ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ СОҲАСИ ФИДОЙИСИ
Қангли қишлоғида туғилиб-ўсган Тозабой Матчонов умумтаълим мактабини тугатган йилиёқ Тошкент шаҳрига йўл олди. 1981 йилда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтига ўқишга кирган. Тозабой ўқиш жараёнида ҳамқишлоқлари ҳаётига ўзгаришлар олиб кириш, ўсиб келаётган ёш авлодга Қангли қишлоғи, Амударё тумани, қўйингки, Қорақалпоғистон билан туташиб кетган она Юрт кенгликлари, ана шу бепоён Ватан шаънини юксалтириш учун ўқиб, билим олиш жуда муҳимлигини англатиб яшаш зарурлигини чуқур идрок этди.
У 1985 йилда институтни муваффақиятли тамомлаб, она қишлоғидаги С.Тўрамуродов номидаги саккиз йиллик мактабда илк меҳнат фаолиятини бошлади.
Ўз фани асосларини пухта эгаллаган етук педагог кадрлар таълим-тарбия соҳасида ҳамиша қадрланади. Бу борада Тозабой Матчоновнинг ҳам билим ва салоҳиятидан самарали фойдаланишга интилган мактаб раҳбарлари кўп бўлди. 1989-1994 йилларда у Амударё туманидаги етакчи илм масканларидан бири ҳисобланган 11-сонли умумтаълим мактабида, кейинчалик 29-сонли мактабда жисмоний тарбия фани ўқитувчиси сифатида ўз фаолиятини давом эттирди. Ўқувчилар билан олиб бориладиган тарбиявий ишлар таъсирчанлигини ошириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида спортга қизиқувчи ёшларни атрофига жамлади, кураш, шахмат спорти тўгаракларини ташкил этди. “Умид ниҳоллари”, “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақаларида қатнашган ўқувчилари Амударё тумани биринчилигида, мазкур мусобақаларнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичларида муваффақиятли иштирок этишиб, совринли ўринларни қўлга киритдилар. 1994 йилдан ҳозирги кунга қадар 29-сонли мактабда фаолият юритаётган олий тоифали ўқитувчи Тозабой Матчоновнинг ўқувчилари деярли ҳар йили анъанавий равишда ўтказилиб келинаётган “Умид ниҳоллари”, “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақаларининг доимий ғолиб ва совриндорлари сафидан жой олиб келишаётганининг ўзи оддий қишлоқ мактаби ўқитувчисининг ўз соҳасининг етук мутахассиси эканлигидан яққол далолат.
Хусусан, Тозабой Матчонов раҳбарлигидаги ўқувчи-ёшлар қаторасига 3 йилки, “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларида спортнинг енгил атлетика, кураш турлари бўйича туманда 1-ўринни, Республика миқёсида фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда. 2022-2023 ўқув йилида эса “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг парашахмат мусобақасида ҳам Тозабой Матчоновнинг ўқувчилари туман ғолиблигини қўлга киритиб, мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида фахрли 3-ўринни эгаллашди.
Доно халқимиз тилидан-тилларга кўчиб, ўз қадри-қиммати билан ҳамон юқори тутилгувчи бир ҳикмат борки, ана шу ҳикмат Тозабой Матчонов каби фидойи ўқитувчилар шахсига қарата айтилгандай. Яъни, “Устозидан илм олган шогирдлари қатор турсалар, ул устоз чин устоздир”. Шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, Тозабой Матчоновдан “илм олиб, қатор турган” шогирдлари беҳисоб. Хусусан, устозига ҳавас қилиб, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси фидойилари бўлиб етишган шогирдларидан Гуландом Худойберганова, Шоҳиста Худойберганова, Гўзал Йўлдошева, Жавлонбек Худойберганов, Нигора Султонмуродова, Нуриддин Қурбонбоев, ... яна қанча ёшлар жисмоний маданият мутахассислари сифатида фаолият юритишмоқда. Ўнлаб шогирдлари Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги ОТМларда жисмоний маданият йўналиши бўйича таҳсил олишмоқда.
Тозабой Матчоновни кўпчилик қаттиққўл, қатъиятли ўқитувчи сифатида ҳурмат қилишади. Балки шундайдир. Катта лейтенант ҳарбий махсус унвонига эга ўқитувчи бўлганиданми, ўқувчиларига ўз фанидан қатъий талаблар қўйишга одатланган Тозабой Матчоновнинг шогирдлари жисмоний маданият фанини ўзлаштиришда худди ўқитувчиси каби қатъиятли, интилувчан. Ишда қатъият ва ишонч уйғун бўлса, муваффақият сари йўл очилаверади.
Тозабой Матчонов нафақат ҳамкасблари ва шогирдлари, балки ўзи истиқомат қиладиган маҳаллада ҳам ҳурмат-эътиборга муносиб, оилапарвар, меҳрибон ва маданиятли ота сифатида умр йўлдоши Замирахон Ерназарова билан бири-биридан ўқимишли икки қиз, бир ўғилни касб-корли қилиб вояга етказишди. Ширин-шакар невараларга бобо бўлди. Бугун унинг оиласи ҳақиқий зиёлилар билан обод. Қилаётган эзгу ишлари давлатимиз томонидан эътироф этилаётгани, юқори ташкилотларнинг фахрий ёрлиқлари, ташаккурномалари билан тақдирланаётгани эса қалбига қувонч бағишлайди, эртанги кунига ишонч уйғотади. “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” – умумхалқ байрами муносабати билан оддий қишлоқ мактаби ўқитувчиси Тозабой Матчоновнинг фидойи меҳнатлари давлатимиз томонидан яна бир бор эътироф этилиб, “Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Эътироф, ҳурмат, эътибор ва рағбат – бу халқ эҳтироми, ишончининг ёрқин ифодаси.
Заҳирадаги катта лейтенант, юзлаб ёшларнинг севимли устози Тозабой Матчонов ҳамон постда – ёш авлод таълим-тарбияси йўлидаги энг масъулиятли, энг шарафли вазифани адо этишда ҳамиша собит, ҳамиша қатъиятли. Ана шу туйғуларга ҳамроҳ яшаш эса унинг эзгу аъмоли.
Айни пайтда умрининг 60 баҳорини қаршилаган Тозабой Матчановга:
- Асло чарчаманг, яна узоқ йиллар ёшлар сафида, масъулиятли ва шарафли касбингиз билан эътиборда,эъзозда яшанг, 60 ёшингиз муборак бўлсин, - деймиз.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶