Яна бешта оила янги хонадонга эга бўлди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва кундалик ҳаётда дуч келаётган муаммоларини жойида ҳал этишга қаратилган муҳим ижтимоий ташаббусдир.
Мазкур дастур доирасида Амударё туманида ҳам кенг кўламли ишлар йўлга қўйилган. Туман ҳокимлиги, ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, шунингдек, 300 нафарга яқин тадбиркор ва фермер ҳамкорлигида ижтимоий реестрга киритилган, турар жойи мавжуд бўлмаган ёки яшаб турган уйи авария ҳолатига келиб қолган 56 та оила учун янги хонадонлар қуриш ташаббуси илгари сурилган эди.
Бугунги кунга қадар ушбу ташаббус доирасида 36 та оила янги уй-жойга эга бўлди. Эътиборлиси, бу жараёнда депутатлар, тадбиркорлар ва фермерлар нафақат моддий кўмак кўрсатмоқда, балки туман раҳбарияти билан биргаликда ҳар бир оиланинг уй-жой шароитини яхшилашга бевосита ҳисса қўшмоқда.
Амударё туманидаги 1-сонли техникумда ўтказилган навбатдаги сайёр қабул ҳам ана шу амалий ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Қабулда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратова, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Шарапат Отемисов, ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Сағындиқ Турманов, Амударё тумани ҳокими Собир Хўжаметов, маҳаллий Кенгаш депутатлари, мутасадди ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар, фермерлар, ёшлар ҳамда фуқаролар иштирок этди.
Учрашув давомида 200 нафардан ортиқ фуқаро қатнашиб, 70 га яқин мурожаат тингланди. Уларнинг 50 га яқини шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Жумладан, ижтимоий реестрда турган 5 нафар хотин-қизга янги хонадонларнинг калитлари тантанали равишда топширилди.
Шу билан бирга, сайёр қабулда фуқароларнинг бандлик ва ўзини ўзи банд қилиш истаги билан боғлиқ мурожаатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир доирасида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида тумандаги мавжуд бўш иш ўринлари иш излаётган фуқаролар ва ёшларга таништирилди.
Ярмаркада 4 нафар ёшлар иш билан таъминланиб, тадбиркор ва фермерлар кўмагида 10 нафарга яқин фуқарони мавсумий ишга жалб этиш бўйича келишувга эришилди. Бу йўналишдаги ҳамкорлик меҳнатга лаёқатли аҳолининг даромад манбаига эга бўлишида муҳим восита бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Ўз меҳнати билан даромад топиш истагида бўлган 12 нафар фуқарога эса ўзини ўзи банд қилиш ва касбий фаолиятини йўлга қўйишлари учун пайвандлаш ускуналари ҳамда бурчакли силлиқлагичлар топширилди. Бу эса уларга зарур асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда мустақил меҳнат фаолиятини бошлаш имконини беради.
Қайд этиш жоизки, ёшларнинг таълим олишига кўмаклашиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Контракт тўловларида ёрдам сўраб мурожаат қилган 6 нафар ёш ва уларнинг ота-оналарига туман Ёшлар агентлиги томонидан тўловнинг бир қисмини қоплаш учун ваучерлар берилди. Бу ёрдам талабаларнинг таълимни давом эттиришида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Қабул якунида фуқароларнинг билдирган миннатдорчилиги учрашувнинг натижаларини яққол намоён этди. Кимдир янги хонадон калитини қўлга киритди, кимдир ишга жойлашиш имкониятига эга бўлди, яна биров ўз меҳнат фаолиятини бошлаш учун зарур ускуналар олди. Ёшлар учун эса таълим олиш билан боғлиқ харажатларни енгиллаштиришга қаратилган амалий ёрдам кўрсатилди. Бу каби ёндашув оилаларнинг иқтисодий юкини камайтириш билан бирга, ёш авлоднинг касб-ҳунар эгаллашга бўлган интилишини рағбатлантиришга хизмат қилади.
Таъкидлаш керакки, «Халқ билан бирга» дастури доирасида 56 та оила учун янги хонадон қуриш режалаштирилган эди. Бугунги кунга қадар уларнинг 36 таси ўз эгаларига топширилди, қолган 20 та хонадонларнинг ҳам қурилиш ишлари партия фидокорлари бўлган фаол тадбиркор ва фермерлар кўмагида давом этмоқда. Йил якунига қадар ушбу 20 та оилани ҳам янги хонадон билан таъминлаш мақсад қилинган.
Амударёдаги ушбу сайёр қабул «Халқ билан бирга» дастурининг асосий мазмуни — аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш ва уларнинг ечими учун масъуллар, депутатлар ҳамда хусусий сектор имкониятларини бирлаштириш амалиётда қандай натижа бераётганини кўрсатди.
Бу тартибда ўтказилаётган учрашувларнинг ўзига хослиги шундаки, фуқаро ўз муаммоси билан идорадан идорага юрмайди, балки масъуллар унинг яшаш жойига келиб, мурожаатни жойида ўрганади ва имкон қадар шу ернинг ўзида ечим топади.
Хусусан, уй-жой муаммосининг ҳал этилиши ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун нафақат маиший қулайлик, балки келажакка ишонч масаласи ҳамдир. Мустаҳкам бошпанага эга бўлган оила фарзанд тарбияси, таълим ва меҳнат фаолиятини режалаштиришда анча барқарор имкониятга эга бўлади.
Бундан ташқари, бандликни таъминлаш ва ўзини ўзи банд қилишга кўмаклашиш йўналишидаги ишлар узоқ муддатли натижа беради. Зеро, бир марталик моддий ёрдам вақтинчалик енгиллик берса, доимий даромад манбаи оиланинг иқтисодий мустақиллигини таъминлайди.
Шу ўринда айтиш керакки, тадбиркор ва фермерларнинг бу жараёнга фаол жалб этилиши хайрия доирасидан чиқиб, ҳудудни ижтимоий ривожлантиришнинг барқарор механизмига айланиб бормоқда. Ўтказилган навбатдаги сайёр қабул ижтимоий ҳимоя, бандлик ва таълимни қўллаб-қувватлаш масалаларини бир тадбир доирасида жамлаган ҳолда, оилаларнинг кундалик эҳтиёжларига жавоб берадиган аниқ натижалар билан якунланди.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶