АЁЛ ЭЪТИБОРГА, ЭҲТИРОМГА МУНОСИБ
Аёл билан олам мунаввар, борлиқ гўзал. Жамиятнинг ҳар бир жабҳаси, ҳар бир соҳасида аёл нафосати, унинг чексиз меҳри намоён. Юртимиздаги улкан бунёдкорликлар, тараққиёт ва фаровонлик ортида ҳам сўзсиз, хотин-қизларнинг шижоати, фидойилиги ҳамда ғайрати мужассам. Оила ва жамият ҳаётида муҳим ўрин ва мавқега эга бўлган аёл-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш эса халқимиз учун азалий қадриятдир.
Амударё туманида ҳам барча соҳаларда самарали меҳнат қилиб келаётган аёл-қизлар кўпчиликни ташкил қилади. Уларнинг фидокорона меҳнатлари соҳаларда эришилаётган ютуқларда, амалга оширилаётган ўзгаришларда яққол намоён бўлмоқда.
Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифадир.
Бугунги кунда Амударё туман аҳолисининг 102 минг 386 нафарини аёл-қизлар ташкил этади. Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан, “Аёллар дафтари”нинг 4-босқичи шакллантирилди. Жорий йилги “Аёллар дафтари”нинг 4-босқичи рўйхатига киритиш мақсадида ўтказилган хатловга кўра, 49 та маҳаллага бириктирилган ишчи гуруҳлар томонидан сўровнома ўтказилиб, 30 ёшдан юқори бўлган 46 504 нафар муаммоли хотин-қизлар борлиги аниқланди.
Секторлар раҳбарларининг таклифига кўра, 4-босқич “Аёллар дафтари”га жами 5 398 нафар хотин-қизлар киритилиши режалаштирилган эди. Шунга мувофиқ 1-сектор ҳудудидан 1 189 нафар, 2-сектор ҳудудидан 1 805 нафар, 3-сектор ҳудудидан 1 446 нафар, 4-сектор ҳудудидан эса 958 нафар, туман бўйича жами 5 398 нафар хотин-қизлар 4-босқич “Аёллар дафтари”га киритилди.
Ҳозирги кунда ушбу дафтарга киритилган хотин-қизлар муаммоларини бартараф этишга қаратилган йўл харитаси белгилаб олиниб, шунга кўра чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Туманимизда, ўтган давр мобайнида 218 нафар хотин-қизлар реабилитация воситалари билан таъминланди. Маҳаллаларда ташкил этилган ўқув масканлари ҳамда 2-сонли касб-ҳунар мактабида 345 нафар ишсиз хотин-қизлар қайта касбга ўқитилди. Шунингдек, 16 нафар хотин-қизларнинг ўқиш учун шартнома бадаллари тўлаб берилди. Ундан ташқари, 116 нафар ажрашиш ёқасига келиб қолган оилаларнинг 113 нафари яраштирилишига эришилди. Билиб-билмай жиноят йўлига кириб қолган 3 нафар хотин-қизлар Оила ва хотин-қизлар бўлимининг кафиллиги асосида қамоқ жазосидан сақлаб қолинди ва соғлом турмуш тарзига қайтарилди.
Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳузурида ташкил этилган “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш маркази”да 495 нафар ёш оилалар ўқитилиб, сертификатлар топширилди.
Дунё аёлнинг чексиз меҳри билан обод, десак асло адашмаймиз. Нафақат оилаларни, балки жамиятнинг ҳар бир жабҳасини аёл-қизларимизсиз асло тасаввур қила олмаймиз. Юксак муҳаббати билан ҳаётимизга мазмун киритиб яшаётган меҳридарё оналаримиз, азиз опа-сингилларимиз, лобар қизларимизнинг ҳар бири чексиз эътибор, ҳурмат ва эҳтиромга лойиқ! 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами барчангизга муборак бўлсин!
Гўзал Собурова, туман ҳокими ўринбосари,
Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶