ЎЗБЕКИСТОНДА ВОРИСЛИК
Жамият негизини оила ташкил қилади. Мерос – мол-мулк билан боғлиқ низолар асосан оилада, қон-қариндошлар, ота-она, фарзандлар, ака-ука, опа-сингиллар, бир оила аъзолари ўртасида юзага келади.
Меросни ворислар ўзаро келишиб, мақбул ечимга келиб, низосиз ҳал қилиши керак. Агар низо бўлса, суд орқали ҳал қилинади. Низолашиш, суд томонидан қонуний ечим топилган тақдирда ҳам меросхўрлар ўртасида қариндошлик ришталарига, меҳр-оқибатга путур етказади. Қолаверса, моддий жиҳатдан ҳам ортиқча оворагарчиликка олиб келади.
Ворислик – бу шахснинг вафотидан кейин унга хусусий мулк асосида тегишли бўлган мол-мулкнинг, шунингдек, мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган баъзи ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг меросхўрларга ўтиши ҳисобланади.
Ворислик икки хил усулда, васият бўйича ворислик ва қонун бўйича ворислик асосида бўлиши мумкин. Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса амалга оширилади.
Мерос таркибига мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар киради. Масалан, ашёлар, пул ва қимматли қоғозлар, мулкий ҳуқуқлар, интеллектуал мулк объектларига ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи воситага нисбатан мутлақ ҳуқуқлар, мулкий мажбуриятлар, шу жумладан қарзлар (меросхўрларга қолдирилаётган мерос қиймати доирасида).
Мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади.
Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек, мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилганидан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.
Мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек, давлат ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.
Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади. Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди.
Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек, кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.
Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли.
Мерос қолдирувчи ҳар қандай мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли.
Мерос қолдирувчи васият қилаётган пайтида ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳам ҳақли. Агар мерос очилган пайтга келиб, бундай мол-мулк унга тегишли бўлиб қолса, тегишли фармойиш ҳақиқий ҳисобланади.
Мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ва ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга мажбур эмас.
Б.ХОДЖАМЕТОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида
хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶