14.08.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
14.08.2026, 22:01
Жамият 👁 420

Фарҳод Камолов: уни ҳамма танийди

Фарҳод Камолов: уни ҳамма танийди

Манғитлик (Аллоҳ раҳмат қилсин) Исмоил ота Камолов ва Валентина Петровна Кузнецовалар оиласини нафақат туманда, балки Қорақалпоғистон Республикасида, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида алоҳида ҳурмат-эҳтиром билан тилга олувчилар кўп. Чунки умр бўйи автогараж мудири бўлиб ишлаган Исмоил ота Камолов ҳамда ўзининг бутун онгли ҳаётини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаган Валентина Пет­ровна Кузнецовалар биргаликда яратган оила гўшасидаги ўзига хос миллий-маънавий тарбия муҳити, қолаверса, Исмоил ота билан Валя опанинг (уни амударёликлар ўзларига яқин олиб шундай аташади) маҳалла-кўйда, ўзлари ишлаган меҳнат жамоаларида тутган ўрни ва обрў-эътибори бу байналмилал оилани худди қон-қариндошлардай халқ меҳр-муҳаббатига сазовор этган, оилада вояга етган фарзандлар ҳам ана шу меҳр тафтини ҳис этиб улғайишди.

Халқимиз оилани теран илдизли дарахтга ўхшатишади. Бу ўхшатишда ўзига хос рамзий маъно бор. Чунки замини унумдор бўлган ҳудудда унган дарахтнинг илдизи мус­таҳкам, шохлари теран ва бар­авж бўлади. Исмоил ота билан Валя опа оиласи, агар таъбир жоиз бўлса, ана шундай илдизи мустаҳкам, шохлари теран, сермева дарахтдай Аму элига илдиз қўйдилар, бири-биридан ақлли, билимдон фарзанд­ларни тарбиялаб, вояга етказдилар. Фарҳод Камолов ана шундай меҳр-оқибат қулф урган маънавиятли оилада туғилиб-ўсди.

Инсоннинг шахс сифатида шакл­ланишида она меҳри ва тарбияси муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан олиб қараганда, касби ўқитувчи бўлган Валентина Петровна ҳар бир фарзандининг хулқ-атвори ва қизиқишларидан келиб чиқиб, уларга алоҳида меҳр билан тарбия берди. Маиший ва радиотехника воситалари билан шуғулланиш Фарҳод Камоловнинг севимли машғулоти эди.

Шу боис, Фарҳод умумтаълим мактабини тугатиб, 1976 йилда Фарғона шаҳридаги маиший хизмат кўрсатиш техникумининг радиотехника бўлимига ўқишга кирганида ота-она­си, айниқса, Валентина Петровна чин дилдан қувонишди. Ота-онасининг дуосини олиб, орзулари йўлида таълим олишга киришган Фарҳод Камолов 1979 йилда мазкур билим даргоҳини муваффақиятли тамомлади.

1979-1981 йилларда ҳарбий хизмат бурчини адо этгач, илк меҳнат фаолиятини 1981 йилда Манғит шаҳрида ягона бўлган “Зангори экран” устахонасида ишлашдан бошлади.

Ҳамма даврларда ҳам малакали мутахассислар қадрланган. Фарҳод Камолов ҳам ўз соҳасининг моҳир устаси ва билимдони эди. Шу боис, уни 1982 йилда Нукус Радио-телевидение узатиш марказининг Манғит Радио-телевизион станцияси бўлимига электромеханик вазифасига ишга қабул қилишди.

Тобора шиддат билан ривожланиб бораётган радио ва телевидение тармоғига соҳа янгилик­ларини жорий этиш, Манғит радио-телевизион станциясининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳия­тини ошириш давр тақозоси эди. 1989 йилда Фарҳод Камоловни Манғит Радио-телевизион станцияси раҳбарлиги лавозимига тайинлашгач, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиш орзуси уни Тошкент электротехника алоқа институтига етаклади ва 1991-1997 йилларда мазкур олийгоҳда алоқа муҳандиси йўналишида таҳсил олди.

Фарҳод Камолов Манғит РТСга илк раҳбарлик қилган пайтда станциянинг ўз биноси йўқ, моддий техника воситалари билан таъминланганлик даражаси ниҳоятда паст эди. Манғит РТС 1989 йилда ўша вақтдаги собиқ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар техника билим юрти (ССПТУ–75) нинг ётоқхона биносида жойлашганди. Шу боис, аҳолига радио ва телевидение дастурларини сифатли равишда узатиш имкони кам, радио-телевизион эфирлар вақтида баъзан узилишлар ҳам бўлиб турарди. Ана шундай пайтларда Фарҳод Камолов вақт билан ҳисоблашмай ишлар, баъзан тонггача РТСда қолиб кетарди.

– Қийин вазиятлар кўп бўларди, – эслайди у. – Эфирлардаги қисқа узилишлар, сифатсиз эфир тўлқинлари туфайли айрим юртдошларимиз РТСга қўнғироқ қилишиб, кўнгилга оғир ботадиган гапларни ҳам айтишардилар. Хафа бўлиш хаёлимга ҳам келмасди, жимгина эфирни тўғрилашга уринардим.

Инсонни ҳаётдаги, ишдаги муаммолар чарчатиб, юз-кўзларига кексалик муҳрини босади. Агар оила муҳити соғлом, ўзаро меҳр-оқибат туйғулари устувор бўлса, бундай муҳит ҳар қандай муаммо ва чарчоқдан одамни фориғ қилади. Бу жиҳатдан Фарҳод Камоловнинг омади чопган. Умр йўлдоши Мақсудахон ая Полвонова умрининг ҳар лаҳзасида унга меҳрибон дўст ва ҳамдам. То пенсияга чиққунига қадар қайнонаси каби ўқитувчилик касбини ардоқлаб, ёш авлод таълим-тарбиясига масъуллик ҳисси билан яшаб, меҳнат қилган, шарафли касби туфайли юзлаб ёшларнинг севимли устози даражасига етган Мақсудахон ая Полвонова маҳалла-кўйда ҳам, оиласида ҳам ҳурмат-эҳтиромга муносиб онахон. Фарҳод Камолов билан аҳил ва элда ибратли оиласида 5 нафар фарзандни ўқимишли, касб-корли қилиб тарбиялаб, вояга етказишди. Фарзандларининг бири ота касбини эгаллаб, ҳарбий алоқачи сифатида фаолият юритса, яна бири бувижони ва онаси каби ўқитувчи, бошқалари тиббиёт ходими, МТТ тарбиячиси.

1992 йилда 36-сонли мактаб яқинида Манғит РТС учун янги бино қурилганида Фарҳод Камолов худди ўз оиласи учун иморат қурилгандай қувонди. Ўшанда РТСнинг янги бинога кўчирилишини бутун оила аъзолари, дўстлари билан нишонлашган. Қувонмай бўладими? Янги бинодан сўнг, 1993 йилда баландлиги 50 метрлик антенна ҳам ўрнатилиб, ишга туширилди.

Ҳаётидаги, иш фаолиятидаги ҳар бир янгилик ва ўзгаришда Мақсудахон аянинг, фарзанд­ларининг, жондан азиз онажони Валентина Петровнанинг ҳиссаси, меҳрини чин дилдан ҳис этган Фарҳод Камолов оиласидан ҳамиша кўнгли тўқ, умр йўлдоши, фарзандларига ишончи баланд. Шунданми, у хизмат сафарларига ҳам хотиржам бориб, ўз соҳаси бўйича доимий ўқиб-изланишни асло канда қилмади.

2006 йилга келиб бутун Ўзбекис­тон аҳолисини радио-теледас­турлар билан 100 фоиз сунъий йўлдош орқали қамраб олишга қаратилган Хитой давлати билан ҳамкорликдаги лойиҳа ишга туширилди. Лойиҳанинг ишга туширилиши қанчалик муҳим аҳамиятга эга бўлмасин, уни амалиётга изчил жорий этишда жиддий муаммолар ҳам йўқ эмасди. Бунинг учун малакали мутахассислар томонидан кенг қамровли таълимий тавсия берилиши, Хитой ускуналарини ўрнатиш ва амалиётда қўллаш ишларини соҳа бўйича кўргазмали усулда мутахассисларга намойиш қилиш, бундан ҳам муҳими, келтирилган асбоб-ус­куналарни бехато ўрнатиш зарур эди. Шу мақсадда Фарҳод Камоловни Хитой давлатининг Шанхай шаҳрига, малака оширишга юборишди. У малака ошириб қайтгач, Қорақалпоғистон Республикасининг бир қанча ту­ман­ларида мазкур лойиҳани амалга оширишда соҳа мутахассисларига амалий ёрдам кўрсатди.

Хонадонларимизда бизни зериктирмай, ҳаёт қувончлари ва ташвишларидан, дунё янгилик­ларидан хабардор этиб, маънавий-маърифий мавзулардаги суҳбатлар орқали муҳим тарбия­вий таъсир ўтказувчи телевидение кўрсатувларини бамайлихотир томоша қилиб, радио эфир тўлқинларидан таралаётган мусиқий оҳангларни завқланиб тинглаш ҳар биримиз учун одатий ҳолга айланган. Телевизорнинг пультини шунчаки қўлимизга олиб, хоҳлаган тугмачасини босиб қўйсак бас, телеканаллар ҳам, радио эшиттиришлар ҳам бир зумда кўз олдимизда намоён бўлади. Лекин ана шу қулайликни бизга тақдим этаётган инсонларнинг тун-у кун бетиним қилаётган фидойи меҳнатлари ҳақида, тўғриси, ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Фарҳод Камолов Ўзбекистондаги юзлаб ана шундай фидойилардан бири.

— Агар оила аъзоларим, Мақсудахон опангиз, онам ва фарзанд­ларим мени қўллаб-қувватлаб турмаганларида бутун ҳаётим ва меҳримни севимли касбимга бағишлаб ишлай олмасдим, барчаси учун оиламдан миннатдорман, — дейди у мамнуният билан.

Фарҳод Камолов хорижий сафарларга чиққан пайтларида фарзандларининг таълим-тарбияси ёлғиз Мақсудахон аяга қолиб кетар, буни умр йўлдоши оғринмай адо этарди. Айниқса, болаларининг таъминоти масаласида қанчалик қийналмасин, барчасини ақл-фаросат, сабр-қаноат билан енгиб ўтишга одатланган Мақсудахон ая умр йўлдошини хорижий сафарларга кулиб кузатиб, мамнуният билан кутиб оларди.

2016 йилда мамлакатимиздаги барча РТСларга рақамли технологияларни жорий этиш ишлари бошланди. Бу сафар РТСларга Японияда ишлаб чиқарилган ускуналар ўрнатиладиган бўлди. Энди соҳа мутахассислари олдида янги Япония технологияларини ишлаб чиқариш ва таъмирлаш жараёни билан танишиш ҳамда уларни амалиётда қўллаш бўйи­ча кўникмага эга бўлиш муаммоси турарди. Яна Фарҳод Камолов оила ташвишларини аёлига қолдириб, бир қанча вақт Япониянинг Фукусима шаҳридаги ўтказгичлар ишлаб чиқарадиган заводда ишлаб, малака ошириб қайтди ва ўзлаштирган билим ҳамда кўникмаларини соҳага муваффақиятли татбиқ этди.

У 32 йил давомида Манғит РТСга раҳбарлик қилди. Тарихан қисқа, лекин мазмунан залворли бу йиллар Фарҳод Камолов зиммасига халқни сифатли ахборот билан таъминлаш, улар ҳаётига тобора ўзгариб, такомиллашиб бораётган дунё янгиликларини шаффоф ҳолатда олиб кириш, радио-телеэфирлар сифатини яхшилашдек масъу­лиятли вазифани юклади. Фидойи ва машаққатли меҳнат, уйқусиз тунлар, ўқиш ва изланишлар, кетма-кет хорижий сафарлар заҳмати ортидан бу вазифалар ҳам бекаму кўст адо этилди.

Фарҳод Камолов айни пайтда нафақада, 13 нафар набиранинг севимли бобоси. Мақсудахон опа билан онажони, манғитликларнинг ардоқли устози, кўплаб шогирдларнинг мўътабар Валя опаси — Валентина Петровнанинг дуоларини олиб, кексалик гаштини сурмоқда. Айни пайтда умрининг 65 баҳорини қаршилаган Фарҳод Камоловнинг халқимизни сифатли ахборот билан таъминлашдек хайрли ишга қўшган машаққатли ва камтарин хизматларини биз — ОАВ соҳаси ходимлари юксак қадрлаймиз ва бу фидойи инсонга янада узоқ, сермазмун умр, сиҳат-саломатлик тилаймиз.

Робия Йўлдошева.

 

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Болалар саломатлиги назоратда: гижжа касалликларига қарши профилактика ишлари давом этмоқда Болалар саломатлиги назоратда: гижжа касалликларига қарши профилактика ишлари давом этмоқда 13.08.2026 Мустақилликнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Амударёда 49 та оилага қувонч улашилмоқда Мустақилликнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Амударёда 49 та оилага қувонч улашилмоқда 10.08.2026 Куйдирги касаллигининг олдини олишга қаратилган махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди Куйдирги касаллигининг олдини олишга қаратилган махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди 10.08.2026 Темир йўл соҳаси фахрийлари касб байрами муносабати билан дийдорлашдилар Темир йўл соҳаси фахрийлари касб байрами муносабати билан дийдорлашдилар 06.08.2026 Қорамон маҳалласида электр инфратузилмаси янгиланмоқда Қорамон маҳалласида электр инфратузилмаси янгиланмоқда 06.08.2026 Меҳнат фахрийси, жамоат арбоби Янгибой Ражаповнинг 80 йиллик юбилейи нишонланди Меҳнат фахрийси, жамоат арбоби Янгибой Ражаповнинг 80 йиллик юбилейи нишонланди 05.08.2026 Амударё туманида ғўза парваришига бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди Амударё туманида ғўза парваришига бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди 05.08.2026 Амударё туманида ободонлаштириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда Амударё туманида ободонлаштириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда 05.08.2026 “Инсон” ИҲМ ходимлари томонидан “Ёлғиз кекса” реестрига киритилган фуқароларнинг хонадонларида ҳашар ташкил этилди “Инсон” ИҲМ ходимлари томонидан “Ёлғиз кекса” реестрига киритилган фуқароларнинг хонадонларида ҳашар ташкил этилди 04.08.2026 Амударёда «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди Амударёда «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди 04.08.2026 Такрорий экинлардан мўл ҳосил олиш йўлида Такрорий экинлардан мўл ҳосил олиш йўлида 01.08.2026 Амударё туманида Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди Амударё туманида Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди 01.08.2026 Амударё туманида навбатдаги сайёр қабул: Аҳоли муаммолари жойида ўрганилди Амударё туманида навбатдаги сайёр қабул: Аҳоли муаммолари жойида ўрганилди 30.07.2026 Мустақиллик байрами олдидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда Мустақиллик байрами олдидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда 30.07.2026 Президент қарори ижроси: Амударёда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди Президент қарори ижроси: Амударёда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди 30.07.2026 Имконияти чекланган фуқаролар учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди Имконияти чекланган фуқаролар учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди 29.07.2026 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 22-сессияси тўғрисида ахборот Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 22-сессияси тўғрисида ахборот 29.07.2026 Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби 24.01.2025 САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР 14.01.2025 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди 12.05.2024 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди 15.08.2023 Сайлов жараёнидан видеолавҳалар Сайлов жараёнидан видеолавҳалар 24.10.2021 Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. 24.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони 17.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони 11.10.2021 Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда 17.07.2021 Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) 14.05.2021 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) 15.01.2020 "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) 21.12.2019 ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) 04.12.2019