ва маданият орқали халқни тараққиёт йўлига олиб чиқишга ҳаракат қилган бўлсалар, бугунги ёшлар уларнинг орзу ва ғояларини давом эттиришлари зарур. Шу боис жадидлар меросини чуқур ўрганиш — бу нафақат тарихий бурч, балки келажак учун маънавий сармоядир.
Танловнинг ҳар бир синф тоифаси бўйича биринчи ўринни эгаллаган ғолиблари эндиликда туман шарафини республика миқёсидаги навбатдаги босқичда ҳимоя қиладилар. Ғолибларга кейинги босқичда омад ва зафарлар тилаймиз.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶