Сайёр суд мажлисида ҳуқуқбузарларга нисбатан қарорлар қабул қилинди
Жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш давлатнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб, бу борада ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз муносабат ҳамда жавобгарликнинг адолатли белгиланиши муҳим аҳамият касб этади. Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида одил судловни аҳолига яқинлаштириш, ишларни очиқ ва ошкора кўриб чиқиш амалиёти изчил кенгайиб бормоқда.
2025 йилдан бошлаб туман судларида фаолият юритаётган тергов судьялари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўпинча сайёр тарзда, жамоатчилик кўз ўнгида кўриб чиқмоқда. Бу эса нафақат жазо тайинлаш, балки аҳоли ўртасида қонун талабларига амал қилиш маданиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Амударё туман Ички ишлар бўлимининг мажлислар залида Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг тергов судьяси Донахон Юсупова раислигида, судья ёрдамчиси Айгул Шамшетованинг котиблигида очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда туман Ички ишлар бўлими томонидан тақдим этилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш материаллари кўриб чиқилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида назарда тутилган майда безорилик ҳуқуқбузарлигини содир этган 14 нафар шахсга нисбатан тўпланган материаллар атрофлича ўрганилди. Натижада 4 нафар шахсга маъмурий қамоқ, 9 нафар шахсга эса маъмурий жарима жазоси тайинланди.
Шу ўринда айтиш керакки, ушбу тоифадаги ишлар бўйича қолган 1 нафар шахсга нисбатан иш юритиш тугатилди. Ҳуқуқбузар жабрланувчи билан ярашганини ҳамда бу ҳолат Кодекснинг тегишли моддасида назарда тутилганини инобатга олган ҳолда, суд мазкур қарорни қабул қилди.
Бундан ташқари, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юрганлиги учун Кодекснинг тегишли моддаси билан жавобгарликка тортилган 1 нафар шахсга маъмурий жарима жазоси белгиланди.
Шунингдек, милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ҳамда болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик ҳолатлари юзасидан тўпланган материаллар бўйича ҳам айбдорларга нисбатан қонуний қарорлар чиқарилди.
Хулоса қилиб айтганда, бундай очиқ мажлислар ҳар бир қилмишга ўз вақтида ва холис ҳуқуқий баҳо берилишини таъминлаб, жазонинг муқаррарлиги тамойилини амалда намоён этади. Энг муҳими, бугун арзимасдек туюлган қоидабузарликка бефарқ қаралмаслиги эртага оғирроқ жиноятларнинг олдини олишга, тинч ва хотиржам муҳитни асрашга хизмат қилади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶