АМУГА ЭЛ БЎЛГАН ҚАЛБИ ЖЎШҚИН Нигина
Кўпинча оилада қиз фарзанд туғилса: “Ҳолва”, дейишади ва бу билан оилага янги келган чақалоқ ҳам ота-онаси, ҳам оиласи учун ширин ҳаёт, ширин турмуш рамзи сифатида қабул қилинади.
Асли Ўзбекистоннинг жаннатмакон гўшаси – Фарғона вилоятининг Риштон туманидан бўлган Нигинахон туғилганида фарғоналик момо-бувалари унинг ташрифини қандай таърифлаб, қандай қарши олишганларини билмадим-у, лекин у улғайиб, Амударё туманига келин бўлиб тушганида нафақат Нигина келин бўлган хонадон аҳли, қариндошлар ва бошқа яқинлари суюнишгани рост. Боиси, тили ҳам, ўзи ҳам, муомала-ю одоби-икроми ҳам ширин бўлган Нигинахон йиллар ўтиб, касб-кори билан ҳам шу элнинг азиз фарзандига айланди.
Болалигидан таржимон бўлишни орзу қилган Нигинахон Саидова Риштон туманидаги умумтаълим мактабини 2003 йилда фақат “аъло” баҳоларга тугатди. Шу йили у Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг инглиз тили факультетига таржимонлик йўналиши бўйича ўқишга кирди.
Табиатан интилувчан Нигинахон университет таҳсили жараёнида изланувчан, ташаббускор ва зукко талаба сифатида танилди, ўз мутахассислик йўналиши бўйича инглиз тилини мукаммал ўрганди. У 2007 йилда Университетни муваффақиятли тугатди.
Амударёлик узоқ қариндошлари, эл-юрт ҳурматидаги инсон – Баҳром Жуманиёзовлар хонадонига келин бўлган Нигинахон илк меҳнат фаолиятини 2008 йилнинг март ойидан Амударё қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида инглиз тили ўқитувчиси сифатида бошлади. У 11 йил давомида мазкур ўқув даргоҳида ўқувчи-ёшларга инглиз тили фанидан дарс берди.
2019 йилнинг сентябрь ойидан 56-сонли умумтаълим мактабида инглиз тили фани ўқитувчиси сифатида ўз меҳнат фаолиятини давом эттираётган Нигинахоннинг шогирдлари сафи янада ошди. Дарсларини вариатив ўқув-режаси асосида қизиқарли ва кўргазмали воситалар ёрдамида ташкил этиб, ўқувчиларининг диққат-эътиборини хорижий тилларни пухта ўрганишга қарата олган Нигина мана салкам тўрт йилки, Амударё туман ХТБга қарашли умумтаълим мактаблари ўқитувчилари орасида доимо пешқадам.
У таълим бераётган ўқувчилари орасида С1 даражасидаги сертификат эгаларининг ҳам борлиги қувонарли. Жорий 2022-2023 ўқув йилида мактаб ўқувчилари орасида ўтказилган фанлар олимпиадасининг туман босқичи ғолиби бўлган 11-синф ўқувчилари Фарҳод Нурбоев ва 2-ўрин соҳиби Нодирбек Бойжоновлар С1 сертификати, Мухлиса Ўринбоева В2 сертификати соҳиби бўлдилар. Нигина Саидова эса “Энг яхши чет тили фани ўқитувчиси” кўрик-танловида фахрли 2-ўринни эгаллади ва кўрик-танлов ташкилотчилари томонидан Фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб танловида эса у меҳнат қилаётган 56-сонли умумтаълим мактаби фахрли 2-ўринга муносиб кўрилди ва мактабга 75 млн. сўмлик Президент совғаси топширилди.
Яқинда иқтидорли ва ташаббускор ўқитувчи Нигинахонни ҳамкасб дўстлари ва шогирдлари яна бир қувончли хабар билан табриклашди. Халқ таълими Вазирлиги жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устама олиш учун ўтказилган икки босқичли танловда муваффақиятли иштирок этган Нигинахон Саидова жорий йилнинг апрель-декабрь ойлари оралиғида ҳар ойда 5 млн. сўм устама олиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Ўқитувчиларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан жуда хурсандман, – дейди Нигина. – Аввал яхши ишлаган ҳам, ишламаган ҳам бир хил миқдордаги маош олишарди. Шундай пайтда фидойилик билан ишлаётган ўқитувчилар учун бу адолатсизлик бўлиб туюларди. Энди яхши натижаларга эришган ўқитувчининг меҳнати эътиборда. Бу жуда катта рағбат бўлди.
– Нигинахон, қанча маош оласиз, – қизиқдик.
– 8 млн. сўм, энди апрель ойидан бошлаб, ҳар ойда 13 млн. сўмдан маош оладиган бўлдим!
Баъзан қизиқарли дарс-машғулотларга берилиб кетган пайтларида Нигинахон кун бўйи мактабда, ўқувчилари даврасида қолиб кетади. Ўзининг келин, она, рафиқа, бека эканлиги эсига тушганида алоҳида меҳр билан оиласи бағрига ошиқади. Ўзаро меҳр-оқибат, юксак инсонийлик фазилатлари ҳоким бўлган оилада у ўзининг меҳр-муҳаббати билан умр йўлдоши Давронбекнинг, хуш хулқи, самимияти билан қайнотаси, эл-юрт ардоғидаги нуроний Баҳром ота Жуманиёзовнинг ҳурмат-эътибори, ғамхўрлигидан баҳра олади. Бири-биридан ширин икки ўғил, икки қизининг аҳил ва иноқ оила салтанатида вояга етаётганидан кўнгли тоғдай юксалади. Қадрдон ота макони – гўзал Фарғонага бўлган соғинч тафти босилгандай бўлади гўё ва яна тонгларни шодон, эзгу орзулар билан қаршилаган Нигинахон жонажон мактабига, ўқувчилари даврасига ошиқади.
Туғилган юрт, Ватан – инсоннинг юрагида бўлади, дейишади. Юрагида она юрт меҳр-муҳаббати балқиб турган инсонларнинг табиати жўшқин, қалблари эса ҳамиша қайноқ бўлганидан эл-юрт манфаати, келажаги йўлида ўзини сафарбар қилиб яшайверадилар. Нигинахон ана шундай жўшқин табиатли, қайноқ қалбли Аму элининг ардоқли фарзандларидан бири.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶