АМУДАРЁЛИК ЁШЛАР СТАРТАП ТАНЛОВИДА ЎЗ ЛОЙИҲАЛАРИ БИЛАН ИШТИРОК ЭТИШДИ
Амударёлик ёшлар ўртасида IT Park Қорақалпоғистон филиали ҳамда Амударё тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда стартап танлови ташкил этилди.
2023 йил 28 декабрь куни туман ҳокимлиги биносида бўлиб ўтган ушбу танлов бошланишида IT Park Қорақалпоғистон филиали масъуллари, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими раҳбари Сардор Исмаилов ҳамда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича лойиҳа менежери Дилмурод Раҳимовлар танлов тартиби ва шартлари ҳақида тушунчалар беришди.
Ёшларнинг инновацион ғоя ва стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимизнинг 2022 йилдаги 22 августдаги “2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарорига кўра ўтказилган ушбу танловда 18-30 ёш оралиғидаги 17 та жамоа иштирок этди. Мазкур жамоалардаги 30 нафарга яқин ёшлар ўзларининг креатив ва инновацион ғоялар асосида яратган турли лойиҳаларини тақдим этишди.
Маълумки, дунёнинг иқтисодий жиҳатдан илғор мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам иқтисодиёт, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги каби таянч соҳаларга замонавий инновацион технологиялар татбиқ этилмоқда. Сўнгги йиллар давомида юртимизда инновацион экотизимни ривожлантиришда стартапларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилмоқда.
Амударё туманида ҳам 400 нафарга яқин турли ёшдаги фуқаролар IT соҳасида ўқитишга жалб этилди. Ушбу соҳада 200 нафарга яқин ёшлар ўзини ўзи банд қилишига эришилди.
Таъкидлаш жоизки, стартаплар инновацияларга асосланган ҳолда мавжуд маҳсулотларнинг камчиликларини бартараф этади, товарлар, хизматларнинг мутлақо янги тоифаларини яратади ва бутун саноат учун фикрлаш, бизнес юритишнинг анъанавий усулларини ўзгатириб юборади. Сўнгги даврларда кўплаб соҳаларда стартаплар янгиликлар яратувчи сифатида танилмоқда.
Стартап лойиҳаларнинг ҳар бири янги турдаги маҳсулот, дастур ёки хизмат кўрсатиш соҳасини ўз ичига олади. Жумладан, туризм соҳасида “Ўзбекистон туристик шаҳарларининг 3D ва VR BOX моделларини яратиш”, “NazzAR” стартап лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Тиббиёт соҳасида “LiPach” тери парвариши учун гигиеник-косметик воситаси клиник олди текширувлардан муваффақиятли ўтди, “Биоферрон” биологик фаол қўшимчаси, имплантация қилинадиган юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналарни инновацион ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.
Қишлоқ ҳўжалиги соҳасида агролоток, кўчатларни “in-vitro” усулида кўпайтириш лабораторияси ташкил этилмоқда. Озиқ-овқат соҳасида олма кукунидан қандолатчиликда кенг фойдаланиладиган пектин ишлаб чиқарувчи “Onsite” МЧЖ ташкил этилди.
Яна бир истиқболли лойиҳа биологик маҳсулотларни қуритиш механизмини такомиллаштирувчи электромагнит парчаловчи қурилма тизими ишлаб чиқилмоқда. Мазкур тизим маҳсулотнинг якуний таннархига катта таъсир қилувчи якуний босқичда энергия сарфини қарийб 4-6 бараваргача қисқартириш имконини беради.
Амударёлик ёшлар ўртасида ўтказилган мазкур танловда ҳам иштирокчилар ўзларининг соғлиқни сақлаш ва экология, молия-иқтисодиёт ва аҳоли бандлигини таъминлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, таълим ва туризм, қурилиш, энергетика ва робототехника йўналишлари бўйича тайёрлаган лойиҳаларини таништириб, батафсил маълумотлар беришди.
Танлов якунида Шоҳруҳхон Пўлатбоевнинг таълим йўналишидаги стартап лойиҳаси 1-ўринга лойиқ деб топилди ва унга ноутбук совға қилинди. “Dream team” жамоасининг соғлиқни сақлаш йўналишидаги стартап лойиҳаси 2-ўринга муносиб кўрилиб, жамоага планшет совға қилинди. Шунингдек, 3-ўрин ғолиби бўлган “Kids App” жамоаси таълим йўналишидаги лойиҳаси учун смартфон совға қилинди. Ғолиблар ва совриндорларнинг ҳар бирига “Фахрий ёрлиқлар” топширилди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶