БАҲОР КЕЛДИ СИЗНИ СЎРОҚЛАБ
Дунё халқларини лол этганда Сўз,
Садоқат малагин тинглаганда Дил.
Минбарга қадалди неча милён кўз,
Жасорат пойига тўкилди кўнгил.
Ўзбек шоираси ирод этган дам,
Зулматлар қаърига нур сочди ашъор.
Камалак рангларга чулғаниб олам,
Музлаган дилларда гуллади баҳор.
Ҳижроннинг йўлида тонгдай балқиди,
Матонат измига топшириб ўзни.
Шоир забонида ВАФО талқини
Табаррук айлади муқаддас Сўзни.
Бир сўзки, тафтидан эриб кетди қор,
Кўнгиллар кўнгилни қучди ярақлаб.
Шоир юрагида тоғдайин виқор–
"Табассум ўрнида кулди чарақлаб!”
Суйиш керак бўлса, жондайин суйди,
Юракда илоҳий муҳаббат билан.
Ҳатто ҳижронда ҳам бир бахтни туйди,
Сабрга бош қўйиб Садоқат билан.
Тўрт фаслни ҳам баҳордай қучди,
Қаҳратон қишларнинг қаҳрини тилиб.
Бўронлар забтига қасдма-қасд учди,
Армонлар тоғига чечаклар илиб.
Баҳордай ошиқди гулламоқ учун,
Тошларнинг бағрига бағрини қўйиб.
Оташ юрагида уйғонди очун –
Шоирнинг кўксига кўксини қўйиб.
Ҳаёт давом этар, ҳаёт бу – Баҳор,
Ҳар гал қайтиб келар Ўзбекистонга.
Чунки бу заминда улуғ Баёт бор –
Ифор сочиб турар жумла жаҳонга.
Самолар кўксида турналар саси,
Ўрикзор боғларда ажиб синоат.
Она табиатнинг ажиб туҳфаси –
Новдалар ҳаётни этар қироат!
Биринчи март тонгги отмоқда. Сокин,
Мажнунтоллар турар сочин тароқлаб.
Куртаклар шоирнинг такрорлаб отин,
Яна баҳор келди тонгда! Сўроқлаб...
Яна бошланади чаманлар сайли,
Қизиб бораверар мушоира - баҳс.
Ҳар дилда шеър ишқи, шеърият майли,
Истиқлол назмидан сўйлагувчи дарс.
Робия, қарагин, Ватанда байрам,
Жўр бўлгин Садоқат мадҳиясига.
Шеърият мулкида жаҳоний Санам –
Таъзим қил, ўзбекнинг Зулфиясига!
Робия ЙЎЛДОШЕВА
(Фото - ЎзА)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶