"ОТА-ОНАНГ ҚАЕРДА ИШЛАЙДИ?!" ёхуд таъминотчи таъминотга муҳтож бўлса...
"Менинг дадам шифокор", "менинг дадам банк ходими", "менинг онам ўқитувчи" ва ҳоказо...
Синфхонадаги болаларнинг тенг ярми ўқитувчисининг: "ота-онанг қаерда ишлайди?", деган саволига шу тариқа жавоб беришди. Бироқ аксарият ўқувчилар айнан мана шу саволга жавоб беришга ийманиб, пастгина оҳангда отаси ишламаслигини ва онаси уй бекаси эканлигини айтишди. Камига яна худди айб иш қилгандай бошларини қуйи солиб, енгил хўрсиниб қўйишди. Ҳа, уларнинг доскага чиқиб гапиргандаги бурро тиллари айнан ўша саволга келганда...
Кўзойнаги остидан нигоҳида савол билан мўралаган бироз бефаросат ўқитувчи яна болаларга савол билан юзланади:
– Унда қандай қилиб кун кўрасиз?!
– Бобом билан бувим пенсия олса, менга "шкалат"га пул беради... Жажжи болажонлар суҳбатга шу тариқа якун ясади. Қолган болалар ота-онаси ишламайдиган шу "аксарият" синфдошларининг устидан кулди, ота-онасининг нима учун ҳеч қаерда ишламаслигининг сабабини тушуна олмайдиган жажжиларнинг кўнгли шафқатсиз этиклар остида қолган япроқдай эзилди. Устоз синфни тартибга чақирди-ю, дарсни давом эттирди...
"Бандлик", "бандликни таъминлаш", "камбағалликни қисқартириш" бугун жамиятимизда, ОАВларда энг кўп қулоғимизга чалинавериб, ёд бўлиб кетган сўзлар. Ва айнан мана шу бандликни таъминлаш масаласида юртимизда айтсанг, айтишга арзигулик эътирофга муносиб ишлар амалга оширилмоқда ҳам. Одамлар орасида юриб, давлатимиз сиёсатини қўллаб-қувватлайдиган, давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг халқ фаровонлиги йўлида амалга ошираётган ислоҳотларидан рози бўлиб уларни дуо қилаётган юртдошларимизни учратамиз. Ҳақиқатан, жамиятимизда ҳаракат қилган, ўзида чинакам меҳнаткашлик қобилияти бор бўлган инсон борки, бугун ҳалол ризқини топиб ҳаёт кечирмоқда. Kўпроқ ҳаракат қилган, ўз устида ишлаган, дангасалик қилмаган, ишнинг кўзини биладиган шахслар борки, улар эса фақат ўзининг бандлигини таъминлаб қолмасдан, атрофидагиларни ҳам иш фаолиятига жалб қилмоқда. Ўзидан ташқари, яна бир неча ўнлаб, юзлаб кишиларнинг уйида қозони қайнашига ҳисса қўшмоқда. Бироқ, орамизда яна шундай одамлар борки, уларнинг болалари "ота-онанг қаерда ишлай-ди?" деган саволга жавоб бергиси келмайди. Бу инсонларнинг қайсиларидир узрли сабабларга кўра меҳнат қилолмайди, қайсиларидир умри давомида "яхши"роқ иш излаб, умри ўтиб кетади, яна бирлари эса меҳнат қилишга лаёқати бўлса-да ҳаракат қилишни, халқ тили билан айтганда жонини қийнашни истамайди. (Кимнингдир
ҳисобига ҳаёт кечиради).
Ислоҳотлар айнан мана шу инсонларнинг бандлигини таъминлаш, уларга имтиёзли кредитлар бериш, ҳунармандчиликка ўргатиш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш каби имкониятларни тақдим этади, лекин уларнинг ўзлари бу ёрдам қўлларини рад этади. Ҳаракат қилишни яна хоҳламайди. Бу гап билан биз жамиятни табақаларга ажратмоқчи эмасмиз, кимдир бой, кимдир камбағал дейишдан йироқмиз. Шунчаки, инсонларнинг ижтимоий фаолиятига, яшаш тарзига четдан баҳо бериб, лоақал шу мақола сабаб улар ҳам ўйланса, ҳаракатга тушса, деган ниятда гапиряпмиз. Аслида эса, инсоннинг қадр-қиммати унинг ижтимоий келиб чиқиши ёки карьераси билан ўлчанмайди.
Аммо, жамиятдаги турли хил кўнгилсизликлар, жиноятлар бекорчилик оқибатида келиб чиқади.Туманимиздаги иш билан банд бўлган ва банд бўлмаган аҳоли статистикаси билан қизиқдик. Мана ўша статистика: 2023 йил январь-июнь ҳолатига иқтисодий фаол аҳоли 82,6 минг киши (74,9%) ва иқтисодий фаол бўлмаган аҳоли 27,8 минг киши (25,1%)ни ташкил қилади. Иқтисодий фаол аҳоли ўз навбатида қуйидагиларни ўз ичига олади:
иш билан банд бўлган аҳоли – 75,7 минг киши (91,6%);
ишсизлар - 6,9 минг киши (8,4%) ни ташкил этади.
Иқтисодий фаол бўлмаган аҳоли ўз ичига қуйидагиларни олади:
ўқувчилар ва талабалар 6,5 минг киши (23,4 %);
ихтиёрий ишламайдиган шахслар 9,4 минг киши (33,7%);
бола парвариши билан бандлар 11,9 минг киши (42,9%);
Тўғри, ушбу статистикада келтирилишича, туманда банд бўлмаган аҳоли сони у даражада катта рақамни ташкил қилмайди. Аммо барибир ҳамма қандайдир фойдали иш билан шуғулланса, уйида қари ота-онанинг пластик картасига қачон нафақа тушар экан, деб кутиб ётмаса-да, дейсан киши.
Азиз муштарий, болангиздан устози "ота-онанг қаерда ишлайди?" деб сўраганида сиз билан фахрланишини, "менинг отам фалончи, фалон жойда ишлайди, менинг онам пистончи, у яхши мутахассис", дейишини хоҳлайсизми?! Унинг келажагини порлоқ қилишни, ҳаётда ўз ўрнини топишини-чи? Унда ҳаракатни бугундан бошланг. Ҳозирдан бошланг! Ривожланган давлатлар амалиётига назар соладиган бўлсак, айрим мамлакатларда ота-оналар фарзандини боқа олишга кўзи етганда, ҳеч кимдан кам қилмаслигига амин бўлганда оила қуради. Яна айримларида фарзанди келажагини ўйлаган ота-оналар бола дунёга келган пайти унга ҳисоб рақам очдиради. Бир томони қувонарлики, шу айрим давлатларда ота-оналар боласини фақатгина моддий жиҳатдан таъминлашни ўзларига бурч деб билса, бизда моддий таъминотдан ташқари, маънавий тарбия, одоб-ахлоқ деган тушунчалар ҳам унга эгиз бўлиб келади. Демоқчиманки, ҳар иккиси бир-бирига ҳамоҳанг бўлиб келса, қандай яхши-я, газетхон! Ҳар куни ўзинг севган иш билан шуғулланиш, ана шу касбинг ё ҳунаринг ортидан даромад топиш, эрталаб уйингдан оила масъулияти билан чиқиб кетиб, кечқурун оила аъзоларинг билан соғиниб дийдорлашиш нақадар гўзал. Ҳеч нима қилмасдан яшаш, танбаллик инсонни хароб қилади. "Келиним ёки қизимни ишлатмайман, супургисини эпласин", деган гапни шиор қилиб олган кимсалар ҳам қаттиқ адашади. Баъзан шу "супургисини эплаш" (яъни рўзғор тутиш) учун ҳам одам дунёни англаган, яхши-ёмонни таниган бўлиши шарт, қайсидир маънода. Фарзандлар эса ота-онадан ўрнак олиб улғайиши – ҳақиқат.
Ёруғ синфхона. Она тили дарси. Ўқитувчи ўқувчиларга "Ота-онам танлаган касб" мавзусида иншо ёзишни топшириқ қилиб берди. Синфдошларнинг тенг ярмидан кўпи иншони ёзишни аллақачон бошлаб юборди. Уларга фикрлар қуйилиб келарди, мураккаб қўшма гапларга қўшилиб, фахр, ифтихор деган туйғулар дафтарга кўчар эди. Бироқ, синфдаги аксарият ўқувчиларнинг қўлида бўм-бўш қоғоз. Қизиқ, улар дарс охиригача дафтарига нимани ёзар экан-а...
Азиза Мадраҳимова.
(туман Статистика бўлими маълумотлари асосида тайёрланди).

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶