“Қор қишда ёғади”, “Қорбобо Янги йилда келади…” ёхуд 2-сонли ДМТТдаги амалий семинар қандай ўтди?
Мактабгача таълим ташкилотлари кўзимизнинг оқ-у, қораси бўлган кичкинтойларимизнинг иккинчи уйидир. Чунки фарзандларимиз куннинг асосий қисмини боғчада ўтказишади, ҳар куни янгидан-янги шеърлар, қўшиқлар ёд олишиб, уйга келганда қўлларини кўксига қўйиб ота-оналарига ёдлаганларини айтиб беришади. Аксарият болажонларнинг нутқи боғчага боргандан кейин равонлашади, айрим ўйинқароқ болалар эса боғчага боргач “қуйилиб”, каттага ҳурматда, кичикка иззатда бўла бошлайди. Чучук тиллари ила салом беришни ўрганади. Албатта, фарзандларимизнинг одоб-ахлоқли ва зукко бўлиб улғайишида тарбиячиларнинг ўрни алоҳида. Уларнинг тинимсиз саъй-ҳаракатлари ҳамда ўз вақтида касбий тажрибаларини ўстириб бориши замирида кичкинтойларимизнинг ҳам зеҳни ўткирлашаверади.
Яқинда Амударё тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 2-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида амалий семинар ўтказилди. Семинарнинг мақсади мактабгача таълим ташкилотларида боланинг индивидуал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, илк ва мактабгача ёшдаги болаларнинг ривожланишига оид давлат талаблари асосида ҳамда давлат ўқув дастурига мувофиқ боланинг ҳар томонлама баркамол ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мактабгача ёшдаги болаларнинг ўқув-тарбиявий фаолиятини ташкил қилиш ва амалга оширишда тарбиячиларнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришдан иборат. Бундай семинарлар барча ДМТТларида, йил давомида, режа асосида ташкил қилиниб келинади. Семинар иштирокчилари бу орқали ўзаро тажриба алмашиб, ўзларининг касбий маҳоратини ошириб борадилар. Мазкур семинарда ҳам 2-сонли ДМТТнинг 4та гуруҳида “Зумрад қиш” ой мавзуси доирасида гуруҳларда ўтказиладиган машғулотларни семинар иштирокчилари кузатиб бордилар ва ўзларининг амалий кўникмаларини янада бойитдилар.
Дастлаб, семинарда иштирокчилар 4та гуруҳга бўлиниб, машғулот жараёнини кузатиш учун гуруҳларга кирди. Шундан сўнг, муассасанинг мактабга тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Мавлуда Камалова “Уст-бош ва оёқ кийимлар” ҳафта мавзуси бўйича машғулот ўтди. Машғулот жараёнида кунлар совуқ бўлиши, дарахтларда япроқлар бўлмаслиги ҳақида болаларга тушунчалар берилди.
Кейин эса машғулот янада қизиқарли бўлиши учун “Билмасвой” образидаги қаҳрамон шиппакда, бошига шапка кийган ҳолда ташриф буюрди. Билмасвойга кийимлар ҳақида саволлар берилганда жавоб бера олмади. Шу тариқа болалар икки гуруҳга бўлиниб, “сирли халтача” ўйинини ўйнашди. Билмасвой халтачадаги кийимларни болаларга олиб кўрсатди ва болалар кийим номларини айтишди. Шундай қилиб, билмасвой билмаганларини билиб олди. Бу каби, саҳналаштирилган ўйинлар орқали эса болажонларнинг топқирлиги ва ҳозиржавоблиги ривожланади.
Шундан сўнг, 2-сонли ДМТТнинг мактабга тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Феруза Бекимбетова “Байрамона янги йил” ҳафта мавзуси бўйича машғулот ўтказди. Машғулот давомида болажонларга Янги йил байрами ҳақида, янги йилни қайси мамлакатларда қандай кутиб олиниши тўғрисида маълумот бериб ўтилди. Шунингдек, қиш фаслида қор ёғиши, айрим ўрмон ҳайвонлари бу фаслда уйқуга кетиши, ҳаво ҳарорати пасайиши, турли хил қишки ўйинлар ва шу каби маълумотлар бериб ўтилди.
Машғулотдан кўзланган мақсад – тарбиячиларда жараён давомида ўзаро ҳамкорлик, бир-бирига дўстона муносабатда бўлиш, жамоада ўзини тута билиш кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, бола “мен”ини ривожлантириш, уларни шахс сифатида шакллантириш ва бу орқали болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлашдан иборат.
Шу билан бирга, 2-сонли ДМТТнинг катта гуруҳ тарбиячиси Саида Эшмуратова, ўрта гуруҳ тарбиячиси Наргиза Қувватовалар ҳам бир-биридан қизиқарли бўлган билимлар билан ўртоқлашди. Улар ўз машғулотлари давомида дидактик материаллардан фойдаланиб, болажонларга фаслларни фарқлашни, ҳафта кунларини ажратишни тушунтириб ўтдилар. Шу тариқа семинар машғулотлари қизғин ва баҳс-мунозараларга бой тарзда давом этди.
Машғулотлар тарбияланувчиларда барча бешта таълим соҳаси: жисмоний ривожланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш, нутқ, мулоқот, ўқиш ва ёзиш кўникмалари, билиш жараёнининг ривожланиши, ижтимоий-ҳиссий ва ижодий ривожланишни рағбатлантиргани билан аҳамиятли бўлди. Шунингдек, жараёнлар болалар ривожланишининг муайян шароитлари, эҳтиёжлари ва хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, ўқув-методик дастурлар ва технологиялар, ўқув қўлланмалари, илмий-методик ва ўқув-методик адабиётлар, болалар, ота-оналар учун мўлжалланган адабиётлар, интернет-ресурслар, таълимий дидактик материаллардан фойдаланилган ҳолда ташкил этилди.
Машғулот жараёнлари тугаганидан сўнг семинар қатнашувчилари ўзаро суҳбат ўтказдилар. 20-ДМТТ методисти Олтиной Абдалова, 10-ДМТТ методисти Гулнора Наметова, 32-ДМТТ тарбиячиси Нигора Юлдашева, 31-МТТ методисти Равила Чўтбоева ҳамда бошқалар ҳар бир гуруҳ кесимида олиб борилган машғулотлар, ушбу машғулотларни ўтказган тарбиячиларнинг педагогик маҳорати ҳамда лаёқати, ютуқлари ва камчиликлари ҳамда болалар билан биргаликдаги фаолияти, таълим-тарбия жараёнида самарали шакл, метод ва воситаларидан унумли фойдалана олиш қобилиятларини эътироф этдилар.
Албатта, ўтказилаётган бу каби семинарлар тарбиячиларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш орқали жажжи болажонлармизнинг атрофимиздаги оламни идрок қилиши, зукко ва билимли авлод бўлиб камол топишига хизмат қилади.
Азиза Мадраҳимова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶