ДОРИЛОМОН КУНЛАР ШУКРОНАСИ
Кексаларимиз дуога қўл очганларида энг аввало элда тинчлик-хотиржамлик бўлгай, дея тилак айтишлари бежиз эмас. Боиси улар нотинч, қаҳатчилик замонларни, урушларни кўрган, ҳар бир тонгни Аллоҳдан фронтдаги яқинларининг омонлигини сўраб қарши олишган, шаҳид бўлди, бедарак кетди, деган хабарлардан юраклари безиллаб қолган. Ҳа, улар тинчликнинг қадрини биздан кўра чуқурроқ англашади, қадрлашади.
Манғит шаҳрининг "Дўстлик” маҳалласида истиқомат қилувчи Ражаб ота Казаков эл осойишталиги учун Иккинчи жаҳон урушида жонини аямай жанг қилган жасур ўғлонлардан бири.
У айни куч-қувватга тўлган навқирон 22 ёшида, ҳозирги "Ўрта қалъа” овули ҳудудидаги хўжаликда табелчи, ҳисобчи ёрдамчиси бўлиб ишлаб юрганида уруш бошланганлиги тўғрисида мудҳиш хабар тарқалди. Ҳамманинг кўнглига ғулғула солган хабардан ҳафта ўтмаёқ забардаст, интилувчан ва жасур йигитлар бирин-кетин ҳарбий хизматга чақирила бошлади. У 1942 йилнинг 18 июнь куни армияга йўл олди. Қисқа муддатли тайёргарлик машқларининг ўзидаёқ уруш даҳшатларини юрак-юракдан ҳис этди. Жанггоҳлар эса... беаёв, беомон эди. Воронежни, Украинани душманлардан озод қилишда қатнашган Ражаб Казаков 1944 йилда ярадор бўлиб, сафга яроқсиз бўлиб қолгани учун Манғитга қайтди. Қайтиб келгач, анча муолажалардан сўнг яна аввалги ишини давом эттирди. Бири биридан меҳрибон ва оқил 7 нафар ўғил, икки нафар қизнинг отаси бўлди.
- Невара, чевараларим саноғидан адашиб кетаман, баъзан. Буям Яратганнинг бир инояти. Шуларни берганига шукр, тинч-осойишта кунларимизга шукр.
Отахоннинг тилидан шукронаси тушмайди. Атрофида зурриётлари парвона бўлиб, эл-юртнинг шунчалик ҳурмат-эҳтиром кўрсатаётганидан, эъзозлаётганидан, Амударё хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқитувчилар ва ўқувчилар жамоаларининг доимий хабар олиб турганидан жисмига қувват киргандай бўлади, 96 ёшга кирса-да чўзилиб ётгиси келмайди.
Элчиликда, тўй маърака кўп. Қолаверса, отахон жисмонан ва руҳан чарчоғини ёзадиган томорқаси, ҳовлиси атрофини ўраб турган мевали, манзарали дарахтлари бор. Уларга қараш, ишлов бериш – энг севимли машғулоти. Биз отахон билан – илоё шу ғайратингизга кўз тегмасин, яна узоқ умр кўринг, - дея тилак тилаб хайрлашдик.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶